Бухоро вилоятидаги Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасида фойдаланишга топширилган янги замонавий тиббиёт маскани аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Шифохона 301 бемор ўрнига ва поликлиника 260 қатновга мўлжалланган. Қурилиш қиймати 47 миллиард 335 миллион сўмлик лойиҳа доирасида бино ертўласига ёрдамчи бўлимлар, биринчи қаватга қабул ва диагностика бўлимлари, рақамли рентген, МРТ, МСКТ текширувлари жойлаштирилмоқда.
Иккинчи қаватда 17 ўринли анестезиология-реанимация, 10 ўринли шошилинч жарроҳлик, 15 ўринли режали жарроҳлик, 15 ўринли отоларингология бўлимлари ташкил этилади. Учинчи қаватдан 10 ўринли шошилинч педиатрия, 10 ўринли шошилинч терапия, 25 ўринли болалар бўлими, 6 та болалар анестезиологияси реанимация бўлими жой олади. Тўртинчи қаватда эса 90 ўринли туғруқ мажмуаси ҳамда бешинчи қаватда ҳар бир бўлим 20 ўринга мос равишда кардиология, эндокринология, терапия ҳамда неврология бўлимлари учун тайёрланган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ўктам Қуронбоев бошлиқ ишчи гуруҳи туманда бўлиб, ижтимоий соҳа иншоотлари ва маҳаллаларда аҳоли томорқаларидаги ҳолатни кўздан кечирди.
Туман марказий истироҳат боғидаги янгиланишлар, бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари меҳмонлар эътиборидан четда қолмади. Боғнинг умумий кўриниши, экологик муҳитни янада яхшилаш мақсадида мевали ва манзарали ниҳоллар ўтқазилаётгани эътироф қилинди. Бу ерда болажонлар учун шарт-шароит, жумладан, боғ ҳудудида турли аттракционлар, ўйин майдончалари мавжуд.

Ишчи гуруҳи тумандаги “Амиртех” фабрикасида ҳам бўлди. “Бухоро Агрокластер” МЧЖ таркибидаги “Амиртех” тикувчилик комплекси таъсисчиси Азамат Султонов томонидан мутасаддиларга лойиҳанинг аҳамияти, ташкил этилиши ва туман иқтисодиётига қўшаётган улуши ҳақида маълумот берилди.
Корхона “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган бўлиб, Туркия технологиялари асосида барпо этилган. Корхона замонавий тикув дастгоҳлари ва техникалар билан тўлиқ жиҳозланган ва қиймати 50 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади.

“Амиртех” тикувчилик мажмуаси ҳозир 300 га яқин иш ўрнини яратган бўлиб, бу туман аҳолисининг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Корхона пахта хомашёсини тўғридан-тўғри тайёр маҳсулотга айлантириш имконини берувчи замонавий цехлар, кенг омборхоналар, офис ва қўшимча бинолардан иборат. Ушбу комплекс фаолияти, яратилган инфратузилма ва юқори сифатли маҳсулотлар вакилларда катта таассурот қолдирди.
“Қалмақон” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли турмуш даражасини ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасида бир қатор чора-тадбир амалга оширилмоқда. Айни кунда 5 минг нафарга яқин аҳолиси бўлган маҳаллада ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, бандлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракат рўёбга чиқарилмоқда. Ўрганишлар жараёнида “маҳалла еттилиги” масъуллари ўз йўналишлари бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот берди.

Туманнинг Тезгузар ҳудудида жойлашган “Ҳаж агро” иссиқхонаси бугун нафақат сифатли маҳсулот етиштираётган хўжалик, балки иссиқхоначиликда илғор тажриба маркази сифатида танилган.
Ҳозир иссиқхонада “Барселона Ф1” ва “Аврора” навли бақлажон ҳосил бера бошлаган бўлиб, июнь ойида терим тўлиқ якунланади. Муҳими, бу ерда замонавий агротехник усуллар асосида парвариш қилинаётган ҳар бир туп бақлажондан 4 килограмм атрофида ҳосил олинмоқда.
Ишчи гуруҳ миришкорлар билан суҳбатлашди. Томорқа ва иссиқхоначиликдаги агротехник ёндашувлар, маҳсулот сифатини ошириш ва бандлик юзасидан фикр алмашилди. Албатта, бу каби замонавий лойиҳалар кўпайиши аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири