Шогирдлари қалбида яшаётган устоз
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида Президентимиз фармони билан бир қатор соҳалар вакиллари каби олий таълим тизимидан ҳам 30 нафар раҳбар ходим ва профессор-ўқитувчи давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган эди.
Шу билан бирга, Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида ҳам Президентимиз томонидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Ватанимизнинг юксак орден ва медалларига муносиб кўрилганди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети аудиовизуал журналистика кафедраси доценти, минглаб журналистларнинг қадрли устози, публицист Сайди Умировнинг кўп йиллик фидокорона меҳнатлари эътироф этилиб, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланганди.
Шу йилнинг 15 ноябрь куни атоқли журналист 82 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, марҳум журналистнинг ҳамкасблари ва шогирдлари унинг хонадонига ташриф буюриб, журналистлар устозининг оиласига давлат мукофотини топширдилар.

– Инсон ҳаётини эзгу амаллар безайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳитов. – Моҳир публициcт, фидоий устоз Сайди Умиров ўзи тарбиялаган шогирдлари сиймосида, улар томонидан ёзиладиган халқчил мақолаларда яшайди. У кишининг номи юртимиз зиёлилари орасида доимо юксак ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади.
Дарҳақиқат, меҳрибон устоз шогирдлари қалбида ҳамиша барҳаёт.