“Шум бола”ни Америкада ҳам ўқишлари мумкин
Бугун хорижий тилларни билиш оддий ҳолга айланган. Аммо бошқа халқ вакилларининг ўзбек тилида сўзлашиши ҳар доим ҳам қулоққа чалинавермайди.
Ана шундай инсонлардан бири, америкалик таржимон Кристофер Фортни юртимизда танийдиганлар кўпайиб бормоқда. У ёш бўлишига қарамай, кўплаб халқ зиёлилари, ёшларнинг қадрдон дўстига айланиб улгурган.
Ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини ошириш долзарб бўлган бугунги кунда уммон ортида туриб ўзбек тилини ўрганаётган, ҳам ёшларга ўргатаётган инсонлар сафи кенгаяётгани кишига ғурур бағишлайди.
Мухбиримиз таржимоннинг ўзбек тилига эътибори ҳақидаги фикрларини ёзиб олди.
– Ўзбек тилини ўргана бошлаганимга ўн йилча бўлди. Илгари грамматик жиҳатдан ўзлаштирган бўлсам, таржима билан шуғулланганим сари ушбу туркий тилнинг бадиий имкониятларини ҳам кашф этаяпман, – дейди Кристофер Форт.

Тил ўрганишни илк бор университетда илмий раҳбарим тавсия қилган эди. Домлам туфайли ушбу тилнинг сўз бойлиги, илдизи мустаҳкамлигини, бугун ҳам Марказий Осиёнинг катта ҳудудида истеъмолда эканини билдим. Кейинчалик Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари буюк адиблар ижод қилган тилга меҳрим тобора ошди. Қийинчиликларга қарамай, ўрганишдан тўхтамадим. Мана, бугун ўзбек тилида эркин сўзлашаман, ёзаман, романларни таржима қила оламан.
Ўзбекистон – адабиёт ва санъат ватани. Бу юртга уч марта келган бўлсам, ҳар доим мана шу икки соҳага давлат эътибори юқорилиги, шу билан бирга халқингизнинг адабиёт ва санъатга меҳри кучлилигини сезганман. Айниқса, Фарғона водийсига, Самарқанд, Бухорога борганимда бу яққол сезилган.
Сизларда Навоий, Қодирий, Чўлпонни ҳамма танийди, уларнинг ижоди мактаб, лицей, олий ўқув юртларида ҳаммага бирдай ўқитилади. Бизда, Америкада эса ҳар хил мактабларда ўқиган болалар турли ёзувчи-шоирлар ижодини ўрганади. Аслида, миллат фидойиларини барча билиши керак.
Ўзбекистонда аждодлар ва уларнинг ижодий меросига ҳурмат жуда юқори. Бу эса юрт ва миллат тараққиётига муҳим пойдевор, десам янглишмайман.
Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”ини, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романини инглиз тилига ўгирганимдан сўнг кўпчилик энди нима билан бандлигимга қизиқиш билдирди. Айниқса, талабаларим орасида тилга қизиқувчилар ортди. Хусусан, Кики Грей исмли талабам айни кунларда ўзбек шоиралари шеърияти бўйича илмий иш бошлаган. Бу, албатта, мени қувонтиради.
Тўғрисини айтсам, Навоийдан таржималар қилиш режам бор, аммо бу ҳозирча мен учун бироз мушкул. Яқин орада Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сини инглиз тилига таржима қилиш ниятидаман.
Юлдуз Ўрмонова суҳбатлашди