ШҲТнинг Тошкентдаги бўлинмасида ҳам Эрон байроғи кўтарилди
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ)нинг Тошкентдаги қароргоҳида Ташкилотнинг янги аъзоси – Эрон Ислом Республикаси байроғи кўтарилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Давлат Хавфсизлик хизмати масъул шахслари, ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатларнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, аъзо давлатларнинг МАТТ таркибидаги доимий вакиллари иштирок этди.
Маросимни очаиб бераркан, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев, жумладан, шундай деди:
– Ҳозиргина биз видеоконференция алоқа воситаси ёрдамида ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Эрон Ислом Республикасини Ташкилотимизга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги тарихий қарорига гувоҳ бўлдик. Бундан буёнШҲТнинг зумрад-ҳаво ранг байроғи ёнида “Шанхай руҳи” бирлаштирган 9 давлат туғи мағрур ҳилпирайди. Фурсатдан фойдаланиб, мен барча аъзо мамлакатларни жипслик ва ўзаро ишончга асосланган эзгу анъаналаримизни давом эттириш ва янада ривожлантиришга, биргаликда Ташкилотимизнинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги ролини, аҳамиятини бундан ҳам кучайтиришга ҳисса қўшишга чақираман.
[gallery-12587]
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ўз чиқишида тузилманинг янги аъзоси байроғи кўтарилишига бағишланган анжуман Ташкилот таркибидаги давлатлар кучли иштиёқ билан тараққиётнинг янги босқичи сари дадил одимлаётганини барчага яққол намоён этишини таъкидлади.
–ШҲТ Хартияси ва Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага таяниб иш кўрадиган мамлакатларимиз ўзаро ишонч, тенглик, маслаҳатлашув, ранг-баранг цивилизация ва тамаддунларни ҳурмат қилишга асосланган “Шанхай руҳи”га, шунингдек биргаликда тараққий этиш тамойилига оғишмай амал қилади, – дея ишонч билдирди дипломат.
Ғ.Хонназаров, М.Амин (сурат), ЎзА