Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида халқимизнинг орзу-истаклари акс эттирилгани, юртимизнинг 2023 йилдаги ва яқин келажакдаги ривожланиш стратегияси белгилаб берилганлиги барчамизни қувонтирди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз ислоҳотлар охир-оқибат инсоннинг ҳаётини, соғлигини, фаровонлигини таъминлашга қаратилгани ва бунинг замирида албатта таълим ётишини, таълим барча соҳаларнинг пойдеворини яратиб беришини доим таъкидлаб келган.
Президент Мурожаатномада келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни олти йўналиш мисолида аниқ кўрсатиб ўтди.
Айниқса, таълим соҳасини янада ислоҳ қилиш, таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш бўйича билдирилган конструктив фикрлар эътирофга молик. Зеро, ривожланган давлатларнинг тараққиёт тажрибаси шуни кўрсатадики, қаерда таълимга, илм-фанга яхши шароит яратилган бўлса, ўша ерда ҳар томонлама етук ва ватанпарвар кадрлар етишиб чиққан.
Шу мақсадда таълимнинг барча йўналишларида қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда ва бу ўзгаришлар таълим соҳасида сўнгги 5-6 йил давомида амалга ошириб келинаётган тизимли ўзгаришларнинг навбатдаги илмий асосланган ва натижаси кафолатланаётган босқичидир. Таҳлилларга қарайдиган бўлсак, Бундан беш йил муқаддам олий таълим муассасалари сони 78 та бўлган бўлса, бугуни кунда бу рақам 198 тани ташкил этмоқда. Талабалар сони 300 минг нафардан, 2022 йилга келиб 956 минг нафарга етди.
Таққослаш учун давлат буюртмаси асосида ўқиётган талабалар сони 2017 йилда 106 минг нафарни, 2022 йилда эса 160,7 минг нафарни ташкил этаётгани, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етганлигини кўрсатади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнларига малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш, замонавий таълим методларидан фойдаланиб, талабаларни янгича фикрлашга ўргатиш, университет илмий салоҳиятини ошириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, университет илмий салоҳияти 2021 йилдаги 23,6 фоиздан, 2022 йилда 28,3 фоизга кўтарилди. 45 нафар изланувчилар фалсафа докторлик (PhD) диссертацияларини, 6 нафар изланувчилар фан докторлик (DSc) диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2021 йилда 8 та илмий-амалий анжуманлар ташкил қилинган бўлса, 2022 йилда 11 та илмий анжуманлар ташкил қилинди, 2 та илмий лойиҳа бажарилди.
Халқаро журналларда 178 та, республика журналларида 240 та мақола, 22 та монография ҳамда Scopus ва Web of Science халқаро илмий-техник базаларига кирган журналларда 5 та мақола нашр қилинди.
Университетда иқтидорли талабалар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, 120 нафар талаба иқтидорли талабалар сафига қабул қилинди, 15 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ғолиби бўлди. Бу кейинги йилларда таълимга қаратилаётган эътибор ва таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасидир.
Университет профессор-ўқитувчилари яратилган ишланма ва ихтироларга 16 та патент ҳамда муаллифлик гувоҳномалари олинди. 2022 йилда қабул қилинган мустақил изланувчилар сони (PhD) 221 нафарга ҳамда фан докторлик диссертациялари устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган изланувчилар сони (DSc) 30 нафарга етди.
Университетимиз Times Higher Education халқаро рейтинг ташкилотининг 2022 йил учун эълон қилган рейтингидан (THE Impact Ranking 2022) ўрин эгаллади.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, мамлакат аҳолиси ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом фикрга эга бўлган ёшларни тарбиялаш, барча аҳоли қатламлари учун спорт-соғломлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети олдида бир қатор муҳим вазифалар мавжуд.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича чора-тадбирларни амалиётда фаол қўллаш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб университет ва унинг филиалларида ўқув машғулотлари ва маҳорат дарсларини ўтказиш ҳамда ўқув жараёнида иштирок этиш учун спорт федерация (ассоциация)ларнинг етук малака ва тажрибага эга бўлган мутахассислари жалб қилиш белгиланган.
“Менежмент (жисмоний тарбия ва спорт менежменти)”, “Менежмент” ва “Маркетинг” бакалавриат таълим йўналишлари битирувчи талабаларининг амалиёти яшаш ҳудудидаги маҳаллаларда Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тегишли спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақаларини ташкил қилиш орқали амалга оширилади.
Иқтидорли битирувчиларнинг битируволди амалиёти уларни миллий терма жамоаларнинг хорижда ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда халқаро мусобақалар жараёнига жалб этиш орқали ташкил этилади. Талабаларнинг ўзлаштирган билими, малака ва кўникмаларини амалиётда қўллаш даражасидан келиб чиқиб, иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали тренер малака тоифасини белгиловчи гувоҳнома бериш жорий этилади.
Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида 2023 йил 1 январдан бошлаб Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади. Университетнинг жозибадорлигини ошириш учун жаҳондаги етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, шаффоф қабул жараёнини ташкиллаштириш, таҳсил олаётган хорижий талабалар сонини 2 бараварга кўпайтириш назарда тутилган.
Университетда олимпия спорт фаолияти бўйича йўналишлар сонини 20 фоизга, ноолимпия спорт фаолияти бўйича йўналишлар сонини 60 фоизга ошириш режалаштирилган. Университет профессор-ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини доимий ривожлантириб бориш мақсадида ҳар йили камида 10 нафар профессор-ўқитувчиларнинг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташи тизимини йўлга қўйиш, таълим жараёнига хорижий давлатларнинг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш белгиланган.
Бу улуғвор вазифаларни амалга ошириш катта куч, улкан салоҳият ва меҳнат талаб қилади, албатта. Биз биргаликда, жипсликда ҳаракат қилсак куч ҳам, салоҳият ҳам, имконият ҳам топилади.
Баҳром МУСАЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия
ва спорт университети
Илмий ва инновациялар бўйича проректор
ЎзА