Ватанпарварлик – инсонларнинг она юртига, ўз ошёнига муҳаббати ва садоқатини ифодалайдиган тушунча. Ватанпарварлик барча кишилар, халқ, миллатлар учун умумий бўлган, асрлар давомида сайқалланиб келган умуминсоний туйғу, маънавий қадриятлардан бири.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида мамлакатимизда кенг қамровли тадбирлар ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти Шофиркон туман бўлинмаси томонидан мазкур ойлик доирасида “Юксак маънавият – Ватан ҳимоячисининг қудрати” мавзусида “Назм”, “Тасвирий санъат”, “Энг яхши видеоролик” йўналишларида онлайн танлов ўтказилди.
Академик Тўра Мирзаев номидаги Aхборот-кутубхона марказида танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар ҳамда фаол иштирок этган 30 га яқин иштирокчига туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон туман бўлинмасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай танловларни ташкил қилишдан асосий мақсад, ёшларнинг таътил давомидаги бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ижодкор ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, аҳоли ва ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, ватанпарварлиги, ижтимоий фаоллиги ва миллат тақдирига дахлдорлиги, китобхонлик маданияти, саводхонлигини оширишдан иборат.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари.
ЎзА