«Шеърият давраси» адабий тадбири ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан бошланган «Хонатлас-2024» маърифий лойиҳаси мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқлари, маҳаллалари, олий таълим даргоҳлари, меҳнат жамоаларида фаол давом этмоқда.
Мазкур фестиваль муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида миллий либослар байрами ҳамда «Шеърият давраси» адабий тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, таниқли шоира Фароғат Худойқулова, адиба Дилфуза Қаршибоева миллий анъана ва қадриятларимиз бардавомлигини сақлаш мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Мушоирада жонажон Ўзбекистонимиз, мустақиллигимиз, меҳр-муҳаббатни улуғловчи шеърлар янгради.
«Хонатлас» маърифий фестивалига Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида меҳнат қилаётган заҳматкаш опа-сингилларимиз ҳам қўшилгани эътиборга моликдир.


Шу кунларда зиё масканида миллий анъана ва қадриятларимизнинг аҳамияти, уларнинг бардавомлигини таъминлаш борасида тақдимотлар, шеърият кечалари бўлиб ўтмоқда. Бу каби тадбирлар бебаҳо қадриятларимизнинг моҳиятини ёш авлодга тўғри тушунтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА