Ўзбекистоннинг янги сиёсатида либерал демократия тамойилларининг устунлиги ижтимоий сиёсий ҳаётида қўрқув ва талвасага тобора берилиб бораётган жамиятда бирданига катта резонанс тўлқинини юзага чиқара бошлади.
Буни мамлакатнинг душман қиёфасини чизган давлатлар билан бирданига аҳиллик ришталарини боғлашида, ички ижтимоий ҳаётда яшаш учун енгиллик берилишида (конвертация, прописка, фуқаролик ва ҳ...), ОАВга буткул эркинликни очиш каби ўзгаришлар мисолида кўриб турибмиз.
Шунингдек, янги сиёсат ўзини мавжуд сиёсий тузумга мухолиф санаган шахсларга, кескин қарашлари ва танқидлари билан танилган журналист ва сиёсатчилар учун эски тузумдан батамом фарқли очиқ жамият сифатида бағрини очмоқда. Ва ўз ўрнида, эркин жамият ривожи учун барча бирдек масъул эканини айтмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳридаги “Ҳамар” бадиий галереяси кўргазмалар залида бир неча йилдан буён Америкада истиқомат қилаётган асли ўзбекистонлик таниқли журналист ва рассом Шуҳрат Бобожон асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Биз Шуҳрат Бобожон билан ана шу Янги Ўзбекистоннинг янги сиёсати, жамиятдаги ўзгаришлар, турфа қарашлар, кўргазма ва ўзи ҳақида суҳбатлашдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7oh3DN6B1Bg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>— Мазкур концептуал кўргазма «Гилам устидаги уруш» деб номланади, – дейди рассом Шуҳрат Бобожон. — Ўтмишга назар солсак, дунёдаги энг биринчи рассом ғор девори ичига расм чизар экан биринчи бўлиб, найза ушлаб турган одамнинг суратини чизганига гувоҳ бўламиз.Биз ҳам худди шундай «Биринчи рассом»нинг анъанасини давом эттириб, дунёда бўлаётган ҳодисаларни суратларда акс эттиришга ҳаракат қилдик.
Кўргазмада дастлаб 11 та суратдан иборат эди. Кейинчалик улар сафига менинг Ўзбекистон музейларида сақланаётган 22 та суратим ҳам қўшилди. Мазкур суратларни 18 ёшимдан то бугунгача бўлган даврда чизганман. Қолаверса, 45 ёшини нишонлаётган «Ҳамар» галереяси учун ҳам «Гилам устидаги уруш» ўзига хос туҳфа бўлди.
Кўргазмада менинг 1983 йил Бойсунда чизган суратларим ҳам ўрин олди. Йиллар давомида бир жойда сақланган суратларнинг ҳолатига чанг ва вақт таъсир ўтказади. Ташкилотчилар катта маблағ ва меҳнат эвазига ушбу расмларнинг сифатини яхшилади. Булар ҳам Ўзбекистон музейларига фақат фойда келтиради, чунки кўргазмадан сўнг суратлар яна музей захираларига қайтади.
Шу ўринда музейлар масаласида таклифимни айтиб ўтсам: Ўзбекистонда музей захираларининг ҳолатини яхшилаш керак. Масалан, яқинда Урганчдаги кўргазмада томдан чакки ўтаётган экан. Бундай шароитда нам ҳаво, ёмон шароит ноёб суратларнинг асл ҳолатига ёмон таъсир қилади.
Афсуски, ўша кўргазмада нафақат менинг, Ўзбекистон халқ рассомларининг ҳам суратлари турганди... Айниқса, вилоятлардаги музейларнинг ҳолати анча яхшиланишга мухтож. Урганч давлат музейининг ўзида икки мингдан зиёд замонавий ўзбек рассомларининг суратлари сақланяпти. Булар жуда муҳим коллекциялар. Уларни асраш керак.
— Ўзбекистонда Шухрат Бобожоновга таҳдидлар бўлмаяптими?
— Баъзилар «Раҳмат сизга, анча таваккал қилдингиз, чунки Ўзбекистонда сизга нима бўлишини олдиндан билмасдингиз», дейишди. Эҳтимол олдинги замон бўлганда бошқача бўлиши, таҳдидларга учрашим, аэропортнинг ўзидаёқ қўлимга кишан солишлари мумкин эди, аммо ҳозир барчаси бошқача. Ўзбекистонда менга ҳеч қандай тазйиқ ёки босим бўлгани йўқ. Кўргазма ҳам жуда эркин руҳда ўтди. Ўзбекистонга келганимга қисқа фурсат бўлса-да, кўп жойни кўрдим. Тошкент марказларини айландим, ўзим ўқиган Низомий давлат университетида бўлдим, «Мовий гумбаз»ни кузатдим. 20 йилдан буён синглим Барно билан кўришмагандик. У кўзига ёш олиб мен билан кўришди. Онам, укаларим билан дийдорлашдик.
— Энди сиз Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган хориждаги ватандошларни ҳам юртимизга чорлайсизми?
— Ҳозирда ўзбекистонлик хандакор Омон Азиз Америкада яшамоқда. Бу киши ўз даврида жуда машҳур бўлган. Навоий ҳайкалларини мисда акс эттирган инсон. Ёши улуғ ва ҳурматга сазовор ижодкор. Шу киши Ўзбекистонга қайтса, яхши бўларди.
— Айни пайтда Ўзбекистонда сиз каби инсонларга таҳдидлар, бирор кўринишдаги таъқиблар бўлмаяптими?
— Ўзбекистондан чиқиб кетишимдан олдин таҳдид ва босимлар бор эди. Бундан 20 йил олдин ҳатто менга жиноят иши очилиб, ортимдан кузатиб юришди. Укамни ҳам бир муддат таъқибга олишди. Ҳозир эса ҳаммаси жойида. Бир ижодкорга қандай ҳурмат кўрсатилиши керак бўлса, шундай қарши олишмоқда.
Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги ўзгаришлардан дарак беради. Кўргазма учун Ўзбекистонга келишим ортидан атрофимда турли гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди. Мен тўғримда «Лаганбардорлик қилди», сотилган, уй берилган, дейдиганлар ҳам топилди, аммо кўргазмани дунёнинг бошқа бир бурчагида: Лондон ё Парижда қилишим ҳам мумкин эди. Бироқ уни Она ватанимда ўтишини истадим холос. Бу эса шубҳасиз, Ўзбекистондаги ўзгаришлар туфайли амалга ошди.
— Ўзбекистонга келдингиз, мамлакатнинг янги ҳаёти билан танишдингиз, ўзингизга хулоса чиқардингиз. Энди сиздаги келажак режалари қандай?
— Ҳозир аввалгидай бир кетса, дарбадар кетадиган, келса бутунлай қолиб кетадиган замон эмас. Борамиз ва келамиз, яна кетамиз, қайтамиз.
Хуллас, дунёнинг турли бурчакларида кўргазмалар ўтказамиз. Худди шундай келгусида ҳам дунё бўйлаб кўргазмалар ташкил қилиш ниятидаман. Қариндошларим, устозларим умуман барча яқинларим айни дамда Ўзбекистонга келганимдан хурсанд. Менга шундай имконият яратгани учун Ўзбекистон ҳукуматига раҳмат дейман.
— Ўзбекистондаги ўзгаришларни нималарда кўрдингиз?
— Мазкур кўргазманинг ўзи мамлакатдаги ўзгаришларга мисол бўла олади. Мана, ҳозир ёнимда андижонлик дўстим Нуъмонжон Холмирзаев турибди. У танқидий қарашлар эгаси, аммо у ҳам кўргазмани олқишлади.
— 20 йил Ўзбекистонда бўлмаган Шуҳрат Бобожон Ўзбекистонга қайтиб қандай хулосага келди?
— Ретротур қараш деган нарса бор. Бу юқорига кўтарилиб вазиятга қарашни билдиради. Ана шундай қараш билан вазиятга қарайдиган бўлсак, Термиздан нарида тала-тўпларнинг борлигини кўрамиз. У ёқларда одамларнинг яшаш ҳуқуқида муаммо бор. Шу маънода Ўзбекистон билан таққосласак, мана Ўзбекистонда бемалол юрибмиз. Яхши ижод қилаётганларни ҳеч ким суратини ўчиртирмаяпти. Рассом чизгиси келган суратини чизяпти, кўргазма қилгиси келса, қиляпти. Бу жуда катта самара. Буни фақат олқишлаш керак.
Суҳбатдош Аслиддин СУЮНОВ,
Нишонбой АБДУВОИТОВ (видео), ЎзА