Шоира хотирасига бағишланди
Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиевани хотирлаш мақсадида шогирдлари ҳамда пойтахтда яшаб ижод қилаётган бир гуруҳ ижодкорлар Навоий вилоятида келди.
Меҳмонлар дастлаб Қизилтепа тумани Бўстон қўрғонида шоиранинг болалиги ўтган хонадонда бўлди. Бу ерда шоиранинг болалик даври, ижодий фаолияти ёдга олинди. Меҳмонлар маҳаллада жойлашган олим ва муҳаддис Боязид Бастомий қадамжосини зиёрат қилди.
–Устоз менга “Оқ йўл” тилаган, – дейди шоир, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Бошқарув раиси маслаҳатчиси Ориф Тўхташ. – Ўшанда шеърларимни “Саодат” журналига юборган эдим. Шеърларимга сўз боши ёзган устоз билан кейинчалик пойтахтда бир неча бор юзма-юз учрашиш, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. У кишининг ёш ижодкорларга оналар каби меҳрибонлиги кўз ўнгимдан кетмайди. Берган маслаҳатлари эса ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Сўз, шоирнинг китобхон олдидаги масъулияти ҳақида айтган гаплари ёш ижодкорлар учун ҳозирга қадар маёқ вазифасини бажариб келмоқда.
[gallery-12112]
Хотира тадбири Навоий шаҳридаги “Оқсарой” тантаналар уйида давом этди. Бу ерда Ойдин Ҳожиева хотирасига қуръон тиловат қилиниб, ош тортилди. Ўзбек адабиёти равнақи йўлидаги фидокорона меҳнати, аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қўшган ҳиссаси тўғрисида тайёрланган видеоролик намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/YyEGMLYpOt8" title="Шоира хотирасига бағишланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Маълумот учун, Ойдин Ҳожиева ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган ижодкорлардан бири. Унинг ўнлаб шеърий китоблари шеърият ихлосмандлари китоб жавонидан жой эгаллаган. У адабий жараёнларни янги босқичга кўтариш, ёш истеъдод эгалари, айниқса, ижодкор қизларни тарбиялаш борасида улкан ишларни амалга оширган. 1942 йил 22 апрелда Навоий вилояти Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғида туғилиб ўсган шоира ўрта мактабни тугатгач, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олди. Республикамизнинг кўзга кўринган нашрларида адабий ходимликдан бош муҳаррирликкача бўлган шарафли йўлни босиб ўтган. О.Ҳожиева 2023 йил 13 май куни 81 ёшида оламдан ўтди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА