Сифатли хизмат кўрсатиш долзарб масала
Термизда меҳмонхона ва уй меҳмонхоналар, туроператорлар ҳамда гид-таржимонлар учун сайёҳларга хизматлар кўрсатиш турини кўпайтириб, сифатини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Термизда меҳмонхона ва уй меҳмонхоналар, туроператорлар ҳамда гид-таржимонлар учун сайёҳларга хизматлар кўрсатиш турини кўпайтириб, сифатини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор туфайли туризм мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида ҳам юртимизнинг туристик имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишнинг муҳим йўллари белгилаб берилгани қайд этилди.

Бу жараёнда Сурхондарё вилояти ҳам олис ўтмишдан сўйлайдиган тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, бетакрор манзараларга бой тоғу даштлари, шифобахш сувлари билан маҳаллий ва хорижлик меҳмонларни мафтун этадиган, сайёҳларга ўзгача завқу шавқ улашадиган бетакрор гўшага айланмоқда. Жумладан, 2016 йил вилоятга дунёнинг 64 давлатидан 7 минг 300 дан ортиқ, 2017 йил 67 мамлакатдан тўққиз мингдан зиёд сайёҳ келган бўлса, ўтган йили воҳада 114 хорижий давлатдан 120 мингга яқин сайёҳ меҳмон бўлди. Бу 2018 йилга нисбатан 3,7 бараварга кўп. Маҳаллий сайёҳлар сони ўн бараварга ошиб, қарийб 502 минг нафарни ташкил этди.
Бой сайёҳлик салоҳиятга эга вилоятнинг туризм соҳасини янада ривожлантириш учун ўтган йили маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан 2 миллиард 200 миллион сўм ўз маблағлари ва 1 миллиард 900 миллион сўм банк кредитлари ўзлаштирилиб, 12 лойиҳа амалга оширилди. 144 янги иш ўрни яратилди. Хусусан, 579 ўринга эга 13 меҳмонхона фойдаланишга топширилиб, меҳмонхоналар 46 тага, улардаги ўринлар сони қарийб 2000 тага етказилди. 571 меҳмонни қабул қилиш қувватига эга 66 оилавий меҳмон уйлари яратилиб, уларнинг сони 65 тани, ўринлар 580 тани ташкил этди. Хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга 28 туроператор, 5 нафар гид-таржимон хизмат кўрсатди.

Туристлар 572 ўринли 24 туристик синфга мансуб 6 микроавтобус, 16 автобус ва 2 электромобиль хизматидан фойдаланди.
Семинарда меҳмонхоналарда сайёҳларга хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, хизматлар кўрсатишга хорижий тилларни биладиган ходимларни ишга жалб этиш, уларнинг малакасини ошириш, бошқа вилоятлардаги меҳмонхоналар ходимлари билан ўзаро тажриба алмашиши учун қулай имкониятлар яратиш, ижтимоий тармоқларда меҳмонхоналарда яратилган шароитлар, қулайликларни кенг тарғиб қилиш, туроператорлар билими ва кўникмасини мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Семинарда иштирокчилар муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди. Уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.