ШҲТ Миллий координаторлари Тошкентда тўпланди
Бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бошланди.
Тошкент шаҳрида жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор уюшмаси биносида гибрид шаклда бўлиб ўтаётган учрашувда тузилмага аъзо барча мамлакатлар ҳамда Ташкилот Котибияти вакиллари иштирок этяпти.

Ўзбекистон раислигида кечаётган, ўзига хос рамзий маънода 15 июнь – ШҲТ ташкил топган кун олдидан иш бошлаган бу галги анжуман кун тартибидан, одатдагидек, бир қатор муҳим ва долзарб масалалар ўрин олган.
Делегациялар вакиллари дастлаб 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши навбатдаги мажлисига тайёргарликнинг боришини муҳокама қилдилар. Мавзу юзасидан Ўзбекистон томонининг ахбороти тингланди, атрофлича фикр алмашилди. Саммитда кўриб чиқиладиган ҳужжатлар, Самарқанд декларацияси, қабул қилинадиган қарорлар лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тўрт кун давом этадиган тадбир давомида қатнашчилар ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлари кенгашлари йиғилиши билан боғлиқ тайёргарлик ишларини ҳам таҳлил қилади. Бу жараёнда ТИВК дастури, ШҲТ Котибияти ҳисоботи ва муҳокамага киритиладиган ҳужжатлар рўйхати кўриб чиқилади.
Анжуманга 17 июнь куни Марказий Осиё халқаро институтида бўлиб ўтадиган ШҲТ Хартиясининг 20 йиллигига бағишланган Халқаро конференция якун ясайди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА