Шўро салтанатини титратган тарихий нутқ
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург, жамоат арбоби, публицист Одил Ёқубов ҳаёт бўлганларида бугун 95 ёшни қарши олган бўларди.
Одил аканинг халқимиз орасида машҳур ва ниҳоятда катта обрўга сазовор бўлиши фақатгина унинг ёзган асарлари туфайли десак, хато бўлади. Аслида унинг ижодий фаолияти эл дарди билан уйғунлашиб кетган эди. Унинг халқ орасида янада ҳурматга сазовор бўлишида саксонинчи йилларнинг охирида собиқ иттифоқ даврида Москва халқ депутатлари қурултойида сўзлаган оташин нутқи эди.
Одил Ёқубов минбардан туриб шўро сиёсати республикалар ҳаётини мустамлака даражасига солиб қўйганини рўй-рост очиб берган эди. Хусусан, пахта яккаҳокимлиги туфайли ўзбек халқининг оғир иқтисодий ҳолатга солингани, аёлларимизнинг аянчли аҳволи, болалар ўлими ва аҳоли турмушининг ниҳоятда паст даражага тушиб кетишини далиллар билан оммага етказган эди.
Ўша пайтда Одил Ёқубовнинг нутқларини қурултой қатнашчилари қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган, юртдошларимиз бу жараёнларни кўз ёшлари билан кузатиб боришган. Ана шундай учрашувлардан бирида Одил Ёқубов залда ўтирган собиқ Шўролар ҳукуматининг амалдорига шахсан мурожаат қилиб, марказдан туриб бошқариш сиёсати халқимиз бошига солган мудҳиш оқибатларини кўрсатиб беради. Жумладан, республикамизда мажбурий пахта етиштириш деҳқонларимиз ҳаётини оғир оқибатларга олиб келганини, табиатга қолаверса ўсиб келаётган ёш авлоднинг саломатлиги фалокат остида эканлигини айтади. Ўша пайтда гарчи умри тугаб бораётган бўлсада собиқ иттифоқ раҳбарларидан бирига бундай мурожаат қилиш учун “отнинг калласидек” юрак керак эди. Одил акада эса ана шундай юрак бор эди.
Одил Ёқубов раҳбарлик қилган даврда салкам миллион нусхада чиқадиган "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси ўзбекнинг дардини юзага чиқарган минбарга айланганди. Орол денгизининг қуриши, табиатни асраш масалалари, пахта яккаҳокимлиги, Шўро армиясидаги "дедовшина" муаммолари илк бор матбуот юзини кўрганди. Унинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислиги уюшманинг мамлакатдаги илк демократик ҳаракатлар бешигига айланишига шароит яратган эди.
Одил Ёқубов ижодкор, қолаверса раҳбар сифатида ҳам кўплаб ёшларга устозлик қилди, уларнинг адабиётда ўз ўринларига эга бўлишларига кўмаклашди. Унинг изланишлари ва катта меҳнати туфайли машҳур “Улуғбек хазинаси” романи дунёга келди ва бу роман туркий адабиётнинг умумий ютуғи сифатида эътироф этилди.
<iframe width="1366" height="657" src="https://www.youtube.com/embed/xAYolXDQEEA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Кенжабек Бекжонов,
Нишонбой Абдувоитов, ЎзА