Шеърият мухлислари учун туҳфа...
Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева ҳали учинчи синфда ўқиб юрган қизалоқ чоғидаёқ атоқли шоиралар ҳузурида шеър ўқиб, уларнинг таҳсин ва олқишларига сазовор бўлган.
Нафис сўз оламидаги йўли ана шу тарзда, ажабтовур бир ҳолда бошланган. Устоз шоиранинг «Шабнам» деб номланган илк шеърлар тўплами 1970 йилда чоп этилган. Мана, эллик йилдан ортиқроқ вақтки, ижодкорнинг шеърлари ўзбек шеърияти чаманзорини янада яшнатиб, янада рангин, янада ифорли этиб келаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, унинг шеърларида кўклам тонгининг шабнами титраб тургандек... Янги нашр этилган ушбу китобга шоиранинг шеър, достон, қасида, устозлар ёди, бадиалар ҳолида жамланди.
Шеърий тўплам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилди. Китобга масъул муҳаррирлар Иброҳим Ғафуров, Ғайрат Мажид. Шеърларни Фароғат Худойқулова, Ҳосият Ҳакимова тўплаб, кўчириб нашрга тайёрлади. Шоиранинг ижоди акс этган мазкур тўплам «Шарқ» нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.
ЎзА