Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Олтинтепа Ғишт Инвест” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган ғишт маҳсулоти юқори сифатлилиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Замонавий технологиялар асосида тайёрланаётган ғиштлар айни пайтда Гулистон ва Сайхунобод туманлари, шунингдек, Гулистон ва Бахт шаҳарларидаги турли қурилиш объектларида кенг қўлланилмоқда. Маҳсулотга бўлган талаб йилдан йилга ортмоқда.

– Бизнинг асосий устунлигимиз сифатли хомашё ва тўғри ишлаб чиқариш технологиясини танлаганимизда, – дейди корхона раҳбари Дониёржон Тошматов. – Ғишт таркибига 30 фоиз миқдорида қўшиладиган каолит моддаси уни янада мустаҳкам, пишиқ ва чидамли бўлишини таъминлайди.
Корхонада бир кунда 20 минг дона хом ғишт тайёрланади. Улар махсус юқори ҳароратли печларга жойлаштирилади ва 2000 даражада пиширилади. Бир вақтнинг ўзида 120 мингта ғиштни сиғдира оладиган бу печлар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ишчилар учун муносиб меҳнат шароити яратилган. Овқатланиш, дам олиш, махсус иш кийимлари, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва ижтимоий кафолатлар тўлиқ таъминланган. Маош иш ҳажми ва натижага қараб белгиланган.

Экологик барқарорлик корхонанинг яна бир муҳим устувор йўналиши. Ҳавога чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш мақсадида фильтрлаш тизими жорий этилган. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида қуёш панеллари каби қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Қуввати 50 киловатт бўлган бу тизим нафақат электр таъминоти барқарорлигини таъминламоқда, балки маҳсулот сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

– Янги технологиялар, экологик ёндашув ва ишончли жамоа — биз танлаган йўл шу. Бу нафақат корхона, балки тўғридан-тўғри ҳудуд ривожига ҳам хизмат қилади, – дейди Дониёржон Тошматов.
“Олтинтепа Ғишт Инвест” — бу маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва қурилиш соҳасидаги сифатни кафолатлаш йўлидаги муваффақиятли тажриба намунаси ҳисобланади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири