Шоир Абайга эҳтиром
Атоқли қозоқ шоири ва мутафаккири Абай ижодининг ўзига хослиги қозоқ оғзаки ижоди анъаналарини Шарқ классик шеърияти ва Ғарб, хусусан, рус адабиёти билан синтез қилиб, қозоқ миллий ёзма адабиёти ва адабий тилига асос солганида яққол намоён бўлади. У нафақат шоир, балки файласуф, бастакор ва йирик маърифатпарвар сифатида миллат тафаккурини ўзгартирган буюк ижодкор.
10 август куни пойтахтимиздаги Абай ҳайкали пойида ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, миллий маданият марказларининг вакиллари, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари тўпланди. Шоир таваллуд кунига бағишланган адабий тадбирда Абай ижоди ва унинг бой маънавий мероси ҳақида батафсил сўз юритилди.

Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ерали Тўғжанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Беҳзод Шукуров, Ўзбекистон Қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов, Қозоғистондаги Ўзбекларнинг этномаданий бирлашмалари раиси Икром Ҳошимжонов, шунингдек, ижодкор ва илмий зиёлилар иштирок этди.

Тадбирда Абайнинг маънавий ва интеллектуал мероси аҳамияти, шунингдек, унинг қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган маданий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари таъкидланди.
Абай ижоди Марказий Осиёнинг муштарак маданий маконининг ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг гуманистик ғоялари турли халқлар ва авлодлар вакиллари учун ҳамиша яқин ва тушунарли.

Тадбир иштирокчилари Абай ижодининг алоҳида аҳамияти, унинг адабиёт, маърифат ва маънавий маданиятни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Абай Алишер Навоий, Фирдавсий, Низомий ва Фузулий каби Шарқ мутафаккирларини ўзига устоз билиб, улардан фалсафий теранликни ўрганган. Шунингдек, Пушкин, Лермонтов, Гёте ва Байрон асарларини юксак маҳорат билан таржима қилиб, қозоқ шеъриятига янги жанр ва шаклларни олиб кирган.


Тошкентда Абай таваллуд кунининг ўтказилиши асрлар давомидаги дўстлик, муштарак тарих, маънавий яқинлик ва қардош икки халқнинг ўзаро ҳурматига асосланган қозоқ-ўзбек муносабатларининг ўзига хос хусусияти яна бир бор яққол намоён бўлгани ифодаси бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА