Шуша Глобал медиа форумининг иккинчи куни
Шуша шаҳрида 50 мамлакатдан 150 нафар хорижлик меҳмон, жумладан 30 давлат етакчи ахборот агентликлари, 3 халқаро ташкилот ва 82 медиа-субъектни бирлаштирган II Глобал медиа форум давом этяпти. Табиийки, иштирокчилар сафида Озарбайжонлик соҳа мутахассислари, расмийлар ҳам бор.
Хусусан, давлат раҳбарининг ёрдамчиси – Президент Администрацияси ташқи сиёсат масалалари бўйича бўлим бошлиғи Ҳикмет Гажиев форум қатнашчиларига йўллаган расмий табрикномасида кучли мулоқот воситаси сифатида ахборотдан тўғри фойдаланиш жиддий масала эканини таъкидлади. Соҳа рақамлаштирилиши ахборотни ишлаб чиқариш ва тарқатиш жараёнига жадаллик олиб кирди. Шу билан бирга ахборот майдони “тозалиги”га ҳам салбий таъсир кўрсатди. Унинг фикрича, сохта маълумот янгиликни манипуляция қилиш имконини беради ва бу жараёнда асосий жабрланувчи ОАВ ва журналист бўлиб қолади.

ОАВ сунъий онг билан боғлиқ жараёндан ортда қолаётганига урғу берган Х.Гажиев БМТ ва бошқа ташкилотлар билан янада яқин ҳамкорлик қилиш зарурати ҳамда ишончли маълумот тарқатиш муҳимлигини эътиборга олиб, атамашунослик (терминология) соҳасида олдинда муҳим ишлар турганини қайд этди.

Озарбайжон Миллий матбуотининг 149 йиллиги муносабати билан ташкил этилган анжуман доирасидаги муҳокамаларда сунъий интеллектнинг соҳага таъсири, тарқатилган сохта хабарнинг оқибати, фейкка чидамли жамият барпо этиш, медиа саводни ошириш каби масалалар юзасидан фикр, тажриба алмашилди. Мунозараларни йирик телекомпаниялар, ахборот агентликлари, медиа-холдинг вакиллари бошқариб боришди.
Форумда БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси 29-сессияси – СОР29 муносабати билан амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари, давлатлар даражасида ўтказилаётган иқлим ўзгариши оқибатига қарши кураш хусусида ҳам маълумот берилди.
Дурдона Солиҳова, ЎзА
Шуша шаҳри, Озарбайжон