"Кишининг ҳақиқий баҳосини устига тупроқ тортилгандан сўнг берадилар".
Хотира
Устоз Асқар Маҳкамни ёд этиб
“Шохдин бир қуш учди, ошёни қолди ўрнида...”
Ниймо Юшиж
"Кишининг ҳақиқий баҳосини устига тупроқ тортилгандан сўнг берадилар".
Нурали Қобул
Дунё адабиёти тарихида ҳаётдан сал эртароқ кетган шоирлар талайгина. Пушкин, Лермонтов, Байрон, Есенин, Усмон Носир, Фурўғ Фаррухзод... Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.
Миллий адабиётимиз осмонида бир чарақлаб дилларга ғулғула ва ларза солиб, кейин дунёни бевақт тарк этиб кетган шоирлар қанча. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида ижодига энг кўп ўрин берган Шоҳғариб Мирзо, менимча, бу рўйхатнинг бошида туради.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур... бор-йўғи 47 ёшда эди.
Айнан шу ва шу ёш атрофида адабиётимизда юз берган йўқотишлар кишини ўйга толдиради. Қатағон йилларининг мажбурий қурбонига айланган адибларнинг аччиқ қисмати бир томон, аммо тинч замонда, айни ижоди гуллаб турган палла тириклик оламини тарк этган шоирлар Назар Шукур, Чори Аваз, Ҳамза Имомбердиев, Аъзам Ўктам, Равшан Файз, Тилак Жўра, Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон... ларнинг қисқа, аммо мунглуғ умр йўлларига қараб узоқ сукут сақлашдан ўзга чора йўқ.
Шоирликнинг юки, залвори шунчалар аёвсизми?
-Мол-дунёси беҳисоб, вазири аъзам ҳазрат Навоий ҳам 60 ёшида юз ёшли чолдек мункиллаб қолган эди, - дейди атоқли олима Суюма Ғаниева.
Аҳли қалам орасида “сал кун кўргани” - узоқроқ яшагани борми ўзи, деган шаккокона ўйга борганимда, ношукрлик бўлмасин, Мавлоно Лутфий ҳазратлари ёдимга тушди. Ҳусайн Бойқаро салтанатида Навоий кўмагида хизматга кириб, кўп йиллар бел боғлаб хизмат қилган ва ўзи ҳам “кам” бўлмаган шоир Шайхим Суҳайлийни эсладим.
...Умри қисқа шоирлар сафидан жой олган яна бир шоир – бу Асқар Маҳккам эди. Мен бу жунунваш, хиёл маъюс ва мағрур юрадиган шоир умрининг турли даврларини кўрганман.
Ўтган асрнинг 80-йиллари... Сочлари елкаларига тушган, журъати ичига сиғмай тургани ҳаммага - сувчига ҳам, теримчига ҳам, бекорчига ҳам, зиёлига ҳам шундай билиниб турган муаллимни шоир дейишарди. Она тили дарси ўрнида адабиётдан сабоқ беришлари менга ёқарди. Кейин редакцияга - “Халқ овози” (Душанбе шаҳри) газетасига ишга ўтиб кетди. Ўша кезлар матбуотда одат тусини олган ҳисобот йўсин зерикарли мақолалар урчиб кетган эди. Асқар ака кўнгилга яқин, руҳи баланд мақолалари билан газетанинг ўқимишли бўлишига ҳисса қўшди. Оддий муаллим Республика миқёсидаги газетага янгича нафас олиб кирди. Буни кейинчалик, у Тошкентга кетиб қолгач, кўпчилик тан олди.
-Ўқи, ўқимасанг... бир кун келиб Кофарниҳон бўйларида мол боқасан, - деган устозининг ”пўписа”ларидан болалигида кўп чўчиган шоир подачига айланмаслик учун нималар қилмади?
Тор кўчада адашган кўрдай
ахтарганча ўзим - ўзимни.
Шоир бўлиб шонга кўмилай
дея ташлаб кетдим бувимни...
Ижод ўчоғи - Тошкентга йўл олишида ёлғизлик, етимлик азобларини билдирмай улғайтирган бувисини қишлоқда қолдириб кетишига тўғри келди. Аммо, бу шунчаки, зоҳирий айрилиқ эди. Давраларда, шеър оқшомларида шоирлар ишқ-муҳаббат, бахт ҳақида шеърлар ўқиганда, у хаёлан Кофарниҳон бўйларига қайтарди - маҳзун ва дардли овозда: “Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган...”, деб бошланувчи шеърини бошлаб қоларди. У қаерда бўлмасин болалигининг ғамгин дунёсига бир тутам нур олиб кирган бувиси билан бирга эди. Ўнлаб китоблари чиққач ҳам, давраларда жўшиб ўқиса бўладиган юзлаб шеърлари ёзилганда ҳам... кимдир уни даврага чорласа, яна ўша қачонлардир ёзилган - бувисига бағишланган мунглуғ шеърларини ўқий бошларди.
Кулранг сочин ўрамларини,
Пахта пилик боғлаган унинг.
Ўзи ювган кўйлакларини,
Шамол ўйнар шўрлик бувимнинг...
Асқар Маҳкам ижодида кампир, буви каби сўзлар ажойиб образ даражасига кўтарилди.
У мағрур эди. Синиқликни касб қилиб олганларга бу унчалик ёқмасди. Аммо ички дунёси тоза, дарвиштабиат - беозор эди. Кўп нарсани биларди. Дунё ва уқбо, шариат ва тариқат, турли динлар ва кишилик тарихига оид қарашлар, фалсафа, ҳаёт, шеър ва ҳикмат илми. Шунча илми билан қаршисида ўтириб олиб жўн қарашларни узундан узоқ баён этаётган суҳбатдоши қошида чурқ этмай соатлаб бош эгиб ўтира оларди.
Аммо рост сўзни энг яқин кишисига ҳам, ”қўли узун” амалдор ё жуда ҳурматли кишининг кўзига тик қараб ҳам айта оларди.
Мактабда она тили ёки ашула дарслари ўрнида адабиётдан сабоқ бериб кетаверадиган ва бу ишини тўғри деб билган муаллим газетачиликда ҳам ноанъанавий, чуқур таҳлилга асосланган мақолалари билан газетхонлар меҳрини қозона олди. Унинг китоблари - шеъру достонлари, ҳатто насрий асарлари руҳида ҳам ички бир тизгинсизлик, аёвсиз шиддат, ”ҳеч кимга ўхшамаслиги” сезилиб туради.
Асқар Маҳкам ижодида “Ҳақ” ва “ Аналҳақ” шеърий китоблари муҳим ўрин тутади. “Ҳақ”да сал бўлса-да, сокинлик, хотираларга йўғрилган самимийлик, ўзни англаш йўлидаги қарашлар - изтироблар тасвири устунлик қилади:
Биби эна, Ватан нима?
Ватан нима, энажон?
Ердан сўра, ер айтади,
Мен не билам, болам-а,
Биби эна, Ватан нима?
Ватан нима, энажон?
Элдан сўра, эл айтади,
Мен не билам, болам-а.
Ҳақни англаш тадорик – бу ўзни англаш йўли. Аммо бу йўл қайдан бошланади?
Бозорданми?
Масжид - ҳужраданми, калисоданми, ё?..
Илонларнинг қайтсиз заҳарин
Ким туймаган бир бор лабида?
Мусибатнинг тузлуғ жигарин
Қовурмаган кўкракларида?
Ким кўксини бериб ётмаган
Кўкарганда аждодлар қабри?
Ўз-ўзини ким йўқотмаган
Жалолиддин Румий сингари.
Румиёна ўзни йўқотиш чин маънодаги ўзликка юз буриш -ўзликни топиш. Ростликка бундай юзланиш эса руҳият дунёсини ислоҳ қилиш билан боғлиқ.
Эй зоти одамий, эй зоти азал,
Оламда тошдан то тариқ - боланг у.
Жисмингда бир қатра қон қолса, алҳол,
Тазарру айлагин, тазарру!..
Аммо, “Аналҳақ”!..
Бу шоирнинг сўнгги китоби - сўнгги ҳайқириғи эди. Унда ўзгарган Асқар Маҳкамни кўрамиз. Киноя, маломат, ҳаётдан қониқмаслик... Инсон фитратида мавжуд бўлган, аммо ислоҳга мустаҳиқ иллатларга қарши қайралган сўзлар лашкари, фикрлар Ижтимоий ҳодиса даражасига кўтарилади. ”Аналҳақ” шоирнинг илк тўплами “Наврўз”, ”Ибодат” ва ундан кейинги ўнлаб самимий китобларининг муросасиз хотимасидир.
Тўғри, шоир қайдадир сал ошириб юборгандай, шеърдек руҳий ҳодиса бағрида кутилмаганда сўзларнинг ханжардай совуқлашиши, ”ғалати” - яланғоч манзаралар гирдобида фикр тиғизлиги, кескин қарашлар, хулосалар... “силлиқ” -- бир ўтиришда ёзиладиган шеърлар руҳига мослашган ўқувчи учун оғирлик қилиши, малол ҳам келиши аниқ.
Асқар Маҳкам инсон табиатида бор ё намоён бўладиган қусурларни меъёридан ошириброқ тасвирлаётгандай бўларди. Бир қарашда бу шоирнинг одамзотга нисбатан нафратидай таассурот ҳам қолдирарди, аммо чуқурроқ мушоҳада қилинса, бу аёвсиз сатрлар Ҳазрати Одам фарзандларини мукаммал кўриш истаги ғолиб келганидан оқ қоғоз юзига тўкилганини сезиш қийин эмас.
Иймон сотилганда бозор қолмасди
беномус қолмасди беор қолмасди...
Бир зумда сотилиб эски ўликлар
кейинроқ ўлганга мозор қолмасди...
Аммо, у ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзига ҳисоб бера оладиган ижодкорлар сирасига кирарди. Шоирнинг “Наврўз” (1988 ), “Тазарру” (1991), “Ибодат” (1993), “Таважжуҳ” (1994), “Ишқ” (1994), “Ҳақ” (1998), “Аналҳақ” (2003), “Табриз дафтари” (2003), “ Оқ китоб” ( 2003) каби асарлари бунга шаҳодат беради.
Унинг аксарият шеър - сатрларида, насрий асарлари - “Дор” романи, Шавкат Раҳмон, Лойиқ Шерали ҳақидаги хотираларида, “Оқ китоб”, “Сўнгги дарвиш” насрий қиссаларида, “Хайёмни англаш” рисоласида ҳам сўз - иборалар худди булутлар бағридан ситилиб замин узра шаррос қуяётган ёмғир томчиларидек аёвсиз тус олади.
Қайтаман. Одамнинг қўлин олмайман
гоҳ патак...
гоҳ тупроқ...
гоҳида тожман...
Мен ўзим ўзимни таниёлмайман
кеча боғбон эдим бугун оғочман...
Адабиёт руҳ ва сўз уйғунлигидан иборат бўлган нозик ҳодиса. Шу боис якранглик – такрорийлик ҳеч қачон сўз оламини безамаган. Дарс жараёнларини хуфёна, жон - қулоқ бўлиб кузатиб юришни одат қилган қаттиққўл директорнинг феълини яхши билса-да, она тили ё расм дарси ўрнида чўчимасдан адабиётдан сабоқ бера оладиган муаллим кутилмаганда қалам юкини елкага олганда, шеър дардига чалинганда босиқ, юмшоқ бўлиб қолиши мумкинмиди? Асло.
Асқар Маҳкамнинг феъли - фитратида маҳзунликка қоришиқ беоромлик, ҳаловатсизлик ҳар доим манаман деб турарди. Буни кўпчилик эътироф этади. Аммо бу - у шу кайфиятда шунчаки ёзарди-қўярди-да, дегани эмас.
Минг йиллик гўр каби кўмилиб,
Сўнг қаршингдан чиқарман тирик.
Уч юз олтмиш пайғамбар бўлиб,
Сиғинаман сенга, Тириклик!
Шеърларидаги иссиқ - совуқ бари ўзиники эди, насрий асарлари ҳам фақат унинг ўзигагина хос эди. Аммо бу “беўхшовлик”, ўзига хослик уни энг муҳим ижод принципидан чалғита олмасди. Унинг Кофарниҳони Ватани эди. У Кофарниҳон тимсолида буюк ва бетимсол Ватанни куйларди. Тоғлар қўйнидан жўшиб келаётган дарё у учун мангу тириклик қўшиғи эди.
Мен ҳамон эслайман ўша кунларни
Олдимдан дарёдай кечар йироқлар.
Шамоллар саропо кезар тунларни,
Тоғларни қўриқлаб ётар қишлоқлар.
Далалар мудрайди намчил туманда
Булутлар - дарёда чўмилган қизлар.
Ва ғуруб сўнгида сўнгсиз осмонда
Менинг бир жонимдай ёнар юлдузлар...
Фарзандини тупроққа бериб эвазига бир умр қуллуқ, шукр ва таҳаммул қилган, чироғидан ёдгор тўрт етим бошини силаган Буви - Эна шоир ижодида катта Ватан бағридаги муштипар буви тимсолига айланади.
Кўз ёшлари Кофарниҳон эди бувимнинг
Фарёдлари Кофарниҳон эди бувимнинг
Тасбиҳлари Кофарниҳон эди бувимнинг
Жанозаси Кофарниҳон бўлди бувимнинг...
Бас қил менга афсонани, бу тақдир эди,
Бошида унинг мингта бало санғир эди.
Умримни маним бобма - боб таҳрир қил
Бир кулбаю бир танчаю бир кампир эди...
Асқар Маҳкам жуда катта таржимон ҳам эди. У ўзбек авестошунослари узоқ йиллар маълум бир жузларинигина баҳоли қудрат ўгириб, таҳлил - тадқиқ қилиб юрган зардуштийлик ақидасининг асоси бўлган “Авесто”ни Пури Довуднинг форсий табдили асосида ўзбек тилига яхлит ўгирди. Маърифий руҳда ижод қилувчи шоирнинг бу хизматини “шаккок”ликка йўйганлар бўлди. Ҳар хил диний оқимлар сафига зардуштийлар етмай турувди, дегандек шаъмалар ҳам йўқ эмас эди. Орадан йиллар ўтиб “Авесто” таъсирида кимдир зардуштийлик кўчасига чалғиб кетгани ҳақидаги гаплар чиқмади. Ташвишлар ўринсиз эди.
Она заминимиз - Мовароуннаҳрда бир замонлар яшаб ўтган аждодларнинг диний-ахлоқий қарашлари, ҳаёт ва мамот, ўлимдан кейинги ҳолат, руҳ ва оламнинг асоси бўлган тўрт унсур ҳақида қизиқарли маълумотларни билиб қўйишнинг нимаси ёмон эди?.. Зардуштийлик тарихи билимдони, тадқиқотчиси Ҳомидхон Ҳомидий: ”«Авесто»нинг Асқар Маҳкам таржимаси ҳар жиҳатдан мукаммалдир” деб ёзади.
Кўп йиллик заҳмат, тўпланган тажриба – Шамс Табризий ғазаллари ўгирмасидан сўнг у Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ”Маснавий”си таржимасига ўтиради. ”Маснавий”нинг биринчи жилди шарҳи шоир ҳаётлигида чоп этилганди, иккинчи китоб эса шоир вафотидан сўнг нашр қилинди. Биринчи китобда шоир мушоҳирлар – Обиддин Пошшо ва Карим Замонийлар шарҳи билан кифояланади. ”Маснавий”нинг иккинчи жилдида эса Асқар Маҳкам мушоҳирлар кўмагисиз ўзи маснавий байтлари замиридаги зоҳирий ва ботиний моҳиятлар мағзини нозиклик билан илғаб, кенг мушоҳада юритиб батафсил шарҳлайдики, беихтиёр кўз ўнгингизда кўп илмлардан бохабар забардаст шориҳ - олим қиёфаси намоён бўла бошлайди.
Сўнгги йиллар Асқар Маҳкам Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Кашф ул-асрор” - Қуръони каримнинг адабий-ирфоний тафсири таржимаси билан банд эди.
Аммо ...
...бир гал Бухорода бўлганимда Тилак Жўра туғилиб ўсган Қоракўлга - Сайёт қишлоғига бордим. Шоир яшаган хонадонда бўлдим. Шовуллаб турган теракзорларга қараб қолганимни кўрган сайётлик муаллим изоҳ берди: “Тилак ака соғлиғи оғирлашган палла Бухоро телевидениесидан келган мухбирларга мана шу ерда шеърларидан ўқиб берган экан. Бу шоирнинг ўз нафаси билан ўқиган сўнгги шеърлари бўлган. Унда бу тераклар энди ўтқазилган қаламчалар эди”, деди муаллим.
Ўзбекнинг дардли шоирининг сўнгги шеърларини тинглаган тераклар улғайган, энди ўзлари шамолларга ўз тилида шеърлар ўқирди. Мен бир пайтлар мана шу тераклар қошида сўнгги кучларини тўплаб шеър ўқиган шоир қиёфасини ўзимча тасаввур қилдим. Кейин шоир кўмилган қабристонга бордик. Оёқларимиз остида тупроқ эмас, қум зарралари ғичирларди. Саксовулми, юлғунгами ўхшаш буталар оралаб суюкли шоир мозори қошида тўхтадик. Вақтли матбуот саҳифаларида, китобларида кўп бор берилган ярим жиддий - ярим маҳзун қиёфадаги таниш суврат шоир мозори қошидаги ёдгорликдан ҳам жой олган, келганларни пешвоз – қарши оларди. Унинг ним табассумли ўйчан нигоҳидан бир нимани илғаш маҳол.
Пахса уй, теракзор, шоир балиқ овлайдиган зовур, деярли қумлоқдан иборат юлғунларга бой қабристон... Бир пайтлар шоир Тилак Жўра Тошкентнинг гавжум кўчалари, сўлим сайлгоҳ, талай қулайликларига қўл силтаб кетиб қолгани, бундан Нажмиддин Комиловнинг аттанг қилиб қолгани, Ғайбуллоҳ ас - Саломнинг катта бошини кичик қилиб шоирни пойтахтга олиб келиш учун уринишларини ақл тарозусига солиб кўрдим. Ҳар лаҳза Тилак Жўрани Қоракўлга тортиб турган куч қудратини ҳис этиб турдим.
Дарвоқе, раҳматли Равшан Файзни фожиали ўлимидан сал олдинроқ кўрган эдим. Равшан ака менинг биринчи китобимга муҳаррир бўлган, шу боис яқинлигимиз бор эди. Сайлгоҳда, сувлари отилиб турган фаввора қошида туриб шоир Қўшработнинг жазирама даштлари, иссиқлари ҳақида шундай завқ ва соғинч билан гапиргандики, орадан ҳеч қанча муддат ўтмай шоирнинг ўлими ҳақидаги мудҳиш хабарни эшитганимда унинг сайлгоҳда айтган ўша сўзлари хотирамдан кетмай қолди.
Бу гаплардан мурод, Асқар Маҳкам сўнгги пайтлар: “Мен Кофарниҳонга қайтишим керак” деб кўп айтадиган бўлганди. Болалигида устози “Ўқимасанг, бир кун молбоқар бўласан”, деганида чўчиб юрган шоир негадир Кофарниҳон бўйларида мол боқишни орзу қилиб қолганди.
Равшан Файзни тўлқинлантирган Қўшработ даштлари соғинчи, Тилак Жўрани Қоракўлга етаклаган куч... Асқар Маҳкамни Кофарниҳон сари чорлаётган экан.
Шоир ўз табиатига кўра душмани чорласа ҳам, лаббай, деб жавоб берарди. Кофарниҳон чорласа у жим турармиди?..
Излайди шамол охир унинг изларини,
Ёмғир суви тўлдирар очиқ кўзларини.
Сўнг бод келар-да сочадир оламга
Бу шоири бечоранинг хокистарини.
-Омонхонанинг сувидан бўлса эди, деб қолдилар бир кун Асқар ака. Мен дарҳол бойсунлик укахоним Азаматга қўнғироқ қилдим. Кейинги куни эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Эшикни очсам, остонада Азамат жилмайиб турибди. У олтита 5 литрлик идишда, жами 30 литр Омонхона сувидан келтирган эди. Зудлик билан сувни етказдик.
Кейинги куни кирганимда Асқар аканинг руҳи жуда тетик эди. – Ма, сувдан ол, Кофарниҳондан келтиришди деди суюниб. Рўпарада шоирнинг акаси Анвар ака ўй–хаёллари паришон ўтирарди. – Сувдан ол, қара ўзимизнинг кофорниҳонники?! Қишлоғимиз этагидан оқиб ўтадиган Кофарниҳоннинг суви бир елим баклашкада шоирнинг қўлида чайқаларди. Минг чақиримлар нарида хаста ётган шоирнинг ҳайқириб ётган дарёдан, эҳтимол, охирги насибалари. Ҳарчанд сувдан ичгим келиб турган бўлса–да, “хўп – хўп” дея вазиятдан чиқиб кетишга уриндим. Насиб этса, мен ҳали Кофарниҳонга бораман ва ўшанда тўйиб –тўйиб ичарман.
Қори Шариф укаси Лойиқ Шералининг ўлим билан олишиб тирикликка талпиниб қуруқшаган лабларига қадрдон Мазор булоқлари сувидан томиза олмаганидан бир умр армондалигини ёзган эди. Анвар ака зап улуғ иш қилибди-да.
Доғистон Халқ шоири Ҳамзат Цадаса (Расул Ҳамзатовнинг отаси) хасталаниб Москвада даволаниб чиқади. Овулига қайтгач: “Мени Кремлда зўр духтирлар, энг сўнгги дорилар билан даволашди. Аммо мен қадрдон Цада овулидан келтирилган булоқ сувидан ича бошлашим билан тузалаётганимни сездим” дейди овулдошларига. Сув - бу ҳаёт.
Кейинроқ Душанбега борганимда бир даврада ”Асқар Маҳкам оғир ётганида, Кофарниҳон сувидан келтиришларини илтимос қилган экан” деган гапни эшитдим. – Мусофирлик шу-да, деди кимдир, - юки оғир. Бўлмасам, Тошкентдек шаҳри азимда сув йўқмиди?! Ичимдан бир нима узилиб кетгандай бўлди. Чунки бу миннат, бу савдо мен учун ҳам бегона эмас, менинг ҳам бошимда бор савдо эди.
*******
Кунларнинг бирида Ўзбекистон Халқ шоири Тўра Сулаймон ҳақида фильм оладиган бўлдик. Ўнлаб ижодкорлар билан суҳбатлашдик, фикрларини ёзиб олдик... Аммо, фильмга сўзлари кирмай қолган биргина ижодкор бўлди, бу Асқар Маҳкам эди.
Асқар ака Тўра Сулаймон ижоди ҳақида фавқулодда чиройли фикрлар айтди. Ёдимда, биз ижодий гуруҳ билан Дўмбирободга – Асқар Маҳкам хонадонига келдик. Асқар ака уйда ёлғиз экан. Касаллик забтига олган пайт. “Гапирадиган ҳолатда эмасман-у, – деди шоир, бир оз сукутга кетгач, тўшакдан туришга уринди. – Тўра ака учун гапираман”...
Биз шоирнинг уйи биқинидаги боққа чиқдик.
Кеч куз.
Асқар ака туркий тилнинг унут бўлаёзган, аммо Тўра Сулаймон шеърлари бағрида қайта жаранглаб, яна “ўзимизнинг” қадрдон сўзларимизга айланиб кетган қатор поэтик топилмалар хусусида сўзлар, Тўра ака буни ғоят усталик билан амалга оширганини мисоллар билан таъкидларди.
Аммо...
...аммо, куни кеча гуриллаб юрган шоирнинг ўзи оғир бетоб эди. Тузалмас дард уни тобора ўз комига тортиб борарди. Мағрур шоирни мухлислари бу ҳолатда кўрса, қандай бўларкин?
...Боғда шамол эсар, хаста шоир, гўё парво қилмагандай сўйларди. Шамол сарғайган япроқларни худди қасдлашгандай шоирнинг паришон боши узра сочар, сўнг оёқлари остига тўшарди.
Сўзимиз ниҳояланди. Асқар ака биз билан хайрлашмади ҳам, чамаси, бунга мажоли йўқдай эди, негадир хомуш... боғ ичкариси сари оғир-оғир қадам ташлаб, ўйчан кетиб борарди.
Тасвирчимизга ишора қилдим – пайқади.
Телевиденияга келганимда кассетанинг ўша жойини қайта-қайта кўрдим: шоир хазонларни босиб кетиб борар, куз беомон шамолга айланиб унинг бошидан гуллар эмас, хазонлар сочарди... Бу ғоят таъсирли манзара эди. Асқар Маҳкам худди хазонга айланиб бораётган йўлакларни босиб, ҳали замон ўзи шарҳлаган Тўра Сулаймон шеърларидаги гўзал маъво сари кетиб бораётгандай эди.
Бу, менинг устозим, энг кўп эҳтиром қилган шоиримнинг сўнгги интервьюси эди.
Афсус, бу “ғамгин лавҳани” фильмга киритиб бўлмасди. Ҳар-ҳар замон шахсий архивимда ишлатилмай қолган лавҳани кўрганимда томоғимга нимадир тиқилиб келаверади. Шоирнинг Кофарниҳон бўйидаги мозорини излаб борганимда қабристон этагида даласига сув таратаётган деҳқонни чалғитишимга тўғри келди.
— Ҳа, у кишиними? – деди саволимга жавобан деҳқон.
— Шоирни танирмидингиз?—дедим.
-Йўқ. Мен бу ерда деҳқончилик қиламан, аҳён-аҳён узоқ-узоқлардан излаб келишади, ерим мозорга яқинлиги учун кўпчилик сўрайди, - деди ва: - Ҳув ана! - қўллари билан ишора қилди - шоир мозорига бориш йўлини кўрсатди.
Мен ҳеч бир қийинчиликсиз топиб бордим. Бундан бор-йўғи ўн йиллар бурун Шавкат Раҳмон оламдан ўтганда оғир мусибатни қабул қилолмаганидан “шундай шоир шу ёшда ўлиб кетиши мумкинми” дея ғамларга ботган шоирнинг ўзи ҳам тупроқ остида ётарди. Тошкентдан излаб келганим мозор қошида хаёлларим паришон турардим. Кофарниҳонда ҳам, Тошкентда ҳам кўп йиллар ёнма-ён, қўшни бўлиб яшаган устозим, катта ҳаётдаги биринчи муаллимим, ажойиб шоир, таржимон, олим хоки қошида қанча қолиб кетганимни эслолмайман. Оллоҳнинг бергани - 48 ёш.
Ёдгорлик - лавҳда шоирнинг ушбу байти келтирилган:
Эй, ҳушёрлар, мен-да нажиб куй эдим,
Гоҳ мотаму гоҳ жаноза, гоҳ тўй эдим.
Шоядки бу бандани-да ёд айласангиз,
Мен шоир эмас, шунчаки ростгўй эдим.
Бу тўртлик унинг ўзи тартиб берган охирги китобининг энг сўнгги сатрлари эди.
Алишер Нарзулло