“Шероз қалъа”га “жон” киради
Булунғур туманидаги “Шероз қалъа” археологик ёдгорлиги негизида янги туризм йўналиши ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ва Булунғур тумани ҳокимлиги соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган ва айни пайтда археологик ёдгорлик сифатида сақланиб қолган “Шероз қалъа” тепалигида қадимий шаҳарча кўринишини яратиш ва уни янги сайёҳлик йўналиши сифатида тақдим этиш устида иш олиб бормоқда.

Лойиҳа доирасида “Шероз қалъа” ҳудуди тарихий-меъморий қиёфасини сақлаган ҳолда реставрация қилиниб, Амир Темур даври муҳитини акс эттирувчи очиқ осмон остидаги тарихий-маданий мажмуага айлантирилади. Қадимий шаҳарча концепцияси асосида ҳудудда ўша даврга хос меъморий элементлар, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда тарихий саҳналарни намойиш этиш учун махсус майдонлар ташкил этилади. Амир Темур даврига оид лашкарлар юриши, хон қабули, ҳарбий машғулотлар, сарой маросимлари каби театрлаштирилган томошалар уюштирилади ва сайёҳлар учун намойиш қилинади.

Бундан ташқари, археологик ёдгорлик атрофидаги маҳаллада миллий услубдаги меҳмон уйлари, анъанавий таомлар тақдим этиладиган овқатланиш шохобчалари, ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси, фольклор ва маданий дастурларни намойиш этиш учун майдонлар барпо этилиб, ҳудудга “туризм” қишлоғи мақомини бериш кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши билан “Шероз қалъа” Самарқанд вилоятидаги муҳим туристик масканлардан бирига айланади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА