Бугунги кунда кўплаб иқтидорли ёшларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиб, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимиздан бири Ширин Абдуллаевадир.
Ширин ҳозирда Хитойнинг Пекин шаҳрида жойлашган Цинхуа университетининг Ижтимоий фанлар факультети талабаси. Ёшлик пайтидан санъат билан ҳамоҳанг ўсиб-улғайган Ширин “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. У “Тантана” ашула ва рақс ансамблида шуғулланди ва давлат тадбирларида фаол иштирок этди. Турли халқаро танловларда юқори ўринларга сазовор бўлди.
Ширин Абдуллаева Ўзбекистон ва Хитой ҳамдўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ўтказилаётган тадбирларда ўзининг фаол иштироки билан ажралиб туради. Жумладан, у 2019 йил Хитойдаги Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилиш маросимида, 2022 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида, 2022 йил Пекин шаҳрида Ўзбекистоннинг мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган қабул ҳамда ШҲТ биносида ўтказилган тадбирда, 2023 йил Пекиндаги ШҲТ биносида ўтказилган Наврўз байрамларида ҳамда 2023 йил 17 май Хитой Туризм кунига бағишланган халқаро тадбирларда иштирок этган.
– 2021 йил Россия Федерацияси Сочи шаҳрида бўлиб ўтган бир қатор тадбирларда 6 та биринчи ўрин ва битта Гран-при совринини қўлга киритганман, – дейди Ширин Абдуллаева. –Шунингдек, Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Ты Супер” лойиҳасида ярим финалчи бўлиб, 2022 йил Испаниянинг Ллорет Де Мар шаҳрида бўлиб ўтган халқаро танловда қатнашдим. Унда рақс йўналиши бўйича биринчи ўрин ва қўшиқ ижроси бўйича Гран-прига сазовор бўлдим.
Цинхуа университетига киришим ҳам жуда эсда қоларли бўлган. Мен имтиҳонларни 2023 йилнинг 7 март куни Тошкентда туриб, онлайн тарзда топширишим керак эди. Тасодифни қарангки, 6 март куни “Зулфия” давлат мукофотига лойиқ кўрилганим ҳақида хабар келди. Албатта, ҳар бир ўзбек қизининг орзуси бўлган, шахсан Президентимизнинг ўзлари тақдирлаши режалаштирилган ушбу тадбирни ўтказиб юборолмас эдим. Шу сабабли университет маъмурияти билан боғланиб, давлат мукофоти билан тақдирланаётганим ҳақида айтиб, вазиятни тушунтирдик. Улар бизга 9 март куни университетнинг ўзида офлайн имтиҳонлар бўлиб ўтиши, бемалол келиб, топширишим мумкинлигини билдиришди. Шу билан имтиҳонларни Хитойнинг ўзида топширадиган бўлдим.
Имтиҳонларни топшириш учун катта опам билан борганмиз. Лекин университет ҳудудида фақат талабалар юриши мумкин экан, шу сабабли бир ўзимни олиб кириб кетишган. Ҳаяжон кучли бўлган, чунки хитой тилини опамчалик яхши билмас эдим, аслида шу учун ҳам опамни шерик қилиб олгандим. Кейинроқ мени абитуриентлар жамланган хонага олиб киришди, у ерда тенгдошларим билан суҳбат қуриб, муҳитга мослашиб, ҳаяжонларим анчагина босилган.
Хитойда ўқиш бошида мен учун озроқ қийин бўлган. Бироқ ҳозирги вақтда янги дўстлар орттирдим, маданиятини оз бўлса-да ўрганиб олдим. Озиқ-овқатлари ва шароитларини инобатга олиб, ўзимга қулай бўлган муҳит яратишга ҳаракат қилмоқдаман. Яқинда Цинхуа университетида “GLOBAL VILLAGE” фестивали бўлиб ўтди. Унда мен ҳам тенгдошларим каби фаол иштирок этдим. Хитойликларнинг кўпчилиги бизнинг маданиятимиз ва тарихимизга қизиқиш билан қарашади. Мен фестиваль доирасида ўзбек маданиятини тарғиб қилган вақтимда ичимда кучли ҳаяжон бўлди. Сабаби, мамлакатимизнинг буюк тарихи ва ҳозирги кундаги ҳаётини акс эттириб беришга ҳаракат қилдим. Барча иштирокчилар ва кузатувчилар чиқишимни жуда илиқ қарши олишди. Бу менга янада мотивация берди.
Келажакда ўқишимни магистратура босқичида давом эттираман. Ўқишларимни тамомлагач, албатта, она Ватанимга қайтаман, Ўзбекистонимиз ривожига ўз ҳиссамни қўшиш, ота-онамнинг орзу ва истакларини рўёбга чиқариш, мамлакатимизга ўз соҳамнинг мутахассиси сифатида фаолият кўрсатишни режа қилганман. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ва янада олға интилишдан тўхтамайман.
Тенгдошларимга тавсияларим шуки, авваламбор, мактабда бошланғич билим ва кўникмаларни пухта ўрганиши, хориж тилларини ўрганишни бошлашлари лозим. Ўз қизиқишларини аниқлаб, шу соҳага эътибор қаратган ҳолда фақат олдинга интилишлари муҳим роль ўйнайди.
Ширин Абдуллаева “Қисмат битиги” ўзбек сериалида бош қаҳрамоннинг синглиси ролини, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида суратга олинган “Меросхўр” фильмида бош қаҳрамон ролини ҳамда россиялик таниқли кинорежиссёр Артём Михалков суратга олган “Мистер Нокаут” фильмида Асмира ролини ижро этган.
Гулноза Бобоева,ЎзА