Шоҳимардон барча юртдошларимизни чорламоқда
Пурвиқор тоғлар орасида жойлашган Шоҳимардон янада обод бўлиб, меҳмонлар билан гавжум бўла бошлади. Бугун бу ерда ким билан суҳбатлашманг, шукроналик тўла сўзларини эшитасиз. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг саъй-ҳаракатлари, сиёсий иродаси ҳамда яқин қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамлангани самарасидир.
Мўъжаз ва сўлим Шоҳимардон қишлоғи ҳақида сўз кетганда унинг бетакрор табиати, мусаффо об-ҳавоси, кўл ва булоқлари, зилол сувлари кўз ўнгимизда гавдаланади. Оқсув билан Кўксув дарёлари асрлар давомида кўҳна масканга ўзгача улуғворлик бағишлайди. Қишлоқ қадим-қадимдан Фарғона водийси аҳолисининг энг азиз зиёратгоҳи, дам олиш маскани бўлиб келган. Бу ерда Ҳазрат Али Шоҳимардон, шоҳ Толиб сингари тарихий шахсларнинг мақбаралари мавжуд.

Бир неча йил давомида бу кўҳна заминга бориш, дам олиб, зиёрат қилиш жуда қийин бўлиб, дам олувчи ва сайёҳларнинг оқими тўхтаб қолди. Айниқса, қўшни давлат ҳудуди орқали чегарадан ўтиш ниҳоятда азоб эди. Мана, йўллар ҳам очилди, ўзаро борди-келдилар қайта тикланди. Нафақат, сиёсий, иқтисодий соҳада, балки туризмда ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани ўзбек-қирғиз халқларининг орзуларини рўёбга чиқармоқда. Айни кунларда Шоҳимардонда туризм ривожи йўлида кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Дам олиш масканлари қурилди, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳам эътиборда.
Фарғона ва Боткен вилоятлари делегациялари Шоҳимардон ва Қадамжой туманларида учрашиб, сайёҳлик мавсумининг очилиш тадбирларида иштирок этди. Эндиликда юртдошларимиз осма дор йўли орқали Кўли Қуббонда бўлиб, унинг мафтункор табиатидан баҳраманд бўлади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Боткен вилояти губернатори Абдукарим Алимбоев Шоҳимардон қишлоғи марказида аҳоли билан учрашди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган тадбирда сайёҳлик мавсумининг очилиши, икки халқнинг қардошлик, дўстлик муносабатлари ҳақида сўз борди.
–Бизда мана шундай ажойиб жойлар бор, – дейди вилоят раҳбари Х. Бозоров. – Бунақанги чиройли табиатни, кўнгли пок, қалби тоза, самимий ва камтарин инсонларни худо берган. Одамларимизни тинч, хотиржам ҳаёт кечиришларини таъминлаш, ўзаро қўшни давлатлар билан баҳамжиҳат, қадрдон бўлиб яшаш, дўстлик, биродарлик алоқаларини бунданда мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат делегациялари учрашиб турибмиз. Шоҳимардонга ёшлигимизда тез-тез оила-аъзоларимиз, қўни-қўшнилар билан келиб, зиёрат қилар эдик. Мана бугун ҳам бу ерга келиш насиб қилди. Ўша пайтлар бу ерлар гавжум, гуллаб-яшнаган, одамлар кўп бўлар эди. Мана яна Президентларимизнинг юксак сиёсий иродалари билан чегараларни очиш, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, маданий соҳаларни ривожлантириш борасида саъй-ҳаракатлар қиляпмиз. Янги туристик мавсум бошланди. Тўйлар, тантаналар бўлади.

Шоҳимардонни Қадамжой билан боғловчи осма дор йўлини ҳам очдик, энди Шоҳимардонга келган туристлар Қирғизистон ҳудудидаги Қуббон кўлини айланиши, зиёрат қилишлари, дам олишлари мумкин. Шоҳимардон марказидаги истироҳат боғини таъмирлаш учун ҳам пул берамиз. Тунги чироқлар ўрнатилади, кўчалар асфальт қилинади. Марказ ободонлаштирилиб, меҳмонларнинг келишига тайёргарликни бошлашимиз керак. Энг асосийси, йўловчилар учун микроавтобуслар қўйилади. Бундан буёғига бирдам бўлиб яшашимиз керак. Икки томон халқи ҳам манфаат кўриб, турмуш даражаси, фаровонлиги ошиши зарур.
Боткен вилояти губернатори Абдукарим Алимбоев ҳам икки томон вакиллари муҳим келишувларга эришганлигини таъкидлади.
Кексалар эзгу ишлар бардавом бўлишини тилаб дуога қўл очди. Истироҳат боғида эса санъаткорлар иштирокида концерт дастури давом этди.
Шоҳимардон қишлоғига сайёҳлик мавсумининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирлар Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги “Металлург” стадионида давом этди.
Унда ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётганлиги таъкидланди.
Тадбир ўзбек ва қирғиз халқларининг севимли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди. Ватанни, дўстликни, меҳр-муҳаббатни улуғлаган куй-қўшиқлар йиғилганларга бир олам қувонч улашди.
М. Сулаймонов, ЎзА