Самарқанд саммитида кўтарилган ташаббусга бир назар
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитида муҳокама этилган долзарб масалаларга маҳаллий ва хорижий мутахассислар, экспертлар томонидан муносабат билдириш ҳали-ҳануз давом этмоқда.
Дарҳақиқат, ушбу халқаро тадбирда аниқ мақсад ва манфаатни мужассам этган 44 тарихий ҳужжат қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дунё ҳамжамияти олдида турган иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурслар етишмаслиги сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Рости, бугун ер юзида атроф-муҳит жуда ифлосланиб, экология ачинарли ҳолатга келиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбари экологик таҳдид ва хатарлар ортиб бораётган бир пайтда Орол денгизи экологик фожеаси ҳалокатли оқибатини бартараф этиш устувор вазифамиз эканини таъкидлади. Шу муносабат билан ШҲТ ҳузурида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар, эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган Иқлим кенгашини тузиш таклифини киритди.
Ушбу механизм “яшил” тараққиёт, чўлланиш ва тупроқ таназзулига қарши курашиш, экологик лойиҳалар, жумладан, Оролбўйи учун инновацион ечим ва молиявий маблағ жалб қилишга кўмаклашади.
Зеро, бугунги кунда ҳеч бир давлат қанчалик иқтисодий ривожланишга эга бўлмасин, якка ҳолда экологик вазиятни яхшилаш тугул, юмшатиш имконига ҳам эга эмас. Бунинг учун, албатта, давлатлар ишни ҳамжиҳат, ҳамкор бўлиб ташкил этишлари лозим.
Мамлакатимиз етакчиси жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози юз бериши тобора ойдинлашиб келаётгани, бу борада ШҲТ доирасида фаол ҳамкорлик қилиш тақозо этилишини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш ва келгуси йили Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклифини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан Саммит доирасида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг учта – иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда энергетика хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги баёнот имзоланди.
Шунингдек, ШҲТ мамлакатлари ваколатли идоралари ўртасида ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, ШҲТ мамлакатларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлиги дастури, ШҲТга аъзо давлатлар тиббиёт ташкилотлари ўртасида юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш масалаларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”, ШҲТ мамлакатларининг “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси қабул қилинди.
Экологик муаммоларга эътибор қаратиш моҳиятидан келиб чиқиб, Самарқанд саммити иштирокчи-давлатлари етакчилари Ўзбекистон раҳбарияти ташаббусини қўллаб, «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида дарахт экиш тадбирида қатнашгани чуқур маъно касб этади.
Зеро, шарқ халқлари қадриятида дарахт экиш хайрли иш, деб баҳоланади. Давлат раҳбарларининг биргаликда яратилажак боғи ҳам ШҲТ мамлакатлари дўстлиги, яхши қўшничилиги, тараққиёти ва равнақи сари муштарак интилиш рамзи сифатида қабул қилинади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қабул қилинган экологияга оид қонун ва қонун ости ҳужжатлари
Президентимиз томонидан Иқлим кенгашини тузиш таклифи илгари сурилиши бежиз эмас. Ўзбекистонда 2017-2022 йилларда табиий муҳит ва экологияга оид 40 га яқин қонун, қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслар, жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни, Президентнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ва “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидан.
Президентнинг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган “2022- 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг 79-81-мақсадлари Аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ва ўрмон майдонларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт экиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ташаббусига мос тарзда республиканинг 10 ҳудудида аэробиологик мониторинг тизимини йўлга қўйиш, маиший чиқиндини юз фоиз йиғиш, қайта ишлаш даражасини 2026 йилга қадар 21 фоиздан 50 фоизга етказиш, Республика бўйича 51 ер усти табиий сув объекти (дарё, кичик дарё ва табиий кўллар)нинг санитария-муҳофаза зоналари ва соҳил бўйи минтақаларини белгилаш ишларини якунлаш, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдон барпо этиб, 2026 йил якунига қадар яшил ер умумий ҳажмини 2.5 миллион гектарга ёки жами ҳудуднинг 78 фоизига етказиш, Орол бўйида халқаро «Яшил иқлим» ва Глобал экологик жамғармаларнинг биологик хилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, шаҳар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун «жамоат парклари» ташкил этиш, Орол бўйи минтақасида яшовчи аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, Ўрмон фондининг тоғли ва тоғ олди ҳудудлари плантацияларини барпо қилиш, чўл ҳудудларида ўсимликларни кўпайтириш, ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, Давлат ўрмон фонди ерида ўрмондан фойдаланиш, ўрмон фондини кенгайтиришни тартибга солиш, Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш каби долзарб, ўта муҳим масалаларни қамраб олган ҳужжатларни таъкидлаш керак.
Давлатимиз раҳбарининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиб, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди, 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «яшил боғлар» барпо этиш дастури ва 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда янги ҳамда маданият ва истироҳат боғлари негизида ташкил этилаётган «яшил жамоат парклари» рўйхати тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан “2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастури” тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат билан республикада “Атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг Ягона геоахборот маълумотлар базаси” яратилгани таъкидланиб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Гидрометеорология хизмати маркази ва Фанлар академияси Атроф табиий муҳит давлат мониторинги бўйича идоравий электрон ахборот маълумотлар базаси Ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинди.
Бугунги кунда Конституциямизга фуқароларнинг экологик ҳуқуқини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши тўғрисидаги нормаларни киритиш масаласи муҳокама қилинаётгани, фуқароларнинг экологик ҳуқуқи ва мажбуриятини белгилаш, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласига жиддий эътибор берилаётганидан дарак.
Шунингдек, экологияга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва ихчамлаштириш, экология ва табиий муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун ва қонун ости ҳуқуқий ҳужжатларини ўзида бирлаштирган Экологик кодексни яратиш устида жадал иш олиб борилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Экология оид долзарб қонун ҳужжатларини қабул қилиш яхши, лекин бу ҳужжатларнинг ижро механизмини яратиш ва амалга ошириш жуда мураккаб жараён ҳисобланади.
Юртимизда атроф-табиий муҳит муҳофазаси бўйича
олиб борилаётган ишлар
Алоҳида қайд этиш лозим, 2019-2020 йилда ўтказилган “Бир миллион дарахт” акцияси давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жами уч миллион 800 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган бўлса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экиш белгилаб қўйилди.
Ўтган куни, яъни 11 октябрда Юртбошимиз иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши ҳам қайта кўриб чиқилди.
“Яшил макон” доирасида йил якунига қадар 75 миллион дона ва 2023 йил баҳорда яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчат ўтқазиш вазифаси қўйилди.
Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилинди.
Аҳоли хонадонларида, дала четларида кўпроқ мевали дарахт ва сабзавот экишни фаол тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.
“Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимиз маданиятига айланиши лозим”, деди Президент.
Вилоят ҳокимларига куз мавсумида кам таъминланган 500 минг хонадонга 10 тупдан мевали дарахт кўчатини бепул тарқатиш вазифаси топширилди.
Бир неча йил аввал давлатимиз раҳбари ташаббуси доирасида БМТ шафелигида Орол бўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилганини эслатмоқ жоиз. Президент ҳузурида Орол бўйи халқаро инновация маркази, Орол бўйида инновацияни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида муҳофаза ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда.
Орол фожиасидан азият чеккан ҳудуд аҳолиси ҳаётини яхшилаш, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатини юмшатиш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида улкан ишлар бажарилди.
Мутахассислар таъкидлашича, 42 йил давомида ҳаммаси бўлиб 400 минг гектар майдонга саксовул экилган бўлса, 2018-2019 йиллар давомида, яъни қиш-баҳор мавсумида қарийб 500 минг гектарда муҳофаза ўрмонзорлари барпо этилди.
Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун ўрмон хўжаликлари томонидан икки минг тонна уруғ, жумладан, 1.5 минг тонна саксовул, 300 тонна қандим, 150 тонна қорабуроқ ва эллик тонна чўл озуқаси ўсимликлари уруғи жамғариш, 100 миллион донадан зиёд саксовул кўчати тайёрлаш, юз километр масофада қумни зичлаш, шунингдек, чўлланишга қарши кураш бўйича хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу тадбирлар натижасида яқин йиллари Орол бўйида экологик ҳолатни барқарорлаштириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, бандликни ошириш, чорвачиликни ривожлантириш учун замин яратилади.
Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, туман марказида 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зали, ёпиқ бассейн қурилди, маданият маркази ва стадион, "Бозатау" овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди.
Энг долзарб экологик масалалардан бири - чиқиндини қайта ишлаш муаммосини бартараф қилиш мақсадида тез орада Давлат экология қўмитаси билан Корея Республикаси “Sejin G&E Со., Ltd.” компаниясининг “Тошкент вилояти “Оҳангарон” ва “Майдонтол” маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳаси юзасидан шартлашилганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Таклифлар
Бугунги кунда юртимизда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликдан оқилона фойдаланиш, ресурсларни қайта тиклаш, инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини камайтириш соҳасида тизимли давлат сиёсати юритиш, ушбу йўналишни «коррупциясиз соҳа»га айлантиришда жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик катта аҳамиятга эга.
Ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган ҳудудда атмосфера ҳавоси тозалиги, дарахтларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, маиший чиқиндини белгиланган жойга ташлашга бефарқ бўлмаса, ҳар қандай қонун бузилиши ҳолати тўғрисида тегишли ваколатли идораларга хабар берса, албатта, амалий натижага эришилади.
Шунингдек, давлат ва хусусий шерикликни фаол жалб қилган ҳолда маиший чиқиндини тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида ҳам тизимли ишларни амалга ошириш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқуви мажбурийлиги белгилаб қўйилган. Бу норма талаблари бажарилиши тўлиқ таъминланиши аҳолининг экологик саводхонлигини юксалтириш, экологик тарбия ва тарғиботни кучайтириш, олий таълим муассасаларида экология бўйича мутахассислар тайёрлаш кўламини кенгаштириш, эколог-педагог, эколог-юрист, эколог-муҳандис, экотехнолог каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланишига ҳамда мулкчилик шаклидан қатьи назар барча давлат идоралари ва муассасаларда, хусусий корхона ва ташкилотларда эколог лавозими жорий этилиши бу лавозимга тайинланган муносиб эколог-кадрлар атроф-табиий муҳитга ва фуқаролар соғлигига зарар етказилиши мумкин бўлган долзарб муаммолар ечимига хизмат қилади.
Кутилаётган натижалар хулоса ўрнида
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда ШҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот бўлиб, тузилмага аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғи, дегани, ШҲТ мамлакатларининг умумий аҳолиси 3.2 миллиард киши, бу - дунё аҳолисининг, қарийб, ярми. Ташкилот 8 доимий аъзо, тўрт кузатувчи ва тўққиз мулоқот бўйича шерик давлатни бирлаштирган. 21 мамлакатдан иборат “ШҲТ катта оиласи” уч қитъа – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олган. Кейинги йилларда бошқа мамлакатларнинг ушбу тузилма билан у ёки бу форматда ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиши тобора ўсиб бораётганини эътиборга олсак, Президентимиз ташаббуси билан ушбу ташкилот ҳузурида тузиладиган Иқлим кенгаши қандай улкан имкониятларга эга бўлишини тасаввур қилиш мумкин.
Ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбарининг экологияга оид таклифлари бугунги экологик муаммоларни зудлик билан ҳал қилишга, нафақат ШХТга аъзо давлатлар, балки бутун дунё ҳамжамияти эътиборини ўта муҳим экологик муаммоларга ҳамкорликда ечим топишга, кутилган-кутилмаган табиий офатларнинг олдини олиб, келажак авлодга барқарор табиий муҳит ва экологик тизимни етказишга хизмат қилади.
Ўктам ҲАМРАЕВ,
юридик фанлар бўйича
фалсафа доктори (PhD), доцент