Ўзбекистоннинг Хитой билан савдосининг қарийб 10 фоизи Шинжон Уйғур автоном райони ҳиссасига тўғри келади. Мазкур ҳудуд етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 млрд. долларни ташкил этади. Шу сабабли, айнан Шинжон Уйғур автоном райони Ўзбек-Хитой ҳамкорлигининг дарвозаси десак янглишмаймиз. Жадал ривожланаётган минтақанинг маъмурий, иқтисодий, таълим, транспорт ва маданий маркази Урумчи шаҳри ҳисобланади.
Хитой – йирик ва шу билан бирга қадимий тарихга эга кўпмиллатли мамлакат. Шинжон Уйғур автоном райони (ШУАР) – Хитойдаги энг йирик маъмурий-ҳудудий бирлик. ШУАР ҳудуди Хитойнинг шимолий-ғарбини эгаллаб 1,5 млн. квадрат километрни ташкил қилади. Шинжон – бу Буюк ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғлиқ, чунки айнан савдо йўли туфайли минтақада маданият янада ривожланди. Эрамиздан аввалги II асрдан бошлаб минтақада карвонсаройлар, йирик савдо марказлари, ҳарбий истеҳкомлар қурилиб, кейинчалик улар йирик шаҳарларга айланди.
Бугунги кунда ҳам Уйғуристондаги кўплаб тарихий ва диққатга сазовор жойлар асрлар сирини ўзида сақламоқда. Уларнинг аксарияти дунёдаги энг хавфли чўллардан бири – Шинжоннинг кўплаб шаҳарлари жойлашган Такламакан чўлининг қумлари орасида яширинган. Шинжоннинг табиати жуда қаттиқ бўлишига қарамай, бу чўл ва Шарқий Туркистон шаҳарлари жойлашган гўзал яшил воҳалар кишини ўзига жалб қилади.
Урумчига борган ҳар бир сайёҳ Эрдаоцяо бозорига кирмасдан қайтмайди. Эрдаоцяо хитой тилидан таржима қилинганда «Катта бозор» деган маънони англатади. Дастурга биноан, ўзбекистонлик журналистлар ҳам «Катта бозор» фаолияти билан танишди. Бозор нафақат ШУАРдаги, балки Хитойдаги энг катта бозор дея тан олинган. Унинг тарихи 130 йилга бориб тақалади. Урумчи бозори – минтақадаги маҳаллий товарларнинг энг йирик чакана ва улгуржи бозори ҳисобланади. Бу ҳақиқат. Сиз ўзингиз хоҳлаган бирон бир нарсани сотиб олишингиз мумкин бўлган дунёдаги ягона ва улкан бозор. Ўлчовни тасаввур қилинг – халқаро катта бозор 40 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Бозор майдони билан бирга бошқа объектларни ўз ичига олган мажмуанинг умумий майдони 100 минг квадрат метрни ташкил қилади. Бозорни бир кунда айланиб чиқишнинг имкони йўқ.
Тарихи бир асрдан узоқ бўлган бозор қайта таъмирланиб, расман 2003 йил июнь ойида очилган (Урумчи марказий бозорида иккита ёпиқ павильон бор: бири 1982 йилда, иккинчиси мусулмон меъморчилиги руҳида 2001 йилда қурилган). Катта бозордаги асосий савдогарлар уйғурлардир. Эрдаоцяо бозори хорижий сайёҳларни маҳаллий халқлар урф-одатлари билан таништириш имкониятига эга бўлган жой ҳисобланади. Эрдаоцяо яқинида масжид ва асосий музейлар жойлашган.
Таҳлилчилар бозорга баҳо беришганида «Хитой ва Марказий Осиё маданиятларининг Ислом меъморчилиги ва замонавийлиги билан ўзига хос аралашмаси» эканлигини айтишади. Эрдаоцяо бозори маҳаллий саноат, маданий хусусиятлар ва урф-одатлар намойиш этиладиган улкан майдон ҳамдир. Бу ерда кўплаб сайёҳларни, кўплаб харидорларни, шунингдек, фақат томоша қилиш учун келганларни учратиш мумкин. Бозордаги ҳамиша очиқ устахоналарда сизнинг кўзингиз олдида ноёб маҳсулотлар – каштадўзлик, миллий бош кийимлар, миллий либослар, маҳаллий мусиқа асбоблари қўлда тайёрланади.
Баландлиги 80 метр бўлган, аллақачон Урумчининг рамзига айланган кузатув минораси эътиборни тортади ва, албатта, маҳаллий таомларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бизга айтишларича, бу ерда Хитойда истиқомат қилувчи 56 та миллат ошхоналарига хос таомларни татиб кўришингиз мумкин экан.
Урумчи турли мамлакатлардан келган савдо йўллари ва цивилизациялар кесишган шаҳар ҳисобланади. Шу сабабли бу ерда қўшни мамлакатлар маҳсулотларни топиш мумкин. Ҳар қандай бозорда бўлгани каби бу ерда ҳам савдолашиш мумкин. Бозорни тунда томоша қилиш завқли. Тунда турли рангдаги чироқлар ёқилади ва бозор маҳаллий этник қўшиқ ва рақслар ижролари марказига айланади. Туризмга қаратилаётган эътибор туфайли сўнгги йилларда Урумчига келаётган сайёҳлар оқими кўпайган. Кўпчилик сайёҳлар уйғур таомларини, айниқса маҳаллий тандир нонини(«муҳаббат нони» дейилади) татиб кўриш учун ҳам Урумчига ошиқади. Нон бозори учун алоҳида жой ажратилган. Нонларни татиб кўришнинг ўзи алоҳида тадбир десак янглишмаймиз. Аввалига меҳмонни ўтқазишади, сўнг чой олиб келишади. Гастрономик туризмга қизиққан сайёҳлар Катта бозордан мамнун бўлиб чиқишлари аниқ. Урумчи бозори сувенирларга ҳам бой. Бу ердан турли сувенирларни харид қилиш мумкин.
Ўзбекистонлик журналистларни маркази Гуанчжоу шаҳрида жойлашган "GAC Group" (Guangzhou Automobile Group Co., Ltd.) автомобилсозлик компаниясининг Урумчидаги филиалига таклиф қилишди. Бир сўз билан айтганда, бу иншоотга амалга оширилган экскурсия жуда қизиқарли бўлди. Журналистлар автомобилларнинг ишланиш жараёни билан танишиб, бу борада батафсил маълумотга эга бўлди.
"GAC Group" – сотилган автомобиллар сони бўйича Хитойнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилари рўйхатида етакчи ўринлардан бирини эгаллаган йирик ва жуда муваффақиятли компания ҳисобланади. "GAC Group" компанияси "Trumpchi" савдо маркаси остида енгил автомобиллар, "Gonow" маркаси остида енгил ва юк машиналари, "Changfeng Motor" маркаси остида йўл танламас автомобиллари, шунингдек, GAC Bus автобусларини сотади. Шинжондан электр транспорт воситаларининг экспорти 363,3 фоизга ошди.
Бундан ташқари компания қўшма корхоналарида Fiat, Honda, Mitsubishi ва Toyota автомобиллари ишлаб чиқарилади.
"Trumpchi" корхонасида бир кунда ўртача 40 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш тўлалигича автоматлаштирилган. Ишчилар фақат назорат қилиб туришибди. Цехлар топ-тоза.
Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда Хитойда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ўзининг сифатлилиги билан ажралиб туради ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида харид қилинади. «Бир йўл, бир камар» лойиҳаси доирасида Хитой автомобиль саноати жаҳон даражасига чиқиб олди.
Ўзбек журналистларининг Шинжон Санъат институти ва "ASIA Cuanon" компаниясига ташрифи ҳам жуда қизиқарли бўлди.
Халқимиз мақом санъатига катта қизиқиш билан қарайди, қадрлайди. Мақом ўзбек ва тожик халқларида бир хил номда – Озарбайжонда муғом, Эронда нуғба, уйғурларда муқом деб юритилади ва улар бир маънони англатади. Мумтоз оҳангларимизнинг илдизи битта. Фақатгина айрим фарқлар ва ўзига хосликлар мавжуд. Ўзбек мақоми сўзларидаги бой маъно барча замонларда эътироф этилган. Уйғур мақоми ижросида гўзал қочиримларга эътибор кучлироқ. Туркий халқлар мақомида умумий жиҳат куй авжи ва тугалланишига алоҳида аҳамият қаратилишидир. Уйғурлар мақом(муқом)га алоҳида меҳр билан муносабатда эканлигига Ван Туншу номидаги «12та муқом» кўргазмалар залида гувоҳ бўлдик. Муқомлар – асрлар давомида эстетик идрокнинг мусиқий манбаларини юмшатган ва шаффофлаштирган Уйғур халқининг бадиий дунёқараши. Уйғур муқомлари асрлар давомида эшитилиб келинаётган анъаналарнинг ўзига хос мусиқий симфониясидир. Уйғур муқомлари- бу энциклопедия, дунёни чуқур англаш ва уйғур халқининг ижодий кучларини акс эттирувчи гўзал санъат галереясидир. Мусиқа фанининг изчил ривожланиши муқомшунос ва мусиқашунос олимларнинг чуқур ва машаққатли тадқиқот фаолияти натижасидир. Улар уйғур мусиқий меросини, «Ўн икки уйғур муқомлари»нинг шаклланиши ва ривожланишини ҳар томонлама тадқиқ қилдилар. Урумчида 2010 йилда замонавий ва анъанавий уйғур меъморчилиги усулида Шинжон «Муқом» бадиий театри биноси қуриб фойдаланишга топширилган.
Театрнинг умумий майдони 17 минг кв.метрни ташкил қилади. Бу ерда ўтган асрнинг 80 йилларида ташкил топган «Муқом» ансамбли фаолият юритади. Жамоа 2005 йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган мақом санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонлик журналистлар учун ишлаб чиқилган дастур ўта қизиқарли бўлгани учун ҳам Урумчидаги икки кун қандай ўтганини сезмадик. Маҳаллий бизнес ривожланаётгани боис шаҳар гуллаб-яшнамоқда. Биз фақат тараққиётнинг озгина қисминигина кўрдик, холос. Урумчи ўзининг тиббиёти, транспорт ва бошқа лойиҳалари билан машҳурлигини унутишимиз керак эмас. Демак, бу шаҳарга қайта-қайта келишимиз аниқ.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА