Шоди бобо хонадонида шахматчилар беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳри аҳли Шоди бобо Муродовни лафзи ҳалол савдо ходими, маҳалла фаоли ва шахмат жонкуяри сифатида яхши танишади. Узоқ йиллар савдо тизимида ишлаган отахон азбаройи шахматга бўлган иштиёқи туфайли 2008 йилда Жиззах шаҳрида “Шоҳруҳ” шахмат клубини ташкил қилган эди. Ўтган йиллар давомида мазкур клуб аъзоси бўлган кўплаб ёшлар республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди.
[gallery-6375]
84 баҳорни қарши олган Шоди отанинг хонадони шу кунларда яна шахматсеварлар билан тўлди.
- Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб шахмат турнири ташкил этсам, дея дилимга тугиб қўйгандим, - дейди Шоди бобо Муродов. - Ниятим ижобат бўлди. Иқтидорли ёш шахматчиларнинг шижоатини кўриб, ҳавас қиламан. Уларнинг сафи кенглигини кўриб, беҳад қувонаман.
Шу куни шаҳар ва туманлардан келган 28 нафар ҳаваскор шахматчи ўзаро куч синашди. Рапид усулида ўтказилган мусобақада 7 та тур беллашувлари бўлиб ўтди. Унда 7 очко жамғарган Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи Ўктам Шералиев мутлақ ғолиб бўлди. 5,5 очко тўплаган Шароф Рашидов туманидаги Бобур маҳалласидан келган ҳаваскор шахматчи Бахтиёр Эшназаров иккинчи ўринга лойиқ топилди. 5 очко тўплаган Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Отажон Ойбеков учинчи ўринни эгаллади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат),ЎзА