Шоҳимардоннинг осмонўпар арчазорлари, уч томондан тоғлар билан ўралган мовий кўллари, музликлардан томчиларга, ундан ирмоқларга ва кейин Оқдарёга айланиб шопириб, кўпириб пўртаналар ҳосил қилиб оқадиган, иккинчи ёндан эса тиниқлигида, ширинлигида тенги йўқ мовий ранг Кўкдарё Шоҳимардонга келгач иккиси қўшилиб кетадиган эртак мисол манзараларни кўргани, гиёҳлар ифорига тўйинган ҳавосидан нафас олгани юз минглаб юртимиз ҳамда хорижий сайёҳлар ташриф буюришади. Яқин кунларда уларнинг сони янада ортиши муқаррар. Зеро энди Шоҳимардонга ҳаво кемалари орқали ҳам бориш мумкин бўлади. Бу ҳақида биз Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов билан суҳбатлашдик.
– Маълумки, Шоҳимардонга бориш учун Ўзбекистон – Қирғизистон, сўнгра Қирғизистон – Ўзбекистон чегараларидан ўтиш лозим. Қайтишда ҳам ҳудди шундай. Айтингчи, сайёҳларга бу борада қандай қулайликлар яратиш мумкин?
– Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан икки мамлакат чегараларидаги ўтиш масканлари куну ту,н яъни 24 соат ишлайдиган бўлди. Қолаверса, ID карталарнинг жорий этилиши ва улар Ўзбекистон – Қирғизистон чегараларида асосий ҳужжат сифатида эътироф этилиши яна бир катта қулайлик бўлди. Натижада бир кунда Шоҳимардон йўналишининг ўзида чегарадан 15 мингга яқин йўловчи ўтмоқда. Агар 2024 йилда Шоҳимардонга жами 500 мингдан зиёд маҳаллий ва қирғиз фуқаролари ўтган бўлса, 2025 йилнинг бугунига қадар улар сони сал кам 1 миллионни ташкил этмоқда.

Олимларнинг, масалан, академик Акмал Саидовнинг таъкидлашича, Сўхда бундан 8-10 минг йил аввал, яъни водийда энг дастлабки ҳаёт пайдо бўлгани, одамлар яшагани илмий жиҳатдан исбот қилинган. Бунинг сабабларидан бири Сўхнинг гўзал табиати, маъданларга бой дарёси ва, албатта, тоза ҳавоси билан боғлиқ, дейдилар. Ҳозир ҳам шундай. Сўхга табиат билан юзма-юз бўлгани, унинг шошқалоқ дарёси сувида пишган олма-ю гуручларидан тотингани, нафас йўлларини даволовчи ҳавосини тўйиб-тўйиб симиргани борадилар.
– Қарийб 2 йилдан буён Сўхга Фарғонадан мунтазам равишда самолёт учиб бормоқда. Сайёҳ ва аҳоли бунга аллақачон кўниккан ҳамда бу ҳизматдан унумли фойдаланмоқда. Айтингчи, шундай хизмат Фарғона ва Шоҳимардон ўртасида ҳам ташкил қилинадими?
– Бугун юзлаб Америка ва Австралиядан келган сайёҳларни Сўхга самолётда олиб бордик. Уларга Сўх табиати, унинг дарё-ю чашмаси ёқди. Олдимизга катта ният қўйган эдик: Фарғонадан Шоҳимардонга ҳам учоқлар учиришни. Бугунги тадбиркорлар кечаги тадбиркор эмас. Уларнинг ўзлари шундай ташаббус билан чиқишди. Фарғонадан Шоҳимардонга вертолёт қатновини йўлга қўйишмоқчи. Ҳозир бу ҳақида ҳукумат даражасида розилик ишораси берилди. Айни чоқда вертолётни Фарғонага олиб келиш, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида вертолёт қўнадиган майдончалар ташкил этиш ишлари билан шуғулланяпмиз. Тез кунларда Фарғонадан Шоҳимардонга қатнайдиган рейслар амалга оширилади. Ва у ердаги дам олувчилар Шоҳимардондан Фарғонага олиб келинади.

– Бугунги сайёҳларнинг эҳтиёжи ҳам ўсиб боряпти ва у ранг-барангликни талаб қилади. Бу борада қандай янгиликларни айта оласиз?
– Сайёҳликнинг турлари, дарҳақиқат, кенгайиб боряпти. Энди сайёҳлар пиёда, отларда, транспорт воситаларида юришдан ташқари осмондан Фарғонани томоша қилишмоқчи. Бу талабни амалга оширишда яна тадбиркорлар ташаббусни қўлга олишди. Улар вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ва яқин ёрдами билан янги йўналиш – Фарғона вилоятини осмондан томоша қилиш хизматини ташкил этдилар. Шу бугундан бошлаб хорижий ва ички сайёҳлар, Фарғонадаги хонадон оила аъзолари бундай хизматдан бемалол фойдалана оладилар. Бунинг учун Фарғонада жойлашган “Fly izi trevl” МЧЖга мурожаат қилишлари мумкин. Улар талабга кўра Фарғона вилоятининг барча ҳудудлари, жумладан, гўзал гўшалар бўлган Шоҳимардон ва Сўх устидан ҳам парвозни амалга оширадилар ҳамда сайёҳлар водийнинг бепоён шаҳару қишлоқларини осмондан томоша қила оладилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1oTl1IHBAAw" title="Shohimardonga vertolyot qatnovi yo`lga qo`yiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА