Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам ноқонуний барпо қилинган қурилмаларни бартараф қилиш жараёни аллақачон бошланган. Хусусан, Шофиркон туманида тегишли ташкилотлар ҳамда Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан ҳудуддаги ноқонуний қурилишлар ўрганилиб, уларни ихтиёрий бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.
–Агентликнинг Шофиркон тумани бўлими томонидан 2023 йилнинг ўтган даврида жами 52 ҳолатда 14,50 гектар ер майдонлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига огоҳлантириш хати берилди, –дейди Кадастр агентлиги Шофиркон тумани бўлими бошлиғи Шерали Қуллиев. –Аниқланган ҳолатларнинг 27 тасида ер қонунбузилиши ҳолати жисмоний ва юридик шахслар томонидан огоҳлантиришдан кейин ихтиёрий равишда бартараф этилган. 2,69 гектар ер майдонлари аввалги ҳолатига қайтарилган. Суғориладиган ерларда қонунга зид қурилиш ишлари олиб борилгани учун беш ҳолатда 0,41 гектар ер майдони бўйича тўпланган ҳужжатлар қўшма тартиб асосида прокуратура органига ўтказилди.
[gallery-14423]
Кадастр агентлиги Шофиркон бўлими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 99 жисмоний ва юридик шахсга 450,57 миллион сўмдан ошиқ жарималар қўлланилди. Шунингдек, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 60-моддаси 2-қисмига асосан юритилган ишларнинг 16 таси жисмоний ва юридик шахслар томонидан биринчи марта содир этилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкасини қайтарганлиги, оқибатларини бартараф этгани учун ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик иши тугатилган.
Кадастр агентлиги Шофиркон тумани бўлими ўз олдига қўйилган режалар асосида ноқонуний ер эгаллашларнинг олдини олиш ишларини давом эттирмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари