Шоир коинот ва кўнгил оламининг сарчашмаларида
Махтумқули таваллудининг 300 йиллигига
Жаҳон адабиёти тараққиётида дунё халқларининг ўзаро адабий алоқалари бутун инсониятнинг маданий, маънавий баркамолликка эришишида катта аҳамиятга эга бўлиб келган.
Генрих Гейне “Ҳар бир инсон коинотдир, у инсон билан бирга туғилиб, бирга ўлади” деганида инсоннинг коинот даражасида беқиёс кенг тафаккурга ва дунёвий илмларга интилиб яшашини ва бунда адабиётнинг ўрни беқиёс эканлигини назарда тутган, деб ўйлайман.
Шу ўринда буюк Махтумқули Фироғий ижодига назар солсак, нафақат инсон оламини балки бутун коинотнинг сир-асрорларини ҳам очиқ ойдин тасаввур қила оламиз.
Шоир “Билмасмисан” шеърида:
Махтимқули сўзламоқда тўққиз фалак Заҳроси
Етти юлдуз қардоши Ойнинг, Куннинг пораси...
Нури-дийдам чашмаси, Сафо, Мерве ораси,
Сулаймондек аҳдимни синдирганим билмасмисан?
деб таъкидлар экан, ҳар бир сатрда бутун коинот сир-асрорларига ишора қилади. Шеърдаги тўққиз фалак, етти юлдуз, Ой, Кун таърифлари Махтумқулининг кўнгил оламидаги коинотнинг шеърларидаги ифодасига айланганини кўрамиз. Биз Махтумқулини нафақат шоир, балки донишманд файласуф, астроном, саёҳатчи, дунё харитасини яхши билувчи географ, бир сўз билан айтганда, дунёвий илмлар билимдони сифатида хақли равишда эътироф этамиз.
Махтумқули ўз ижодида Шарқнинг буюк шоирлари Низомий, Дехлавий, Саадий, Жомий, Румий, Умар Хайём, Юнус Ҳамро, Навоий, Фузулий асарларини чуқур ўқиб ўрганган, уларни ўзига устоз тутган.
Махтумқули нафақат туркман халқининг, балки Ўрта Осиё мамлакатларининг ҳам улуғ шоири ҳисобланади. Бизнинг юртимизда Махтумқулидан тўрт қатор шеър билмайдиган инсон йўқ. Унинг шеърлари ҳофизлар томонидан куйга солиб куйланган. Ҳикматлари эса мақол ва маталларга сингиб, оддий халқ орасида суҳбатларнинг бош мавзуси бўлиб келмоқда.
Яъни халқимиз Махтумқулини ўз шоири деб тан олади. Айниқса, Махтумқули ижоди қорақалпоқ халқи мумтоз адабиётининг гултожи ҳисобланади.
Авлодларга минглаб шеър, достонлар қолдириб кетган қорақалпоқ халқининг беназир шоири Бердақнинг руҳий олами Махтумқулининг илҳом сарчашмалари билан бойиган. Бердақ:
Махтумқулини ўқиганда,
Айтар эдим ҳар замонда,
Нуқсон борми беглар анда,
Сўзин тавоб қилар эдим...
деб ёзган эди бир шеърида.
Шунингдек, қорақалпоқ халқининг Ажиниёз, Кунхўжа, Умар, Ўташ сингари қлассик шоирлари ва XX аср адабиётидаги Содиқ Нуримбетов, Аббос Добилов, Тилеўберган Жумамуродов, Ибройим Юсупов сингари атоқли намоёндалари ҳам Махтумқулини ўзига устоз билган.
Ажиниёзнинг “Бу дунёнинг кўрки одам боласи”, “Даврон бўлмади”, “Кўнглим менинг” ва бошқа кўп шеърлари Махтумқулининг руҳий оламини ёрқин акс эттиради.
Масалан: Махтумқули бир шеърида:
“Ким ғам чекди, ким йиғлади, ким кулди,
Ишратли бир гўзал замон бўлмади...”
деб ёзган бўлса, Ажиниёз:
“ Санамлар қўлида тилла соз эдим,
Авжга келтирар бир жанон бўлмади...”
деб таъриф беради.
Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижодида ҳам Махтумқулининг устозлигини англаш мумкин. Ибройим Юсупов Махтумқули ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганган ва у ҳақида бир неча мақолалар ёзган, шеърларини қорақалпоқ тилига таржима қилган. Ибройим Юсуповнинг Махтумқулидан руҳланиб ёзган “Намасан”, “Тўйи Туркманнинг”, “Ёдимга тушди”, “Бўлмаса” каби шеърларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Махтумқули “Намасан” шеърида шундай ёзади:
Қароқчими, ё саидми, хўжами,
Ё соқийми, ё шаробми, ё жомми,
Ё йилмисан, ё кундузми, кечами,
Ё Оймисан, ё Кунмисан намасан...
Ибройим Юсуповнинг шу услубда яратган шеъри шундай жаранглайди:
Йил ҳосил молига бозор тополмай
Ҳушёр тортган карвонмисан, нимасан?
Юракда шеър бўлиб, сиртга чиқолмай
Йиғлаб кетган, армонмисан, нимасан?
Кўриниб турибдики, Махтумқули шеърияти билан қорақалпоқ классик шоирлари ижодидаги бир хил услуб икки халқнинг қадриятлари, маънавияти, урф-одатлари, ўзаро бағрикенглик, биродарлик фазилатларининг муштараклигидан далолатдир.
Шу ўринда мен адабиётшунос олим, халқаро Махтумқули-Фироғий номидаги давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори Каримбой Қурамбоевнинг “Қорақалпоқ – туркман адабий алоқаларида Махтумқули ижодининг воситачилик роли” мақоласига диққатингизни қаратмоқчиман.
“Қорақалпоғистонда Махтумқули ижодига қизиқиш ҳеч қачон пасайган эмас, аксинча, йиллар ўтган сари шоир меросини янги мезонлар, янги қарашлар асосида ўрганиш, тарғиб ва таржима қилиш кучайиб боради.
Айниқса, мустақиллик йилларида Махтумқулига мурожаат ҳаётий заруратга, маънавий эҳтиёжга айланиб бормоқда. Шоирнинг ҳар бир шеърида илгари сурилган ғоялар, наинки китобхон, балки ижод аҳли учун ҳам маънавият булоғидир. Шунинг учун бўлса керак, бугунги қорақалпоқ адабиёти вакиллари, шоирлар Махтумқулига қайта-қайта мурожаат этмоқдалар, асарларидан руҳланиб шеърлар, назиралар, мухаммаслар, ўхшатмалар яратмоқда. Т.Қабулов, А.Ажиниёзов, К.Раҳмонов, Ж.Избосқонов, У.Пиржанов, А.Ўтепбергенов, Т.Сарсенбоев каби шоирларнинг Махтумқули йўлида ёзган туркум шеърларини, ғазалларига боғлаган мухаммасларини бағишловларини ибратли тажрибалар тарзида тилга олиб ўтиш муҳимдир. Ҳозир уларни номма-ном санасак, каттагина рўйхат юзага келади. Булар Махтумқулига эргашишнинг ёрқин мисоли, ижодий илҳомнинг самараларидир”.
Ўз кузатишларимдан шуни англадим-ки, Махтумқули бобомизнинг китоблари қайси халқ тилига таржима қилиниб, уларнинг китоб жавонларидан ўрин эгалламасин, у қўлдан-қўлга ўтиб титилиб-титилиб кетганини кўрамиз.
Бу ҳар қандай ижодкорнинг энг олий орзусидир. Ижодкор китоби ҳозиргина нашрдан чиққандек яп-янги эмас, унинг қайта-қайта ўқилиб варақлари титилиб, муқоваси йиртилиб кетишини истайди. Чунки китобнинг қўлма-қўл бўлаётгани ҳаёт фалсафаси, имон-эътиқод, меҳр-оқибат, ватанпарварлик фазилатларининг зиёси – шу китоб орқали инсон руҳини ёритаётганини, уни баркамол инсонга айланаётганини ҳис қилиш мумкин.
Махтумқулининг 1957-йилда Ленинградда чоп этилган, ўқилавериб титилиб кетган тўла асарлар тўпламини қўлга олганимда худди кўксимда қуёш порлаб кетгандай бўлган. Китобни ўзим ҳам қайта-қайта ўқиганман, ҳаёт хақиқатларини чуқур англаганман ва таржима қилишга киришганман. 2022-йилда бу орзуим амалга ошиб, Махтумқулининг II томлик асарлар тўплами ўзбек тилида нашрдан чиқди ва ўз ўқувчиларини топди.
Шу билан бирга Махтумқули йўлида ёзилган шеърларим бор. “Паноҳ”, “Ойнинг яхшисин”, “Кўнглимга”, “Топмассан” сингари кўпгина шеърлар шулар жумласидан. Юқорида таъкидланганидек, Махтумқули нафақат Туркманистоннинг, балки бутун жаҳоннинг шоиридир.
Шу кунларда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам Махтумқули-Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрилмоқда. Бу санани кенг нишонлаш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда ҳам Махтумқулининг жаҳон адабиётидаги ўрни алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Ҳассос сўз санъаткорининг чуқур гуманизим билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олийжаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунасидир.
Гулистон Матёқубова,
“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош мухаррири,
Қорақалпоғистон халқ шоири.
ЎзА