Шўрчилик қидирувдаги алиментчи ота Термиздан топилди
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган Холиқ Назаров (исм-шариф ўзгартирилди) вояга етмаган икки фарзандининг таъминоти учун белгиланган алимент пулини тўлашни пайсалга солиб келди. Тўрт йилда унинг жигаргўшалари олдидаги алимент қарздорлиги 93 миллион сўмга етди.
Қарздор ота алимент тўлашдан бўйин товлагани учун унга нисбатан аввал маъмурий таъсир чораси қўлланилиб, суд қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бироқ, бу жазодан тегишли хулоса чиқармаган бемеҳр ота кейинчалик ҳам қасддан алимент тўлашдан бош тортди.
МИБ Шўрчи тумани бўлими оталик мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаган Х. Назаровга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, суриштирув ҳаракатини бошлади. Терговдан яшириниб юргани учун қидирув эълон қилинди.
МИБ вилоят бошқармасининг қидирув шўъбаси ходимлари олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида Холиқ Назаров Термиз шаҳри ҳудудида ушланди. Эндиликда унинг бу қилмиши суд органларида тегишли тартибда кўриб чиқилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, алимент мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш ҳар бир ота-онанинг бурчи бўлиб, бу мажбуриятдан бўйин товлаш ҳуқуқий жавобгарликка олиб келади.
МИБ вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг ўтган даврида қидирувдаги 184 нафар алимент тўловчи қарздор топилиб, ушланди. Алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаш эса шахснинг маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири