Шоссе йўналишидаги пойгалар қизғин ўтди
Жиззахда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Б.Мўминов хотирасига бағишланган республика турнири якунланди.
Мусобақанинг сўнгги кунида катталар ва ёшлар тоифасида 102 км. масофага гуруҳ пойгаси бўлиб ўтди. Унда Дмитрий Бочаров, Никита Светков ва Бегзод Раҳимбоев катталар ўртасида шоҳсупага кўтарилган бўлса, Қайрат Исмоилов, Жўрабек Абдуқодиров ҳамда Озодбек Шокиров ёшлар орасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Турнирнинг аёллар тоифасида 45 км. масофага ўтказилган гуруҳ пойгасида Мадина Қаҳҳорова олтин медалга сазовор бўлди. Екатерина Кнебелева ҳамда Ксения Ли эса кумуш ва бронза медали билан тақдирланди. Ушбу масофадаги ёш қизлар баҳсида Самира Исмоилова маррага биринчи бўлиб етиб келди. Шунингдек, унинг ортидан Нозима Эгамбердиева ва Яна Мишинова финиш чизиғини босиб ўтди.
Шу тариқа, икки кун давом этган мусобақа якунланди. Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА