Таҳлилларга кўра, мактаблардаги таълим сифати ҳали талаб даражасига чиққани йўқ. Масалан, 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.
Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммодир. Мазкур муаммоларнинг олдини олиш мақсадида хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш борасида бир қанча чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда аксарият ёшларнинг кўпчилигида четга кетиб ишлаш фикри ўрнашиб қолгани, улар ўз Ватани, яқинлари олдида туриб ҳам даромад топиш имкониятлари ҳақида ҳатто бехабар эканини қайд этди.
– Биласиз, бугун хорижий тил халқаро сертификатини олган ёшларнинг имтиҳон харажатлари давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилмоқда, – дейди Шерзод Шерматов. – Инглиз тилини биладиганларга эса IT-сертификат олиш харажатлари ҳам 100 фоиз тўлаб берилади. Афсуски, бу имкониятлардан фойдаланаётган ёшлар кўп эмас. Ўзбекистонга чет элнинг йирик компаниялари кириб келиши учун барча имкониятлар яритилган. Компаниялар юртимизга киришга қизиқиш билдиряпти ва киряпти. Бугуннинг ўзида ана шундай компанияларда фаолият юритиб, 4-5 минг АҚШ доллари миқдорида маош олаётган ёшларимиз бор. Чет мамлакатларда ҳам Ўзбекистоннинг IT имкониятлари тарғиб қилинмоқда. Улар юртимизга кириб келганидан сўнг эса бизга чет тилларини мукаммал биладиган ёшлар керак. Аҳамиятли томони, IT экспорти компанияларида ишлаш учун фақатгина дастурчи бўлиш шартмас, бошқа кўплаб масофадан кўрсатиш мумкин бўлган хизматлар бор. Бу жуда имконияти кенг соҳа, ушбу компанияларда ишлаш учун чет тилини билиш, бироз салоҳият ва ҳаракат кифоя.
Вазирнинг сўзларига кўра, бугуннинг ўзида чет тилини юқори даражада биладиган 10 минг нафар ёшга эҳтиёж бор. Йил охиригача бу эҳтиёж 70 мингдан ошиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА