Сифат стандарти – иқтисодий тараққиёт омили
Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, халқаро сифат стандартлари асосида фаолият кўрсатишга бўлган эътибор туфайли маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратилмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, халқаро сифат стандартлари асосида фаолият кўрсатишга бўлган эътибор туфайли маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратилмоқда. Бунда сифатни бошқариш тизимлари жорий этилаётгани алоҳида аҳамият касб этаётир.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 26 мартдаги “Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини жорий этиш янада кенгайди.
– Мамлакатимизда сифатни бошқариш тизимларини жорий этган корхоналар сони икки мингга яқинлашди, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Республика синов ва сертикафатлаштириш маркази халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат менежменти тизимларини жорий этиш бўлими бошлиғи Азиз Расулов. – Бу стандарт истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган маҳсулотларнинг камайиши, ишлаб чиқарувчилар устидан сифат бўйича доимий назоратни амалга ошириш имконини беради.
Пойтахтимизда фаолият юритаётган “Master delikates” масъулияти чекланган жамияти ISO 9001 сертификатига эга бўлгач, фаолияти янада ривожлана бошлади. Бир пайтлар 10 ходим билан кунига 200 килограмм гўшт ва колбаса маҳсулотлари тайёрлаган кичик цех бугун йирик ишлаб чиқариш корхонасига айланди.
– Давлатимиз томонидан тадбиркорларга янги технологиялар олиб киришда катта қулайлик ва имтиёзлар берилгани ривожланишимизга катта туртки берди, – дейди “Master delikates” масъулияти чекланган жамияти таъминот бўйича ижрочи директори Баҳодир Набихонов. – Замонавий технологиялар ишлаб чиқаришимиз кенгайиши, халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритишимизга олиб келди. Ҳозир юздан ортиқ киши меҳнат қилаётган корхонамизда кунига олти тоннагача ўнлаб хил колбаса ва гўшт маҳсулотлари тайёрланмоқда. Ўтган йили 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Жорий йилда экспорт ҳажми бир неча баробар ошиши кутилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш борасида “Ўзстандарт” агентлиги изчил фаолият кўрсатмоқда. Экспорт қилувчи корхоналарга, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектларига маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш масалаларида кўмаклашиш бўйича ихтисослашган тузилмалар ташкил этилган.
Ишлаб чиқарувчиларга қулай шароит яратиш мақсадида агентликнинг барча ҳудудий марказларининг веб-сайтларида корхоналар учун сифат тизимларини жорий этишга оид ҳужжатлар намуналари жойлаштирилган. Ушбу масалада тадбиркорлик субъектларидан онлайн ариза қабул қилиш йўлга қўйилган. Мурожаатларнинг интерактив қабул қилиниши уларнинг вақти ва маблағи тежалишига имкон бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида тизимда стандартлаштириш соҳасидаги тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди. Хусусан, ҳужжатларни экспертиза қилиш муддати 15 кундан 10 кунгача, давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 5 кундан 3 кунгача қисқартирилди. “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Республика товар хомашё биржаси ўртасида онлайн иш юритиш тизими йўлга қўйилгани сабабли тадбиркорлардан ортиқча ҳужжат талаб этилишига чек қўйилди.
Яратилаётган имкониятлар туфайли 2015 йилда 748 корхона халқаро стандартлар талаблари асосида сертификатлаштирилди.
Айни пайтда агентликнинг ўттизга яқин сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги халқаро миқёсда тан олинган.
“Ўзстандарт” агентлиги Халқаро стандартлаштириш ташкилоти, Давлатлараро стандартлаштириш кенгаши ва Давлат метрологик муассасаларининг Евро-Осиё ҳамкорлигининг тўлақонли аъзоси.
Улар билан тузилган битимларга асосан 50 мингга яқин халқаро стандартлардан фойдаланиш имкони яратилган. Синов ва сертификатлаштириш, назорат ва экспертиза соҳасида йирик инспекция компанияси “Societe Generakde Surveillance” (SGS) билан имзоланган келишувга кўра озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари синов натижаларининг 140 дан ортиқ давлатда тан олинишига йўл очилди.
Сирдарё вилоятида Хитойнинг “Brass Industry Co.Ltd.” компанияси билан биргаликда инвестиция ҳажми 800 минг доллар бўлган замонавий ускуналар билан жиҳозланган қурилиш материаллари ва электротехника маҳсулотларини синаш бўйича лаборатория фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда сертификатланган маҳсулотлар каталоги яратилмоқда. Унинг электрон қидирув тизимига киритилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.