Пекин шаҳридаги ШҲТ Котибиятида Бутунхитой ёшлар федерацияси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар кенгашининг XVIII йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз делегацияси номидан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова иштирок этди.
Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларнинг ёшлар ҳаракати етакчилари ўз мамлакатларида ёшларга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ҳамкорлик масалаларини янада кучайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Тадбирда Ёшлар кенгаши ШҲТ мамлакатларида ёшлар сиёсатини амалга оширишда муҳим платформа экани таъкидланди. Кенгаш фаолиятини “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида янада фаоллаштириш ва ташкилотга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида дўстона ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Д.Каттахонова иштирокчиларни мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан таништириб, ШҲТ мамлакатлари билан бир нечта йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга доир таклифларни билдирди.

Жумладан, ёшлар тадбиркорлигини кенгайтириш, стартап ва замонавий касбга йўналтириш, ТОП университетлар битирувчилари ҳамжамиятини шакллантириш, ёшлар орасида ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилувчи медиа контент яратиш каби йўналишлар хусусида тўхталди.
Йиғилиш якунида ШҲТ Ёшлар кенгашига раислик Хитой Халқ Республикасидан Қирғиз Республикасига топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА