Шоира ва сиёсатчи аёл билан учрашув
Абдулла Қодирий номидаги Навоий вилояти Ахборот кутубхона марказида “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ақшагул Тулегенованинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбирда сўзга чиққанлар А.Тулегенованинг ҳаёт йўли ва меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритди.
1964 йил 20 декабрда Навоий вилояти Кармана туманида туғилган Ақшагул опа 1994 йилда Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетини тамомлаган. Конимех туманидаги 5-мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлаган опа кейинчалик Сарибел ширкат хўжалигида маънавий-маърифий масалалар бўйича директор ўринбосари, Конимех тумани халқ таълими бўлимида бир неча йиллар фаолият олиб борди. 2017 йилда Ақшагул Тулегенова қозоқ миллий маданият марказининг раҳбари этиб тайинланди. 2019 йил 22 декабрда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 1 февралдаги ялпи мажлисида ўтган даврдаги фаоллиги ва ташаббускорлиги, сидқидилдан қилган меҳнатлари эътироф этилиб, унга “Меҳнаткаш депутат” мақоми берилди.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида эса бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида опага “Эл-юрт ҳурмати” ордени топширилди.
[gallery-20913]
– Ўша кунни яхши хотирлайман, ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак, – дейди А.Тулегенова. – Мукофотнинг энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида топширилиши, қолаверса, шахсан Юртбошимизнинг қўлларидан олиш ҳар бир инсон учун катта бахт бўлса керак. Бу орден хотин-қизларимизга билдирилган ишонч, эътироф рамзи.
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Учқудуқ, Томди, Конимех, Қизилтепа туманларидан сайланган Ақшагул опа депутатлик ваколати даврида ҳар бир ҳудуддаги аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди. Бу ўрганишлар якунлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қабул қилинган қарорларда ўз аксини топди.
Опа нафақат сиёсий майдонда, балки адабий жараённинг ҳам фаол иштирокчиси. А.Тулегенова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира. Унинг қозоқ ва ўзбек тилларида ёзган шеърлари бир неча китобларда жам бўлган. Унинг ҳозирча сўнгги китоби “Кафтимдаги қалдирғоч”.
– Гарчи 5 йил давомида қонун ижодкорлиги билан шуғуллансамда, шеър ёзишдан тўхтамадим. Шеър, адабиёт менинг ҳаётим, борлиғим. Қонун ижодкорлиги билан шуғулланиш учун ҳуқуқ соҳасидан хабардорлик қанчалик муҳим бўлса, шеърлар битишда тил ва адабиётни пухта билиш шунчалик зарур, – дейди А.Тулегенова.
Бугунги кунда Ақшагул опа икки фарзандни камолга етказиб, набиралари ардоғида умр кечирмоқда. Унинг камтарона меҳнатлари ҳар доим эътироф этилган. “Халқ таълими аълочиси” бўлган опа 2017 йил “Ўзбекистон – умумий уйимиз” Республика фестивалида совриндор бўлди. 2018 йил 8 март – Хотин-қизлар байрами арафасида давлатимиз раҳбари қўлларидан “Меҳнат шуҳрати” орденини, 2023 йил мустақиллик байрами арафасида эса “Эл-юрт ҳурмати” орденини қабул қилиб олди.
– Ақшагулни қарийб 25 йилдан буён танийман, – дейди меҳнат фахрийси, шоир Бобонор Нортожиев. – У таълим тизимида ишлаган даврида ҳам, депутатлик фаолиятида ҳам фаоллиги билан ажралиб турарди. Унинг шеърларида инсон, халқ, Ватан ва мустақилликни тараннум қилувчи жиҳатлар кўп. Албатта, ижод аҳли борки, ўз она юртининг гўзаллиги, севги ва муҳаббат изтиробларини, ҳаёт манзараларини ўзига хос бадиий бўёқлар, кутилмаган ташбеҳлар уйғунлигида ифодалашга ҳаракат қилади. Ақшагулнинг ўз оҳанги, ўз айтар сўзи ва қарашлари бор. Унинг шеърларида жўшқин рамзийлик бўлиб, бу шеъриятнинг ёрқин безакларидан биридир.
Учрашувда Навоий давлат университетининг рус ва қозоқ филологияси факультети талабалари томонидан шоиранинг шеърларидан намуналар ўқилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари