Шифокор беморларни кўрикдан ўтказди
Тошкент шаҳар травматология ва ортопедия илмий текшириш институтининг олий тоифали мутахассиси Олимжон Жаббарбергенов Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида бўлиб, болалар хирургик жароҳатлар бўлими мутахассислари билан бўлимда даволанаётган ёш беморларни тиббий кўрикдан ўтказди.
Олимжон Жаббарбергенов ўсмир беморларда тиббий ташхис ва айни кундаги жисмоний ҳолатига қараб тегишли тавсия ва кўрсатмаларни берди. Шунингдек, мураккаб операцияларга муҳтож беморларда замонавий юқори технологик жарроҳлик амалиётларини қўллаш билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Шу билан бирга, бўлимда илмий тадқиқот ва изланиш олиб бораётган ёш олим-мутахассислар билан очиқ мулоқотда бўлди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ҳозирда тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, травматолог тор доирадаги мутахассислар ўртасида кам инвазив юқори технологияли травматологик ва ортопедик операцияларни жорий қилиш ва муваффақиятли ўтказиш, беморларни соғломлаштириш ва даволаш профилактикаси хусусида маъруза қилди.

Олий тоифали шифокор болалар хирургик жароҳатлари бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда тиббиёт масканида навбатдаги мураккаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётида ҳам иштирок этди. Жумладан, “ўнг сон суяги бўйинчасидан ёпиқ синиши” ташхиси қўйилган икки ёшли болада юқори малакали тиббиёт жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Бу жарроҳлик амалиёти маҳаллий врач мутахассисларга маҳорат дарси вазифасини ўтади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири