Сифатли танланган уруғ ва кўчат – мўл ҳосил гарови
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бугунги куннинг муҳим масалаларидан бири. Бу борада Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, мевачилик, сабзавотчилик, узумчилик ва картошкачиликни талаб даражасида ривожлантиришга эътибор қаратиляпти.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан боғ, токзорлар яратиш, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш тадбирлари алоҳида назоратга олинган.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси матбуот котиби Зулфия Бобоеванинг берган маълумотига кўра, вилоятда ўтган 2020 йилда 773 гектар боғ, 580 гектарда янги токзор ташкил этилди. 2021 йилда эса 3232 гектар жойда янги боғ, 3876 гектарда интенсив усулда янги токзорлар ташкил этиш бўйича 480 нафар лойиҳа ташаббускори танлаб олинган. Шунингдек, 2359 гектарга сабзавот, 533 гектарга полиз экинлари ва 705 гектар майдонда картошка экилиши режалаштирилган.
Маълумки, вилоят аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Вилоят бўйича жами 12 786 гектар томорқа мавжуд бўлиб, ундан тўлақонли фойдаланиш сабзавот, картошка ва полиз экинларидан юқори ҳосил олишни таъминлайди.
Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, сабзавот ва меваларнинг дастурхонда доимий бўлиши оила аъзоларининг жисмоний соғлом бўлишини таъминловчи муҳим омилдир. Шу билан бирга, ортиқча маҳсулотни сотиш орқали оила бюджетига қўшимча сармоя киритилади.
Сабзавот, полиз ва картошка экинлари маҳсулотига бўлган талаб кундан-кунга ўсиб бормоқда. Шуни эътиборга олган деҳқонларимиз юқори сифатли маҳсулот олиш учун курашмоқда. Айниқса, шаҳар ва туманларда иссиқхоналарнинг кўплаб қурилиши аҳолини қиш пайтларида ҳам витаминларга бой сабзавотлар билан таъминлашга хизмат қилади. Аммо бу айтилгани қадар осон иш эмас, унинг ҳам ўз сир-синоатлари бор.
– Бугунги кунда деҳқон ва фермер хўжаликлари далада сабзавот, полиз ва картошка экиш учун ер тайёрлаш, кўчат ва уруғликларни жамғаришга киришган, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармасининг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори Аббос Ризоқулов.
– Афсуски, айрим ҳолларда деҳқонларимизнинг эътиборсизлиги туфайли нави, авлоди аниқ бўлмаган, сараланмаган, зараркунанда ва касалликларга қарши дориланмаган мевали кўчатлар, сабзавот-полиз, картошка уруғларидан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилади. Натижада, сертификатланмаган уруғлар замбуруғли касалликлар, колорадо қўнғизи, симқуртлар ва бошқа ҳашаротларнинг тарқалишига сабаб бўлиб, экинларга зарар келтирмоқда.
Шуни эътиборга олган ҳар бир сабзавот етиштирувчи ва фермер деҳқон хўжаликлари зараркунанда ва касалликларнинг тарқалишини олдини олиш бўйича бирламчи билимларга эга бўлиши керак. Хусусан, картошка уруғини танлаш учун биринчи навбатда унинг нави, уруғнинг пиндиқлагани (нишлаганлиги), касалланмагани ёки чиримаганлиги ва зараркунандалар билан зарарланмаганлигини аниқлаш керак.
Қўшни вилоятдан келтирилган бўлса, ҳудудий Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси назоратидан ўтганлиги тўғрисидаги фитосанитар сертификати мавжудлигини сўраш лозим. Чет давлатлардан келтирилган бўлса, тегишли давлатнинг мувофиқлик сертификати борлигини талаб қилиш зарур. Шунингдек, экишга яроқлилик муддати ўтган-ўтмаганлигига ҳам эътибор қаратиш керак.
Маҳаллий деҳқонлар томонидан етиштирилган уруғлардан биринчи навбатда унинг тозалиги, зараркунандалар билан зарарланмаганлигига ишонч ҳосил қилгач, сўнг намуна олиб унувчанлигини лабаратория шароитида синаб, экишга яроқлилиги хулосаси бўйича экиш тавсия этилади.
Айни пайтда бозорлар ва хусусий савдо дўконларида сотилаётган кўчатлар, картошка, сабзавот ва полиз экинларининг сифати ва экишга яроқлилиги назорати бўйича Инспекция вилоят бошқармаси, туман бўлимлари инспекторлари томонидан доимий равишда тадбирлар ўтказилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА