Шофирконда “Долзарб 30 кунлик” давом этмоқда
Президентимиз ғояси асосида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни қайта ишлашнинг занжирли усулига асосланган кластер тизими пайдо бўлди. Мазкур янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч – “драйвер”га айланди.
Шундай экан, бугун нафақат агросаноат мажмуи, балки у билан бевосита боғлиқ бўлган тармоқлар истиқболи кластер услуби билан боғланаётгани бежиз эмас. Тармоқда фаолият юритаётган барча инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла кафолатланмоқда, кластерлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай агробизнес муҳити яратилмоқда.
“Бухоро Зарҳалтекс” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластерининг фаолияти тизимнинг нечоғли самарали усул эканини яна бир бор исботлади. Биргина мисол, Шофиркон туманида 1 минг 500 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Мавжуд 100 дан ортиқ фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага мувофиқ ўз вақтида олиб борилган агротехник тадбирлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитларнинг етказиб берилганлиги юксак самара бериб, мўл ҳосил тўпланди.
– Давлат омборларига 4 минг тоннадан ортиқ дон топширилиб, белгиланган режа 110 фоизга бажарилди, – дейди “Бухоро Зарҳалтекс” МЧЖ директори ўринбосари Баҳодир Зиёев. – Режадан ортган дон фермер хўжаликлари ихтиёрида қолгани уларнинг моддий манфаатдорлигини оширди. Эндиги навбат пахта ҳосили салмоғини оширишга қаратилган.
Айтиш ўринли, пахтачиликда ҳам марра юқори олинган. Жорий йил эрта баҳорда 3 минг гектар ерда “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-10” каби серҳосил пахта навини қадаган кластер томонидан 1 минг 500 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Ҳозирда парвариш қизғин олиб борилмоқда.
Албатта, “Долзарб 30 кунлик” тадбирлари доирасида муҳим агротехник тадбирлар, хусусан зараркунандаларга қарши курашиш, ҳосилни сифат жиҳатидан юқори бўлишини таъминлашга ҳам кластерда ишлар қизғин давом этмоқда. Маррани катта олган кластер жамоаси аввало, ҳудуд фаровонлиги, аҳолининг муносиб турмуш шароитига эга бўлиши йўлида ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Пахтадан тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни ўз ичига олган яхлит тизим айни чоғда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланишига ҳам муносиб улуш қўшмоқда.
“Бухоро Зарҳалтекс” пахта тўқимачилик кластери ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўз қайдномаларига зарҳал ҳарфлар билан битмоқда. Айни пайтда Шофирконнинг олис чўл ҳудудлари, ёки бўлмасам, оборотдан чиққан массивларда ерларни ўзлаштириш, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга қаратилган ишлар ҳам изчил давом этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА