Журналистик суриштирув
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида фаолият юритаётган фермер хўжалигининг ичимлик сувидан даласини суғоришда фойдаланиб, кўп миқдордаги ичимлик сувини исроф қилганлиги ҳақидаги лавҳа кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.
Бугун ичимлик сувидан оқилона, тежаб фойдаланиш ҳақида қанчадан -қанча тарғибот материаллари тарқатилаётган бир пайтда бу каби ҳолатнинг кузатилаётгани баъзи фуқароларимиз онгида ҳали -ҳамон истеъмол маданияти шаклланмаганини кўрсатмоқда.
Ушбу масалани ўрганиш мақсадида лавҳада кўрсатилган Чироқчи тумани Бўронжуз қишлоғига етиб бордик.
Бир кун аввал ёққан ёмғир бутун далани нам ҳолатга келтирган бўлсада, даланинг суғорилган жойлари яққол билиниб турибди.
Тасвирга олар эканмиз, сув таъминоти мутахассислари ва фермер хўжалиги вакиллари ҳам етиб келишди.
Аниқланишича, “Яккабоғ-Муборак” магистрал ичимлик суви қувури туманнинг мазкур ҳудудларидан ҳам ўтган. Сиртдан қараганда ер остидан ўтган қувурни пайқаш қийин. Далага қадар тортиб келинган қувурнинг яширин уланган жойини ҳам сезиб бўлмайди.
Таъкидланишича, “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ ва Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш вилоят ҳудудий инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида тумандаги “Бўронжуз” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сабо” фермер хўжалиги раҳбари шу ердан ўтувчи “Яккабоғ-Муборак” магистрал ичимлик суви қувурига иккита сиғими 50 миллиметрлик қувурлар орқали яширинча уланиб, гектарлаб дала майдонини тоза ичимлик суви билан суғориб келганлиги маълум бўлган.
– Вилоятнинг Косон ва Муборак туманларида сув таъминотини яхшилаш мақсадида магистрал қувурларини назорат қилиб юрганимизда Чироқчи тумани “Бўронжуз” МФЙ ҳудудидан ўтган минглик магистрал қувурга ноқонуний уланиб, иккита 50 миллиметр сиғимли полиэтилин қувурлар ёрдамида буғдой экилган дала майдони суғорилаётганининг гувоҳи бўлдик, - дейди магистрал қувурлар бўйича мутахассис Жамшид Гелдиев. – Маҳалла фаоллари иштирокида шу ернинг ўзида далолатнома туздик. Ҳозир қувурлар уланган жойини қазиб, уни тармоқдан тўлиқ узиб ташлаш масаласини кўряпмиз.
Вазиятни ўрганар эканмиз, фермер хўжалиги вакиллари билан ҳам суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Улар бошида ҳеч бир масалада изоҳ беришни истамаса-да, кейинига рози бўлишди.
– Ҳозир қиш фасли, даламизга сув керакмас, – дейди “Сабо” фермер хўжалиги иш юритувчиси Жасур Усмонов. – Фермер хўжалигимизнинг 50 гектар ер майдони бўлиб, ҳамма ерларимиз лалми майдонлар. Биз ичимлик суви билан суғормаганмиз.
– Унда ижтимоий тармоқда тарқалган видео ва фото тасвирлардаги ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
– Тўғри, бир пайтлар магистрал қувурдан сув тортиб келинган, лекин биз уни ёпиб ташлаганмиз, ишлатмаганмиз. Видеода кўрсатилган ҳолатдан хабаримиз йўқ. Эҳтиёжимиз учун артезиан қудуғимиз бор. Балки видеони олганлар ўзлари очиб сёмка қилишгандир.
Гарчи бир кун аввал ёғиб ўтган ёмғир даладаги ҳолатни бир хил манзарага айлантирган бўлса-да, яқинроқ борилганда эгатлар сув билан суғорилганини кўриш мумкин. Фермер хўжалиги иш бошқарувчиси эса дала ичимлик суви билан суғорилмаганини, сувни сувчиларнинг ўзи очиб юборишганини таъкидларкан, қувурга яширинча уланганлик билан боғлиқ вазиятни ҳам инкор қила олмади.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, 50 миллиметр ҳажмдаги қувурдан соатига тахминан 19 метр кубга яқин сув олиш мумкин ва бу миқдор сув билан 20 га яқин хонадонни бир кун давомида сув билан таъминлаш имконини беради.
– Сув таъминот мутахассислари томонидан жорий йилнинг 6 январь куни “Яккабоғ–Муборак” магистрал қувурида назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида икки дона 50 миллиметрлик қувурни магистрал қувурга улаб, далага ноқонуний оқизиб қўйганлиги аниқланган, – дейди Қашқадарё вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси инспектори Алишер Мухторов. – Бу бўйича албатта жавобгарлик белгиланади. Ҳатто қонунчиликда бу каби қонунбузилиш ҳолатлари юз берган пайтда уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси қўлланиши ҳам белгилаб қўйилган. Кейинги йилларда бу каби ҳолатлар сони ортиб бормоқда. Масалан, ўтган йили инспекциямиз томонидан 191 та ноқонуний ҳолат аниқланиб, беш миллиард сўмга яқин далолатномалар расмийлаштириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Бундай қонунбузилиш ҳолатлари асосан марказий қувурларга уланишларда кузатилмоқда ва бунинг натижасида қувурнинг охирги нуқтаси ҳисобланган Муборак шаҳрига ёз ойларида сув бориши қийин бўлиб қолмоқда. Фуқароларимиздан сувдан оқилона фойдаланишларини, исроф қилмасликларини сўраб қоламиз.
[gallery-15384]
Ўрганишларни давом эттирар эканмиз, сув таъминоти мутахассислари кейинги қишлоқ, яъни Дурсун маҳалласида ҳам бу каби ҳолатлар аниқланганини айтиб қолди. Вақт кеч бўлганига қарамай Дурсун қишлоғига ҳам бордик.
Биз бориб тўхтаган хонадон олдида 50 лик пластмасса қувурдан сув шариллаб томорқага оқиб ётарди.
Мутахассислар иштирокида қувур бўйлаб юрамиз. Тахминан 200-300 метр масофадан тортиб келинган қувурнинг бир қисми ташқи томонда қолган бўлса, магистрал қувургача бўлган қисми ер остида қолдирилган. Ҳатто битта “кран” қўйилмаган. Шунчаки оқиб ётибди. Магистрал қувурлар бўйича мутахассис Жамшид Гелдиевнинг таъкидлашича, тахминан бир ой олдин худди шу хонадонда текширув ўтказилиб, ноқонуний уланганлик ҳолати аниқланган ва далолатнома расмийлаштирилган, жаримага тортилган. Аммо бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири таъсир қилмаган чоғи сув ҳамон хўжасизларча оқизиб қўйилган.
Хонадон эгаларини чақирдик, аммо ёш болалардан бошқа ҳеч ким чиқмади. Охири хонадон соҳибининг отаси келиб қолди.
Кекса отахон ҳолатга изоҳ берар экан, ўғлини бир неча бор огоҳлантиргани, лекин гапига қулоқ солмаганини таъкидлайди. Кейин билсак, отахоннинг ўзи ҳам бир неча ой олдин ноқонуний сув қувурига улангани ва ичимлик сувини исроф қилгани учун жаримага тортилган экан.
– Бу ҳолат битта биздамас, қишлоқда ким нечтаси фойдаланиб ётибди, нега уларни ушламай, айланиб келиб бизни ушлайсизлар, – дейди исмини айтишни истамаган отахон зарда билан. – Неча марта айтдим ўғлимга, сувни ёпиб қўй, ҳеч бўлмаса кечаси оч деб, айтганни қилмайди.
– Бу ичимлик суви, уни томорқага ишлатиш мумкин эмас, шу сув неча километр узоқда кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолига боради. Сиз кабилар бу тарзда томорқага ёки дала майдонига оқизиб қўяверса, уларга қандай етиб боради ахир, сўраймиз ундан.
–Бўлди, мен шу қулоқни ёпсам, Муборакка сув етиб борадими, – деди зарда ила отахон ва ортига қайтиб кетди.
Бу жавобни эшитиб, на кулишни, на куйишни биласан киши. Сув таъминот мутахассисларининг айтишича, магистрал қувур ўтган ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларининг ҳаммасида аҳвол шу. Қувур ҳатто баъзи бир ҳовлиларнинг ичидан ўтган. Улар инспекторларни ҳовлисига киритгани рухсат беришмайди. Маълумотга кўра, “Яккабоғ–Муборак” магистрал сув қувури узунлиги жами 162 километр ва у ўнлаб қишлоқлар оралаб ўтган. Ўша қишлоқларнинг ҳар биридан 10 тадан 50 миллиметрлик қувур магистрал қувурга ноқонуний уланса, нима бўлади? Буни математик амаллар билан ҳисоблаш қийин кечади. Мана, сув нега ўз манзилига айтилган сиғимда етиб бормаслигининг асосий сабаби.
Энди даладаги ҳолатга эътибор қаратадиган бўлсак, бунча майдонни суғориш учун қанча вақт сарфлангани ва қанча миқдордаги тоза ичимлик сувининг талон-торож қилинганини чамалаш қийин эмас.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Бўронжуз қишлоғидаги ҳолатда 2 миллиард 421 миллион 780 минг сўмлик, Дурсун қишлоғидаги ҳолатда 955 миллион 169 минг сўмлик зарар аниқланди, дейди масъуллар.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ҳолатлар жиддий чоралар кўришни талаб қилади. Агар бу каби ҳолатларга таъсирчан чоралар бугун кўрилмаса, эртага кеч бўлиши тайин.
Бу тўғрида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъуллари нима деркин?
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири