Шофиркон яшилликка бурканмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Қалмақон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Истироҳат боғи”да вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов ҳамда туман раҳбари Алишер Файзуллаев бошчилигида юз тупдан ортиқ манзарали кўчат ўтқазилди. Бу тадбирда ёшидан қатъий назар, аҳоли, фаоллар, меҳнат фахрийлари ҳозир бўлди.
Туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Назир Беков ва маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари иштирокида давом этган амалий тадбирларда “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинида акация, япон сафораси, катальпа, ясин, садақайрағоч каби 500 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчати ўтқазилиб, парвариши бошланган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик, шунингдек, оила ва хотин-қизлар бўлимларининг ташаббуси билан алоҳида боғлар барпо қилинмоқда. Бу боғларга яхши ниятлар билан 300 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг жойлардаги муассасалари жамоалари ҳам савоб ишдан четда эмасликларини намоён этмоқда. Шу кунларда поликлиника ва муассасалар атрофидаги ерларда жами 600 тупдан ошиқ манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилган.
Ҳудуддаги мактаблар, бошқа таълим муассасалари ҳам хайрли ишдан четда қолмаган. Жумладан, Шофиркон Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари технологияси техникуми жамоаси ҳам ташаббус билан чиқишиб, директори Шерзод Мўминов бошчилигида умуммилий лойиҳа асосида алоҳида ер майдони тайёрланиб, жами 200 тупдан ошиқ манзарали ва мевали дарахт ниҳоли қадалган.
Кўчат экиб, боғ-роғ барпо этиш, теварак-атроф мусаффолигини таъминлашдек хайрли ташаббус Қалмақон маҳалласидаги истироҳат боғида ҳам ташкиллаштирилиб, унда туман экология бўлими ишчи-ходимлари фаоллик кўрсатди. У ерда ҳам юз тупдан ортиқ кўчат ўтқазилиб, ниҳолнинг униб-ўсиши учун шарт-шароит яратилмоқда.
[gallery-14586]
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида “Мирзоқул” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳашар ёрдамида кўчалар ободонлаштирилиб, йўл бўйларига 300 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчати экилмоқда. Туман марказидаги Хожа Ориф маҳалласидаги истироҳат боғида ҳам хайрли ташаббус кенг қулоч ёйди. Айни пайтда бу ерда туман ҳокими Алишер Файзуллаев бошчилигида 500 тупга яқин манзарали дарахт кўчати ўтқазилиб, парваришланмоқда.
Ҳа, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида кузги мавсум кўчат экиш ишлари жадал бормоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари