“ШҲТ мамлакатлараро тараққиёт мулоқоти” бошланди
ШҲТ ташкил топганига 25 йил тўлди. Шу сана муносабати билан бу нуфузли халқаро ташкилотга аъзо давлатлар журналистлари, медиа арбоблари, ОАВлари вакилларининг Бишкекда “ШҲТ мамлакатлар аро тараққиёт мулоқоти” мавзусидаги форум бўлиб ўтди. Унда медиа ҳамкорлик тажрибалари ўртоқлашилди. Форум минбаридан, жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг бу борадаги кузатув, тажриба ва таклифлари ҳам янгради. Унда шундай дейилади.
Фарғона вилояти асрлар давомида турли миллат, тил ва маданият вакиллари бирга яшаб келаётган бетакрор Фарғона водийсининг муҳим ҳудудларидан биридир. Вилоятда нисбатан кичик ҳудудда турли миллатлар, тиллар ва маданиятлар вакиллари узоқ йиллар давомида аҳил ва ҳамжиҳат яшаб келмоқда.
Фарғона водийсидаги давлат чегаралари ҳудудларни ажратиб туради, аммо тарихий, маданий ва инсоний ришталарни ажрата олмайди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг миллионлаб аҳолиси бугунги кунда ҳам қариндошлик, иқтисодий ва маданий алоқаларни давом эттириб келмоқда.

Шунинг учун ҳам минтақамиз оммавий ахборот воситалари учун маданиятлараро мулоқот ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш кундалик касбий фаолиятнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Кўп жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли чегарадош ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Савдо-иқтисодий алоқалар фаоллашди, қўшма маданий лойиҳалар амалга оширилмоқда, гуманитар ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда, транспорт инфратузилмаси изчил ривожланмоқда.

Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ўзаро ишонч, ҳурмат ва қўшни давлатлар ҳақида холис тасаввурни шакллантиришнинг муҳим воситасига айланди. Фарғона водийсидаги ҳудудий оммавий ахборот воситалари бугунги кунда бир қатор йўналишларда самарали фаолият олиб бормоқда.
Энг аввало, инсон тақдири ҳақидаги ҳикояларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда.
Биз кўпинча имзоланган келишувлар, расмий ташрифлар, ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари ҳақида хабар берамиз. Бироқ энг катта қизиқиш ва таъсир аниқ инсонлар ҳақидаги материалларда намоён бўлади.
Фарғона вилояти телевидениеси, интернет нашрлари ва газеталари чегара ўтиш пунктлари очилгандан кейин ўнлаб йиллик ажралишдан сўнг эркин равишда бир-бирини зиёрат қилиш имконига эга бўлган оилалар ҳақида, шунингдек, трансчегаравий савдони ривожлантираётган тадбиркорлар ҳақида мунтазам материаллар тайёрламоқда. Бундай ҳикоялар яхши қўшничилик ва ҳамкорликнинг амалдаги натижаларини яққол намоён этади.

Замонавий журналистика аллақачон анъанавий босма матбуот доирасидан чиқиб кетган. Фарғона вилояти таҳририятлари ижтимоий тармоқлар, мультимедиа платформалари, видеоконтент, подкастлар ва интерактив лойиҳаларни фаол ривожлантирмоқда. Уларда ҳам халқларимиз маданиятини кенг тарғиб қилиш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг ижобий кун тартибини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, минтақа таҳририятлари қўшма фестиваллар, ҳунармандлар кўргазмалари, спорт мусобақалари, ёшлар форумлари ва чегарадош туманлар вакиллари учрашувларини мунтазам ёритиб бормоқда. Бундай материаллар қўшни давлатларнинг ижобий қиёфасини шакллантиришга ҳамда ҳамкорликнинг одамлар ҳаётига келтираётган амалий фойдасини кўрсатишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, бундай ҳамкорликнинг имкониятлари ҳали тўлиқ ишга солингани йўқ. Менинг назаримда, яна бир нечта истиқболли йўналишлар мавжуд.
Биринчидан, қўшма журналистик лойиҳаларни ривожлантириш катта истиқболга эга.
Замонавий рақамли технологиялар турли мамлакатлар таҳририятларига катта молиявий харажатларсиз ҳамкорликда мультимедиа материалларини тайёрлаш имконини бермоқда. Чегарадош ҳудудлар ҳаёти, кичик бизнес ривожи, ёшлар ташаббуслари, экология ёки маданий меросни асрашга бағишланган қўшма репортажлар жуда қизиқарли формат бўлиши мумкин.

Бундай лойиҳалар аудиторияга минтақадаги аҳолини бирлаштириб турувчи умумий жиҳатларни кўриш имконини беради.
Иккинчидан, кўп тилли контентни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Фарғона водийси азалдан тиллар хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Бугун рақамли технологиялар материалларни бир вақтнинг ўзида бир нечта тилда тайёрлашни анча осонлаштирди. Булар икки тилдаги интервьюлар, субтитрли видеолар, қўшма подкастлар, инфографикалар ёки бир нечта мамлакат аудиториясига мўлжалланган махсус лойиҳалар бўлиши мумкин.
Учинчидан, умумий тарихий-маданий меросга бағишланган журналистика алоҳида аҳамиятга эга.
Фарғона водийсининг бениҳоя бой тарихи мавжуд. Бизни Буюк Ипак йўли, олимлар ва мутафаккирлар, анъанавий ҳунармандчилик, мусиқа санъати, меъморчилик, миллий таомлар ва умумий маданиятимизнинг бошқа кўплаб элементлари бирлаштириб туради.
Бу мерос ҳақида рақобат нуқтаи назаридан эмас, балки бутун минтақага тегишли умумий бойлик сифатида сўзлаш муҳимдир. Ана шунда у маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тўртинчидан, Марказий Осиё журналистлари ўртасидаги касбий ҳамкорликни янада кенгайтириш зарур.
Қўшма медиа-форумлар, стажировкалар, тажриба алмашиш, жамоавий лойиҳалар ва эксперт майдончалари фаолияти ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ягона касбий маконни шакллантириш имконини беради.

Алоҳида равишда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг касбий масъулияти масаласига тўхталмоқчиман.
Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатадики, айниқса, чегара мавзуси бўйича материаллар тайёрлашда ниҳоятда эҳтиёткор ва мувозанатли ёндашув талаб этилади.
Ахборотни синчиклаб текшириш, турли фикрлар мувозанатини сақлаш, адоват тилидан воз кечиш ва холисликка интилиш жамоатчилик ишончини сақлашнинг энг муҳим шартларидир. Ҳудудий оммавий ахборот воситалари конструктив ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилиши лозим.
Бугун жамиятларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч муҳити кўп жиҳатдан ҳудудий журналистика фаолиятига боғлиқ. Биз қўшма ютуқлар, инсон тақдирлари, маданий мерос ва ҳамкорликнинг муваффақиятли мисоллари ҳақида ҳикоя қилиш орқали нафақат аудиторияни хабардор қиламиз, балки Марказий Осиёда барқарорлик ва яхши қўшничиликнинг мустаҳкам асоси бўлган ишонч муҳитини ҳам шакллантирамиз.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири
ШҲТ га аъзо давлатлар журналистларининг Бишкек медиафорумидан.