ШҲТ фаолиятида Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлиги
Маълумки, ўтган йил сентябрь ойида Хитой Халқ Республикаси 2024-2025 йилларда ШҲТ раислигининг устувор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот бериб, сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, маданий-гуманитар йўналишлар бўйича муҳим стратегик вазифаларни баён қилган эди.
Раислик доирасида режага мувофиқ, 100 дан зиёд тадбир ўтказилиши назарда тутилган. Бу жараён нафақат ШҲТ майдонида шаклланган анъанавий йўналишлар, балки ички, минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, ўзаро боғлиқлик занжири, инновация, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, “яшил” тараққиётни молиялаштириш, рақамли трансформация каби янги, бугунги кун талабига мос соҳаларни ривожлантириш мақсадини ҳам қамраб олган.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил қилинган “ШҲТ ҳаракатда: Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи” мавзусидаги давра суҳбатида Олий Мажлис депутатлари, вазирлик, идоралар масъуллари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, Хитойнинг бир неча илмий ва олий таълим муассасалари экспертлари, аъзо давлатларнинг юртимиздаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, республика олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда ШҲТга раислик доирасида ўтказиладиган қатор тадбирлар юзасидан маълумот берилди, Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги истиқболи муҳокама қилинди.
Марказ директори Қобилжон Собиров Ўзбекистон – Хитой алоқалари ривожида Президент Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин ўртасидаги ишончли муносабат ҳал қилувчи омил эканинини таъкидлади.
ХХРнинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ШҲТга раислик борасидаги режалар, амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов сўнгги йилларда Хитой билан парламентлараро алоқалар жадал ривожланиб, қонунчилик фаолияти бўйича фаол алмашинув йўлга қўйилганига эътибор қаратди.
Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Н.Убайдуллаев мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири бўлган ШҲТ очиқ, прагматик ва кенг кўламли ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик йўлини давом эттириш учун ҳар қачонгидан кўра зарурроқ кўп қиррали платформа сифатида намоён бўлаётганини айтиб ўтди.
ШҲТнинг Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси Бош котиби Цзю Хунбо хитойдан онлайн видеомурожаат йўллади.
Маърузачилар икки давлат муносабати барқарор ривожланаётгани, томонлар юқори даражадаги ташрифлар ҳамда ШҲТ доирасидаги мулоқотларда минтақавий ва халқаро майдонда содир бўлаётган ихтилофларнинг олдини олиш борасида изчил ҳамкорлик ўрнатгани тўғрисида сўз юритишди.
Тадбир якунида миллатлараро тотувлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, дўстона алоқани мустаҳкамлаш, ўзаро муносабатда халқ дипломатияси механизмидан кенг фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, икки давлат ўртасидаги тарихий илдизи асрларга бориб тақаладиган муносабатлари ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Минтақаларни бир-бирига боғлаган, ўзаро маданий алмашинувни таъминлайдиган Буюк Ипак йўли бугунги кунда янгича аҳамият касб этиб, ўз йўналиши бўйлаб мамлакатлар ва халқлар ўртасида иқтисодий, маданий-гуманитар кўприкка айланмоқда.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА