Фармон ва ижро
Бўка туманида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сифатли сабзавот маҳсулотлари етиштириш юзасидан амалий семинар ўтказилди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда мазкур тумандаги қишлоқ хўжалигига алоқадор мутахассислар, тадбиркорлар, томорқа ер эгалари қатнашди.
Асосий эътибор, Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ижросига қаратилди. Ҳудуддаги Қозоқовул маҳалласи “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот етиштириш йўлга қўйилмоқда.


Шуни эътиборга олиб мутахассислар томонидан мазкур маҳалла аҳолиси билан суҳбат ташкил этилди. Томорқачиликни ривожлантириш мақсадида бириктирилган тадбиркор томонидан булғори кўчатларини парваришлаш, етиштириладиган ҳосилни эса белгиланган нархларда сотиб олиш борасида таклифлар берилди. Жараёнда карантин инспекторлари ва агрономлар томонидан мавсумда зарур агротехник ишларни бажариш борасида фикрлар айтилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Фурқат Муҳайминов туманда фаолият юритаётган инспекторлар билан суҳбатлашиб, ўсимликларнинг мавсумий касалликларга қарши самарали иш ташкил қилиш, айниқса, бу жараёнда кўчма лаборатория имкониятларидан самарали фойдаланиш кераклиги таъкидланди. Шу ерда аҳоли эҳтиёжига кўра юқори ҳосил берувчи булғори қалампир кўчатлари бепул тарқатилди ва ҳосилни сотиб олиш учун тадбиркор билан шартномалар тузилди.

– Аҳолининг томорқачиликдан даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими инспектори Жамол Жўраев. – Бу ҳудудлар драйвери асосан деҳқончилик бўлиб, сабзавотдан ташқари дуккакли экинлар ҳам мунтазам экилади. Вазифамиз томорқа эгаларига етиштирган маҳсулотларнинг сифатлилигини таъминлаш ва ички бозордан ташқари экспортга ҳам йўналтиришга кўмаклашишдир.
Шунингдек, туманнинг олис ҳудудида жойлашган Чўлобод маҳалласида ҳам шундай амалий мулоқот ташкил этилди. Унда масъуллар томонидан аҳоли томорқалари имкониятларидан самарали фойдаланиш, карантин инспекторлари билан ҳамкорликда ишлашни мунтазам йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.

А.Мусаев,ЎзА