Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов навбатдаги брифингдан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Хусусан, Самарқандда 11 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик ҳақида айтиб ўтилди.
– Саммитга ташкилотга аъзо барча давлат раҳбарлари ўз иштирокини тасдиқлаган. Бу саммитнинг бошқаларидан фарқи шундаки, Ўзбекистон Республикасининг ташкилотдаги раислигини бошлаб беради. Унда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сиёсий масалалар муҳокама қилинади, – деди Президенти матбуот котиби.
Шундан сўнг Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қурол-яроғ сақланадиган омборлардан биридаги портлаш ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.
– Бундай техноген характерга эга ҳодисалар тўғрисида Президентимизга зудлик билан хабар берилади. Ўша куни ҳам бу ҳақида ахборот берилганидан кейин воқеа жойига масъуллардан иборат ишчи гуруҳи юборилди. Улар, биринчи навбатда, ҳудуддаги талафотлар таҳлили билан шуғулланди. Бундан ташқари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев бошчилигида махсус комиссия тузилиб, бўлган талафотларни тез кунларда бартараф этиш бўйича иш бошланди.
Биринчи навбатда, бинолардаги синган дераза ойналари, зарар кўрган кичик ва ўрта бизнес вакиллари ишини яна қайта йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Умуман олганда, фаол ҳаракатлар натижасида охирги 1 сутка ичида 10 минг квадрат метрдан зиёд ойналар жойларга етказиб берилди. Зарар кўрган биноларнинг томлари таъмирланди.
Воқеа туфайли 17 киши жароҳатланган эди. Ҳозир касалхоналарда жароҳатланган 7 нафар ҳарбийга тиббий хизмат кўрсатиляпти.
ОАВ ва блогерлар томонидан турли саволлар кўпайяпти – якка портлаш нима дегани ўзи? Якка портлаш – кейинчалик ҳеч қандай детонация бермаган портлашдир. Яъни ҳодиса бўлган омбор XX асрнинг 40-йилларида қурилган бўлиб, илгари техник қоидаларга кўра бундай омборларда катта қурол-яроғ сақланар эди. 2016 йилдан сўнг Президентимиз топшириғига кўра, барча омборлар реконструкция қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда.
Барча объектларда жаҳон стандартларига кўра, инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Натижада портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилишининг олди олинади.
Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлган ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талафот бўлмади. Портлаш тўлқини туфайли асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган.
Бу ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Бунга сабаб бўлган омиллар инобатга олиниб, кенг жамоатчиликка эълон қилинади. Ушбу ҳолат Президентимиз назоратидаги масаладир, – деди Шерзод Асадов.
ЎзА