Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғидаги шифобахш ўсимликлар ҳам бепоён тоғу-даштларга фусункор табиат инъом этган ноёб бойлик.
Шу кунларда мафтункор табиат масканига қадам ташласангиз турли дардларга дармон бўладиган юзлаб турдаги гиёҳни учратасиз.
Қуёш тафти тоғу тошни ҳам, дала-даштни ҳам қиздираётган айни ёз чилласида попукли омонқора, тубулғасимон бўйимадарон, ошловчи тотум, далачой, оқ гулхайри, тиканли ковул, мовийранг кўзтикан, сачратқи, сигирқуйруқ сингари доривор ўсимликларнинг турфа рангларда солланиб, товланувчи нафис гуллари ифоридан сархуш бўласиз.
- Тоғлар қўйни доривор ва озуқабоп ўт-ўланлар билан янада файзли, янада мафтункор бўлиб қолди, - дейди табиат боғи директори Нуриддин Саттаров. - Ҳудудни назоратчилар қўриқлаб, уларни кўпайтиришга алоҳида эътибор бераётгани ўсимлик дунёсини бойитишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда гулга ўтирган гиёҳлар ҳадемай пишиб, етилади. Уларни кўпайтириш, йўқолиб кетиш арафасида турганларини асраб-авайлаш фармацевтика саноатимизнинг келгуси ривожида муҳим ўрин тутади. Бугун боғимизга келаётган табиат шайдолари бу ердаги шифобахш ўсимликлар ифоридан тўйиб, қушдек енгил бўлмоқда. Гўзал манзаралардан баҳра олиб, ўзгача завқу шавқ туймоқда. Салқин ва мусаффо табиат қўйнида мириқиб хордиқ чиқараётир.
Ҳисор тоғ тизмалари бағридаги миллий табиат боғи 27 минг 851 гектар майдонда ташкил этилган. Бу ернинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси давлат муҳофазасига олинган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири