Шимолий Кореяда расман коронавирус қайд этилмаган бўлсада, аҳоли огоҳликни йўқотмаяпти
КХДР раҳбари Ким Чен Ин мамлакатдаги етакчи Корея меҳнат партияси сиёсий бюроси саъй-ҳаракатлари туфайли коронавирус ушбу давлатга бостириб кира олмаганини эълон қилди.
КХДР раҳбари Ким Чен Ин мамлакатдаги етакчи Корея меҳнат партияси сиёсий бюроси саъй-ҳаракатлари туфайли коронавирус ушбу давлатга бостириб кира олмаганини эълон қилди. Мазкур баёнот KCNA (Korea Central News Agency) агентлиги томонидан тарқатилди.
«Биз соғлиқни сақлаш соҳасида бутун дунёда инқироз юз берган бир пайтда хавфли вирус тарқалишининг олдини тўлиқ олишга муваффақ бўлдик ва эпидемияга қарши барқарор вазиятни таъминладик», — деди Шимолий Корея раҳбари сиёсий бюронинг эпидемияга қарши олти ойлик ишлари якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида сўзга чиқаркан.
Нотиқ ушбу ҳолатни «узоқни кўра оладиган раҳбариятнинг» «ажойиб муваффақият»и, шунингдек партия Марказий қўмитаси томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилган корейсларнинг «юқори онг» намойиш этиши натижаси, деб атади.
Шу билан бирга у қўшни давлатларда касаллик қайта урчиши кузатилаётгани муносабати билан фуқароларни «мутлақ ҳушёрлик»ни сақлаган ҳолда, эпидемиянинг олдини олишга қаратилган чораларни сусайтирмасликка чақирди.
Сиёсий бюро йиғилиши кеча бўлиб ўтган. Дарвоқе, айни пайт бутун дунёда коронавирусга учрагани аниқланган кишилар сони 10 миллиондан ошиб кетди. 500 мингдан зиёд одам ушбу касаллик қурбони бўлди. Пандемиядан жиддий зарар кўрган кўпчилик мамлакатларда эса карантин чоралари юмшатилмоқда.