Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон Уйғур Автоном Райони ўтган йили хавфсиз сайёҳлик маскани сифатида рекорд миқдордаги сайёҳларни қабул қилди. Ўтган йили минтақага ташриф буюрган сайёҳлар сони 265 миллион кишига етди, 2012 йилда бу кўрсаткич 48,6 миллион кишини ташкил этган эди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, сайёҳлар назарида Шинжон жамоат тартибини мукаммал бошқариш ва хавфсиз ижтимоий муҳитга эга бўлган жойга айланди. Минтақа аэропортларида йўловчи ташиш ўтган йили биринчи марта 40 миллиондан ошди. Бу рақамлар нафақат Шинжонда туризм саноатининг кучли суръатини акс эттиради, балки одамлар бандлигини кенгайтириш, истеъмолни рағбатлантириш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишдаги ролини ҳам намойиш этади. 2024 йилда Шинжон ҳукумати сайёҳлик соҳаларида бир қатор инфратузилма лойиҳаларини бошлади, маҳаллий туризм ресурсларини ривожлантиришда иштирок этиш учун йирик корхоналарни жалб қилиш мақсадида трансчегаравий туризм ва халқаро туризм соҳасидаги ҳамкорлик зоналари учун тажриба зоналарини яратди.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан мамлакат шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон Уйғур Автоном Районига сафар қилган ўзбекистонлик журналист ва олимлар Или-Қозоқ автоном округига ҳам боришди. Шу ўринда кўпчилик Хитойдаги маъмурий бирлик сифатида кўриладиган “Район”ни туман дея таржима қилади ва ишлатади. Бу мутлоқо нотўғри. Масалан, уйғурларнинг ўзлари Район сифатида ишлатади. Шунингдек, Или-Қозоқ автоном округи қозоқчада “Іле Қазақ автономиялық облысы”, уйғурчада эса “Или Қазақ аптоном вилайәти” сифатида қўлланилади. Демак, биз Или Қозоқ автоном вилояти десак тўғрироқ бўлади. Ўз навбатида Или Қозоқ автоном вилояти ҳам бир нечта округ, уезд ва шаҳар уездларига бўлинган. Округлар қозоқчада “аймақ”, уйғурчада “вилоят” деб юритилади. Шаҳар уездларини қозоқлар “қаъла”, уйғурлар “шаҳар” деб аташади. Уездлар эса қозоқчада “аудан”, уйғурчада эса “ноҳия” деб юритилади.
Чет элга сафарга чиқмоқчи бўлсам, одатимга кўра, борар манзилимни интернет орқали ўрганаман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Дастурда Урумчидан Нарат миллий ўрмончилик қўриқхонасига бориш кўрсатилган эди. Қанча қидирмай интернет Нарат шаҳрини топиб бера олмади. Урумчи аэропортида ҳам Нарат шаҳри кўрсатилмаган эди. Таваккал қилиб учдик. Бир соатлик парвоздан кейин 100 кишилик самолёт бепаён дала ўртасидаги 2-3та кичик самолётларга мўлжалланган аэродромга қўнди. Бизларни Или Қозоқ автоном вилояти ташқи ишлар бошқармаси ходимлари кутиб олди.
Нарат дашт ландшафт зонаси Шинжон Уйғур автоном районининг Или дарёси водийсининг шарқий қисмидаги Синьюань уезди ҳудудида жойлашган. Унинг умумий майдони 960 квадрат километрни ташкил қилади. Жанубдан шимолга дашт зонаси, фолклор зонаси ва сайёҳлар учун кемпинг мавжуд. Бу ер Шинжон Уйғур Автоном Районининг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан биридир. Асосий объектлари - ёзги яйлов (Сямучан), Кэцзылася шаршараси, Вантяньдун ғори ҳисобланади. Шунингдек, бу ер Хитойнинг олтита энг гўзал даштларидан бири бўлиб, 2011 йил январ ойида давлат тоифасидаги 5А сайёҳлик зонаси мақомини олди.
"Нарат" мўғул тилида "қуёш билан ёритилган жой" деган маънони англатади. Бу ном афсонадан келиб чиққан: "Чингизхоннинг ғарбга юриши пайтида унинг қўшинларининг бир қисми Тяншан тоғ тизмалари бўйлаб Или йўналиши бўйича тор йўл бўйлаб йўлга чиқди. Баҳор бўлишига қарамай тоғларда қалин қор ёғди. Оч ва совуқотган жангчилар жуда чарчаган эдилар. Тоғни кесиб ўтишганларида, улар қуёш билан ёритилган ям-яшил гулли даштларни кўриб ҳайрон қолишди ва шодланишди. Жангчилар бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлдилар ва шодликда: "Нарат, нарат", деб бақиришди. Даштнинг номи ана шундан келиб чиққан.
Аммо Или Қозоқ автоном вилояти ташқи ишлар бошқармаси ходимлари “Нарат” номи “Нор от” деган маънони англатишини таъкидлашди. Бизларни Нарат тоғларининг шимолий қисми (Тяншань тоғлари тизмалари)да жойлашган «Нарат» Миллий ландшафт боғига олиб боришди. Кўплаб чет эл мамлакатларида бўлганман, аммо бунақа гўзал ва сўлим манзарани кўрмаганман. Ўрмон боғи арчазорлар негизида яратилган. Парк ходимларининг сўзларига кўра, арча экилган майдон 10 гектардан ортиқ. «Нарат» Давлат ўрмон боғи 1999 йилда очилган. Бу хитойлик ва чет эллик сайёҳларнинг севимли дам олиш масканларидан биридир. Даштда иссиқ сув, телевизор, кондиционер ва цивилизациянинг бошқа афзалликлари бўлган шинам коттежларда тунашингиз мумкин бўлган бир нечта туристик базалар мавжуд. Ёз - Нарат даштларида иссиқ сайёҳлик мавсуми ҳисобланади. Июл ойининг бошларида ҳар куни бу ерга беш мингга яқин сайёҳ келади. Ўсимликларга бой Нарат даштлари дунёдаги тўртта йирик даштлар қаторига киради. Нарат даштларида ўртача йиллик ёғингарчилик 800 мм бўлиб, бу ем-хашак ўсимликларининг ўсишига ҳисса қўшади. Бу ер кўплаб парранда ва даррандалар учун яшаш жойидир. Нарат Дашти - жануби-шарқда баланд тоғ тизмаси билан чегарадош ва шимоли-ғарбда Гуннаис дарёсида жойлашган улкан яйлов бор.
Хоргос (Қорғаш) уездидаги шафтолизор қишлоғига бордик ва меҳмон уйларни кўрдик. Сайёҳатчилар учун барча шароитлар яратилибди. Шундан сўнг Чжунхуа Фушоушань табиат боғига бордик. Бу ердаги манзаралар одамга хуш кайфият бағишлайди.
Ҳа, айтганча, аэродромдан Нарат водийси томон келар эканмиз, йўлбошловчилардан ўзбеклар яшайдиган масканлар ҳақида сўрадик. Улар “йўлда Қорасув қишлоғи борлигини, у ерда фақат ўзбеклар истиқомат қилишини” айтишди. Айтишларича, ҳукумат кам сонли аҳоли учун миллий руҳда уйлар қуриши учун бюджетдан маблағ ажратар экан. Буни биз Қорасув қишлоғидан ўтиб кетаётганимизда (афсус, вақт тиғиз бўлгани боис тўхтамадик) ўз кўзимиз билан кўрдик. Биз кўрган ўзбекларнинг уйлари ўтган асрнинг 20-30 йилларидаги ўзимиздаги (“Ўткан кунлар” фильмида акс этган) уйларни эслатиб юборди.
Кун бўйи табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиб, Или Қозоқ автоном вилоятининг маъмурий маркази Ғулжа (уйғурча: غۇلجا, Ғулҗа) ёки Инин (хитойча, пиньинь: Yíníng) га кечқурун кириб келдик. Айтишларича, шаҳар ўрнида қадимда лама ибодатхонаси бўлган. Ғулжа топонимининг этимологияси ҳам шу ибодатхона номи билан боғлиқ, дейишади. Бироқ маҳаллий халқ ўртасида сақланиб қолган маълумотларга кўра, Ғулжа — архар сўзининг қадимий туркий номидир. Шаҳарда 2400—2500 йиллар муқаддам мисдан ясалган архар ҳайкали топилган. Бу эса Ғулжа топонимининг тарихи эрамиздан аввалги 5-асрга бориб тақалишини кўрсатади. Ғулжа ва унинг атрофида топилган 3 минг йиллик тарихга эга археологик буюмлар (олтин ва мисдан ясалган ҳайвон ва одамлар ҳайкалчалари, маиший буюмлар ва бошқалар) бу ерда қадимдан ривожланган маданият мавжуд бўлганини кўрсатади. Чингизхоннинг 2-ўғли Чиғатой ҳукмдорлиги даврида шаҳарда ҳунармандчилик ривожланди. Жунғария хонлиги даврида (1635—1755) хон ўрдаси Ғулжага яқин ерда жойлашган. Цин империяси Ғулжада ўз ҳарбий қўмондони ва қўшинларини жойлаштирган. Ўша даврда Ғулжа атрофида 6 қалъа қурилган. 18-асрда шаҳар айниқса ривожланди.
Ғулжада асосан уйғур, қозоқ ва дунганлар истиқомат қилади. Ғулжа шаҳар уезди 8 та маҳалла қўмитаси, 1 та посёлка ва 8 та волостдан ташкил топган. Инин йирик тўқимачилик маркази ҳисобланади. Тяньшань тоғ этакларидаги гуллар майдонига кўплаб сайёҳлар қизиқиш билдиради. Шаҳар марказида “Олти юлдуз” номини олган кўча бор. 2010 йил ШУАР Халқ ҳукумати қарори билан кўчага шу ном берилган. Айни дамда бу ерда бешта тарихий бино ва битта муниципаль бўлинма жойлашган бўлиб, улар маданий мерос обидаси сифатида муҳофаза қилинади.
Ўзбекистонлик журналистлар Ғулжанинг эски шаҳар қисмидаги «Казанчи» (“Қозончи”) туристик зонасига ҳам борди. «Қозончи» зонаси салкам 23 квадрат километрни ташкил қилган бўлишига қарамай, айни дамда 4,2 квадрат километр ҳудуд ўзлаштирилган. Маҳаллий туризмни ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлаш мақсадида 2007 йилда 100 млн. юан миқдорида инвестиция киритилган. Мазкур ҳудуд 4A даражадаги миллий туристик диққатга сазовор жой ҳисобланади. Айни дамда 5A даражасига чиқариш мақсадида саъй-ҳаракат қилинмоқда.
Ёрқин ва шовқинли тарихий кўчалар бўйлаб юрар экансиз, беихтиёр уйларнинг меъморий хусусиятларига эътибор қаратасиз. Диққатингиз ҳаёт ва рангларга тўла ёдгорлик дўконларига қаратилади. Мазали ҳидлари анқиб турган таомлар ўзига жалб қилади, ажойиб мусиқадан маст бўласиз. Маҳалладаги тош уйлар сизни ўтмишга чорлайди. Бу ерга келганлар қониқиш билан қайтишлари аниқ.
Қадимий маҳаллада Цин сулоласи ҳукмдорлигидан то шу бугунгача бўлган даврга оид 300 дан ортиқ қадимий иншоатлар бор. Бу ерда турли миллат ва элатларнинг халқ ва ошхона маданиятига оид номоддий маданий мероси билан танишиш имконияти яратилган. Бу ўз навбатида 3 000 дан ортиқ кишининг иш билан таъминланишига сабаб бўлган. Минтақада яшовчи халқларнинг анъаналарини намойиш қилиш мақсадида ўша халқларнинг уйлари ва анъаналари асл ҳолича сақланган.
Ғулжа шаҳрида 56 миллат вакиллари яшайди. Биз Хитой меъморчилиги асосида барпо қилинган Шанси жомеъ масжидига бориб, у ердаги шароитлар билан танишдик. Айтишларича, масжид 1741-1761 йиллари шансилик уста-ҳунармандлар қўли билан бунёд этилган экан. Масжид 2010-2015 йилларда реставрация қилинган. Масжид имом хатиби Ҳасан ҳожи ибн Тоҳирнинг таъкидлашича, шаҳарда истиқомат қиладиган қозоқ, уйғур, дунган, қирғиз, ўзбек, татар ва бошқа миллатга мансуб фуқаролардан 500 нафари жума намозида, ҳайит кунлари 2 ярим мингга яқин одам масжидга келар экан. Масжид кутубхонасида диний мазмундаги китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар бор.
Ғулжага ташрифимиз мобайнида қадимги сўлим карвонсарой ўрнида фаолият юритаётган Ўлкашунослик музейига бориш насиб қилди.
Шарофиддин Тўлаганов