Шоҳ ва шоир ёд этилди
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан шоҳ, саркарда ва шоир ҳайкали пойида адабий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти томонидан ташкиллаштирилган тадбирда адабиётшунос олимлар, шоир-ёзувчилар, институт профессор- ўқитувчилари,Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар академиялари курсантлари, Тошкент давлат юридик университети талабалари ва журналистлар иштирок этди.
Бобур назмидаги тароват, насрда қолдирган бой маънавий мерос ҳақида гапирилди. Сиёсий фаолияти, маърифатга ошно инсон бўлганлиги улуғланди. Бобур шахсияти ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Аллома ижодкордан қолган «Бобурнома» дек қимматли китоб ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти курсантлари ўртасида Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди. Фаол ёшлар институт раҳбарияти томонидан тақдирланди.
Тадбирда Бобур ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди. Мумтоз куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз бахш этган бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди акс этган саҳна асари йиғилганларга манзур бўлди.
Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда “Йўлбарснинг туғилиши” номли тарихий бадиий фильм ҳамда “Йўлбарс изидан” номли тарихий-ҳужжатли фильмларни суратга олишда, қолаверса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолиятини ўрганиш ва уни ёшларга кенг тарғиб қилиш ишларида фаол иштирок этиб келаётган профессор-ўқитувчилар, офицер ва курсантлар ташаккурномалар билан тақдирланди.
[gallery-1157]
Д. Маматова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА