Мозийга қайтуб иш кўриш хайрликдир, дейдилар.

 Шу сабаб биз ҳам мозийдан, яқин ўтмишимизнинг энг қора кунларидан ҳикоя қилишда давом этамиз. Бу йил Германиядан қайтгач қатағон қилинган юртдошларимиз фожиасига 100 йил тўлади. ЎзА шу муносабат билан 1920  йилларда хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақида таништириб бормоқда. 

Ушбу мақолада Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром ИРЗАЕВ Германиядан  қайтгач, икки марта сургун қилинган, Туркистон жадидларидан бири Марям билан “юзлаштиради”:

Йиртилингиз, эй ярамас қора қалин пардалар,

Ҳеч ёвуқсиз юлдузларнинг нурли юзи очилсин!

Йўқолингиз ёруғликни тўсатурган булутлар,

Юртимизга энг юксакдан ёруғликлар сочилсин!

(Боту)

Марям Султонмуродова 1905 йил 13 февралда Хивада туғилган. 1917 йил у оиласи билан хонликни тарк этиб, маълум вақт Тўрткўлда яшашга мажбур бўлган. 1911 йил Марям Урганчда янги усулдаги нўғой (татар) мактабига қатнайди. У ерда беш йил ўқигач, оиласи кўчиши сабаб Тўрткўлдаги жадид мактабида таълимни давом эттирди.

Марям Тошкентдаги маориф мактаби гимназиясида ўқиди. Сўнг олий маълумот олиш мақсадида Оренбург татар педагогика институтига ўқишга киради. У Тошкентга қайтиб, Ўрта Осиё давлат университетининг Ишчи факультетига ҳужжат топширади.

Олти йиллик хорижий таълим

1922 йил октябрда Марям Султонмуродова Бухоро ҳукумати томонидан Германияга ўқиш учун юборилаётган талабалар сафига киритилганди. Хоразм Халқ Республиканинг Москвадаги мухтор вакиллиги ходими Карим Сафаев ёрдамида Марям хориж учун паспорт олиб, Ленинградга йўл олди. Ленинград портидан Хайриниса Мажидхонова ва Тўлаган Мўминов каби ёш ўзбек зиёлилари бўлган гуруҳ билан пароходда Германиянинг Штецин шаҳрига етиб бордилар.

Аввалига Берлин университети қошидаги олти ойлик тайёрлов курсида, кейин Дармштадт шаҳридаги “Виктория” ўқитувчилар семинариясида икки йил таълим олди. 1926-27 йилларда эса Потсдамдаги “Фрауншуль” аёллар мактабида амалиёт ўтади.

Мариям 1927 йил ёзги таътилда дугонаси Хайриниса Мажидхонова билан Франция пойтахти Парижга саёҳат қилар экан, уларнинг Париж опера театри ошхонасида Аҳмад Наим ва Мустафо Чўқайлар билан икки дақиқалик тасодифий учрашуви кейинчалик қатағон этилиши учун асосий баҳона бўлди.

Хорижда ўқиш унинг учун осон эмасди. Эртой бу ҳақда “Туркистон” газетасининг 1924 йил сентябрь сонида эълон қилинган мақоласида шундай ёзган: “...Хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолғон опа-сингилларимизнинг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қимматлик қизимизга Хоразм жумҳуриятимизнинг шундай совуққонлик билан қарашиға Туркистон ёшлари таассуф этолмай туролмайдурлар”.

Мактабдаги амалиёти изидан Марям Берлиндаги профессор Генрих Финкельштейннинг олти ойлик ҳамширалик курсини ўқиб битирди ва 1928 йил СССРга қайтди.

Марям Султонмуродова Ўзбекистонга келиши билан сўроқ, таъқиблар бошланиб кетди. Аввалига ҳеч жойдан иш берилмади. Фақат 1929 йил февралида Германияда таълим олган Бадри Сайфулмулк ёрдамида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш комиссарлигига қарашли болалик ва оналикни асраш институтига ҳамшира бўлиб ишга киришга муваффақ бўлди.

Марям Асқар Аҳмадбеков билан оила қуриб, тўрт йил Каттақўрғонда яшади. Эри қамоққа олингач, Тошкентга қайтиб, Ўрта Осиё давлат университетида, “Гулистон” ва “Ёрқин турмуш” журналларида ишлади.

У ўзбек матбуотида ўзининг олмон адабиётидан қилган таржималари ва аёлларнинг ўткир ижтимоий муаммоларга бағишланган мақолалари билан танила бошлади. Ёш журналист Даврон Мадаминга турмушга чиқиб, бахтли ҳаёт остонасида турган пайтида ҳақиқий аянчли кунлар етиб келди.

Икки сургун

1937 йил сентябрида Марям Султонмуродова олти йил Германияда ўқиган, “Туркистон” жосуслик ташкилоти аъзоси деб, ЎзССР Жиноят Кодексининг 60 (аксилинқилобий ташвиқот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбланиб қамоққа олинди. Тинтув жараёнида унинг паспорти, дипломлари, меҳнат дафтарчаси, хатлари, китоблари, 35 та шахсий суратлари хатланиб тортиб олинди.

Ортидан онаси Дурдижон ая, мурғак ўғли Пўлатжонлар зор йиғлаб қолдилар. Марям олти ойлик норасида қизи Анора билан қамоқхона азобларига гирифтор этилди.

Марям Султонмуродова 1938 йил 4 октябрда сўнгги бор сўроқда ҳам “Германияда “Озод Туркистон” деган ташкилот ҳеч қачон бўлмаган ва бу ҳақида мен ватанга қайтиб эшитдим. Бошқа ҳеч нарса қўшимча қила олмайман. Менинг ҳеч қандай айбим йўқ,” деди. Узоқ вақт давом этган азобли терговларда унга қўйилган бирорта айб ўз исботини топмади. Бироқ, Марям ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж, қуролли қўзғолонга ҳаракат, Совет давлатига қарши теракт, аксилинқилобий ташкилотга аъзолик каби ўта хавфли айбловларга лойиқ деб топилди.

Шу ой ўтказилган “Учлик” суди атиги 20 дақиқа давом этди. Марям Султонмуродовага 10 йиллик қамоқ жазоси ҳукм этилди. У жазони дастлаб Тошкент, сўнг Қозон ва Суздаль турмаларида ўтади. Кейин узоқ Колима областига юборилиб, Магадандаги “Дальстрой” қурилишида 1947 йил 13 сентябргача азоб-уқубат чекди. 

Фарзандлари ва қардошлари соғинчи унга ўлимни йўлатмади. Жазо муддати тугагач, ватанга қайтиб Урганч туманидаги Янгибозор фуқаролар йиғинида ҳамшира бўлиб иш бошлади. Унинг хурсандчилиги яна узоққа бормади. У 1949 йил 30 мартда қайта қамоққа олинди ва бу гал ҳам эски “жиноятлари” учун ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1 қисми (Ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 67-(аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари қўлланиб у узоқ Красноярск ўлкасига сургун қилинди.

1954 йил 1 сентябрда уйига ёзган хатини у шундай якунлайди: “Азизларим! Бизлар бугун сургундан бўшадик. Уй ва молларни ўз баҳосига сота билсак, октябрь оёқларина кетамиз. Сота билмасак, бу ерда қишлаймиз. Соғ бўлинг. Соғлиқда кўришайлик. Хат ёзинглар, ҳаммангизга салом билан Марям.”

 Таъқибга тўла умр

Марям Султонмуродованинг 1956 йил 10 май куни ёзган аризаси асосида унинг иши қайта кўриб чиқишга топширилди. Шундан сўнг, икки сургундан омон қолган зиёли Марям Султонмуродова 1957 йил 2 августда СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланди. Бироқ, у тўлиқ оқланганидан кейин ҳам рўшнолик кўрмади. Таъқиб тўхтамади. Севган соҳаси журналистика билан шуғулланиш у ёқда турсин, газета ё журнал ўқиши бўйича ҳам тўсқинликка учради.

Марям қоронғу кечаларда ўзининг эрксиз, бахтсиз ҳаётини қуйидагича қоғозга туширган: “... 1957 йил мени оқлашган. Мендан бахтли одам йўқ эди. Ахийри орзуйим ушалди! О, менинг хурсанд бўлганларим... Ҳаётимда катта бир ўзгариш кута бошладим ва ахийри тўла ҳуқуқли граждан бўламан деб ўйладим! Лекин афсус, кўп ўтмай ихлосим қайтди. Мен ҳамон назорат остида эканлигимни, шармисорлик тамғасининг юки ҳамон босиб ётганини англадим... Ўзлигингни пастга уришларини ҳис этишдан ортиқ алам йўқ оламда. О, бу қанчалар оғир! Агарда менга юқоридан, масхаромуз қараётган мана шу кимсалар мендан яхшироқ ва мендан покроқ бўлишганида-ку, балки бу ҳолга чидардим. Лекин асло ундай эмас эди. Аксинча, уларнинг бири чайқовчилик, ичкиликбозлик, бузуқлик қиларди. Иккинчиси, бировнинг эрини тортиб олган, фарзандини отасиз қолдирган эди... Ҳеч бўлмаса мана шу кимсалар мени тинч қўйишса эди, кўнглимга ғулғу солишмаса эди...”.

“Наҳотки мен шунчалар хавфли жиноятчи бўлсам, наинки мени назорат қилиш учун бутун бошли штат белгиланса? Наҳотки шундай қилишга улар ҳақли бўлсалар?” деб ёзганди у оқланиши ортидан ҳам давом этган кузатувлардан нолиб.

Бу ҳақсизликлар ҳам Марямнинг иродасини синдира олмади. У ўзини бир лаҳза бўлсин айбдор деб билмади. Ҳақиқатга ишонди, инсонийлигини йўқотмади. Бу билан шўролар тузумининг шармандали тарихида инсон матонати тимсоли сифатида қолди. 

Мафтуна КАРИМОВА, 

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шўро тузумининг шармандали тарихи: Икки бор сургун қилинган Марям Султонмуродова қисмати