Пойтахтимизда жойлашган “Шодлик” меҳмонхонасида Ўзбекистондаги Гёте институти билан ҳамкорликда Халқ таълими тизимидаги педагоглар ва психологлар учун 5 кунлик семинар дарслари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 17 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор мажлиснинг 65-сонли баёнида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция ва бошқа мамлакатларнинг ёшларнинг хорижий тиллар, касбий ва нокасбий кўникмаларини ривожлантириш бўйича грант дастурлари, қўшма лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чораларни кучайтириш белгиланган.
Мазкур масалаларга мос равишда Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистондаги Гёте институти ҳамкорликда бир нечта ҳудуддаги пилот мактабларда ўқувчиларни касбга йўналтириш, немис тилини чуқурроқ ўрганиш, келгусидаги касб карьераси бўйича иншолар танлови, Ўзбекистон-Германия қўшма корхоналарига экскурсиялар, меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш юзасидан қўшма лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
– Ҳозирги вақтда юксак билимли ва замонавий фикрлайдиган ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришда, албатта, таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагог ходимларнинг касбий билим ва маҳорати муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистондаги Гёте институти директори Ян Ҳелфер. – Шу боис, лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда уни пилот тарзда амалга ошириш бўйича “Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш жараёнида немис тилининг аҳамияти” мавзусида жорий йилнинг 16-20 август кунлари турли вилоятлардан 10 нафардан ташриф буюрган немис тили ва технология фанлари ўқитувчилари ҳамда психологлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.
Бундан мақсад ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш жараёнида педагогларнинг ва психологларнинг ҳамкорлигидаги лойиҳаларни ташкил этишдан иборат.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар ва китоблар тўплами совға қилинади. Шунингдек, педагоглар ва психологларнинг семинар-тренингдан бўш вақтларида маданий ҳордиқ чиқариши учун шароит ҳам яратилган.
[gallery-3438]
Файзулло Яҳёев, ЎзА