ШҲТ доирасидаги электрон савдода Ўзбекистон улуши ортмоқда
2023 йилда Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой–Марказий Осиё” мақомидаги давлат раҳбарларининг учрашувида ўзаро ҳамкорлик декларацияси имзоланган эди. Ўшандаёқ Циндаодаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг иқтисодий ҳудудида “Буюк ипак йўли”нинг электрон савдо хизмати ташкил этилди. Ўтган қисқа вақт ичида унинг электрон майдони ва ахборот базасидан фойдаланувчи мамлакатлар сони 31 тага етди. Ўзбекистон эса электрон савдо ҳажмини фаол ошираётган мамлакат сифатида қайд этилди.
Яна бир рақам. 2024 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айланмасининг 51 фоизи айнан Циндаодаги электрон савдолар маркази орқали қайд этилган. Бу эса салкам 300 миллиард долларни ташкил қилади.



“Буюк ипак йўли” электрон савдо маркази йирик бирикма бўлиб, унинг таркибида савдога қўйилган товарлар кўргазмаси, 6,8 млн тонна сиғимга эга омборлар ва транспорт – логистика мажмуаси мавжуд. Масалан, Циндаодан Москвага йўл олган юк транспортлари энг қисқа вақт – 7 кунда манзилга етиб боради. Ҳолбуки оралиқ масофа 9 минг километрни ташкил этади. Лекин юклар Циндаодаги электрон савдо марказида божхона текширувидан ўтказилиб тўхтовсиз ҳаракат рухсатномасини олади. Шунинг учун улар ёқилғи қуйиш учунгина тўхтайди холос. Бундай тезлик темир йўл билан рақобатлаша олади.



– Автотиркамаларимиз электрон савдо харидорлари бўлган Россия, Белaрус, Арманистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон каби ўнлаб мамлакатлардаги мижозларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди логистик компания менежери Чен Чжен. – Ортга қайтишда мева, гўшт ва саноат маҳсулотларини олиб келишади. Шу йил 17-18 июль кунлари Циндаода ўтадиган ЭКСПО кўргазмасидан сўнг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг электрон савдо маркази тизимида қайд этиладиган Ўзбекистон улуши янги маҳсулотлар ҳисобига янада ортиши кутилмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА