Жорий йил 24 майда давлатимиз раҳбарининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан адлия органларини халққа янада яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бу қандай чоралар? Ушбу саволга Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев жавоб берди:
– Аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар фармонда белгилаб берилди.
Зеро, Янги Ўзбекистонда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар замирида давлат органларини халқчил тузилмага айлантириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадлари мужассам.
Бунинг учун барча давлат органлари кўпроқ одамлар орасида, маҳаллаларда бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини биргаликда ҳал этишга интилиши жуда муҳим.
Мазкур омил айниқса, адлия идоралари фаолиятида энг устувор йўналишга айланиши янада аҳамиятли. Чунки туғилишдан тортиб, ҳаётнинг барча муҳим жабҳаларида одамлар адлия органларига мурожаат қилади, уларнинг ҳаракатига қараб давлат сиёсатига қараб баҳо беради.
Давлатимиз раҳбарининг адлия органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган фармони том маънода адлия органларини халқчил тузилмага айлантиради.
Мазкур ҳужжат қабул қилинишидан аввал унда назарда тутилган деярли ҳар бир норма экспериментдан ўтказилди. Хусусан, «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси ўтказилиб, 116 мингдан ортиқ фуқарога турли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди. Мингдан ортиқ маҳаллада ҳуқуқий муаммолар ўрганилди, сайёр қабуллар ташкил қилинди.
Ўрганишлар, таҳлиллар натижасида фармон билан адлия органлари фаолиятида жуда катта ўзгаришлар, шунингдек, аҳолига қўшимча енгиллик ва қулайликларни жорий этиш назарда тутилди.
Шу асосда аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида муаммоларни ҳал қилишда «фуқаро – маҳалла – адлия» тизими жорий этилмоқда.
Бунда, аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммолар «маҳалла еттилиги» орқали онлайн маҳалла платформасидан фойдаланган ҳолда адлия органларига етказилади. Адлия органлари ходимлари мазкур муаммолар ечимлари бўйича ҳуқуқий тадбирлар, қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқади. Шу орқали «маҳалла еттилиги»га фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб боришга кўмаклашилади.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири – бу ҳуқуқий маданиятнинг юқорилиги ҳисобланади. Шу боис, фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда.
Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий тарғибот материаллари тайёрланади ҳамда мазкур материаллар горизонталь ва вертикаль тартибда давлат органларининг энг қуйи бўғинигача Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали юборилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мавжуд муаммолар, қонунчиликдаги бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш бўйича таклифларини Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали Адлия вазирлигига киритади. Вазирлик томонидан муаммо ва таклифлар ўрганилиб уларни бартараф қилиш чоралари кўрилади.
Бу борада асосий мақсад – ҳуқуқни турлича қўллашни бартараф этиш, намунавий иш юритиш тизимига эришиш ҳисобланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ylnWoXVzF3Q" title="Sherzod Rabiyev: “Fuqaro – mahalla – adliya” tizimi joriy etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Н.Абдураимова, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА