Шеърият бирлаштирган икки халқ
Ўзбек ва тожик халқлари асрлар давомида бир жуғрофий кенгликда, ягона маданий ва маънавий маконда ёнма-ён яшаб, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаб келган.
Бу икки халқнинг адабий-маданий алоқалари наинки минтақамиз, балки жаҳон адабиёти тарихида ҳам камёб ҳодиса — икки тилда ижод қилиш, бир-бирининг маънавий оламини бойитиш ва адабий анъаналарни муштараклаштиришга асосланган ўзига хос феноменни юзага келтирган.
Ўзбек ва тожик адабий ҳамкорлигининг илдизлари, аввало, зуллисонайнлик – икки тилда ижод қилиш анъанасига бориб тақалади. Асрлар давомида шаклланган бу анъана икки халқ адабиётини бир-бирига яқинлаштириб, уларнинг бадиий тафаккури ва маънавий дунёсига улкан таъсир кўрсатди. Икки тилни бирдек эъзозлаган ижодкорлар эса халқлар ўртасида ўзига хос маънавий кўприк вазифасини бажардилар.
Бу адабий яқинликнинг энг юксак чўққиларидан бири XV асрдаги Ҳирот адабий муҳитида намоён бўлди. Тожик мумтоз адабиётининг буюк вакили Абдураҳмон Жомий ва ўзбек адабиётининг улуғ сиймоси Алишер Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик, дўстлик ва ижодий ҳамкорлик муносабатлари жаҳон адабиёти тарихида ҳақиқий адабий дўстлик тимсоли сифатида эътироф этилади. Навоий Жомийни ўзининг маънавий устози сифатида улуғлаган бўлса, Жомий ҳам Навоийнинг туркий тилдаги бадиий салоҳияти ва адабий ютуқларига юксак баҳо берган. Бу икки буюк алломанинг ижодий мулоқоти икки адабий тил ва икки халқ маданиятининг бир-бирини бойитишида беқиёс аҳамият касб этди.

Зуллисонайнлик анъанаси кейинги асрларда ҳам изчил давом этди. Бобораҳим Машраб, Нодира, Увайсий сингари кўплаб ижодкорлар ўзбек ва тожик тилларида бирдек гўзал асарлар яратди. Бу эса икки халқ адабиёти ўртасидаги табиий яқинликни янада мустаҳкамлади. Энг муҳими, адабий муштараклик халқларнинг бир-бирини таржимонсиз англаши, бир-бирининг сўзи ва туйғуларини бевосита ҳис қилиши учун мустаҳкам замин яратди.
ХХ аср бошларига келиб ўзбек ва тожик адабиёти янги тараққиёт ва модернизация босқичига қадам қўйди. Жадидчилик ҳаракати, миллий уйғониш ғоялари ва кейинчалик ягона ижтимоий-маданий макон ҳар икки халқ ижодкорларини янада яқинлаштирди. Самарқанд ва Бухоро каби қадимий шаҳарлар эса икки халқ адабий ҳаёти туташган муҳим маънавий марказларга айланди.

Замонавий тожик адабиёти асосчиларидан бири Садриддин Айнийнинг ижодий фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. У тожик адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшиш билан бирга, ўзбек адабиёти ва матбуоти ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Айнийнинг ўзбек тилидаги ижод намуналари, Самарқанд ва Бухоро адабий муҳити билан узвий алоқалари икки халқ адабиётининг қанчалик яқин ва муштарак илдизларга эга эканини кўрсатади.
Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йилларда ўзбек ва тожик адабий алоқалари янада фаоллашди. Ўзбек адабиётининг йирик вакили Ғафур Ғулом ҳамда тожик шеъриятининг забардаст намояндаси Мирзо Турсунзода ўртасидаги ижодий мулоқот бу даврнинг ёрқин саҳифаларидан бири бўлди. Улар турли адабий анжуманларда, хусусан, Осиё ва Африка ёзувчилари бирдамлиги ҳаракати доирасида биргаликда фаолият юритди.

Бу даврда адабий таржима ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилди. Абдулла Қодирий, Чўлпон каби ўзбек адабиёти намояндаларининг асарлари тожик тилига, Мирзо Турсунзода, Садриддин Айний ва бошқа тожик ижодкорларининг асарлари эса ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинди. Натижада ҳар икки халқ ўз адабиётининг энг сара намуналарини қўшни халқ тилида ўқиш ва англаш имконига эга бўлди.
Шўролар тузуми парчаланганидан кейинги дастлабки йилларда турли сиёсий ва ижтимоий омиллар туфайли адабий-маданий алоқаларда бироз сустлашиш кузатилган бўлса-да, 2016 йилдан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши ўзбек-тожик адабий ҳамкорлигига ҳам янги руҳ бағишлади.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва халқлар ўртасидаги азалий дўстликни янада мустаҳкамлашга оид саъй-ҳаракатлар натижасида адабий-маданий алоқалар янгича мазмун билан бойиди. Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалларининг муҳташам хиёбонга кўчирилиши, Душанбе шаҳрида эса “Низомиддин Алишер Навоий” номидаги маданият ва истироҳат боғининг барпо этилиши ҳамда у ерда Навоий ва Жомийнинг муҳташам ҳайкаллари ўрнатилиши икки халқ адабий дўстлигининг ёрқин рамзларига айланди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида адабий таржима, китоб нашри ва антологиялар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик янада фаоллашди. Ўзбек ва тожик адабиёти намуналарини бир-бирининг тилига таржима қилиш, уларни антология ва тўпламлар шаклида китобхонларга етказиш борасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбек таржимонлари тожик адабиётининг нодир намуналарини ўзбек тилига ўгириб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этган бўлсалар, Тожикистонда бир қатор моҳир ижодкорлар ўзбек адабиётини тарғиб этиш ва уни тожик китобхонига етказишда фаол иштирок этмоқда.
Самарқанд, Фарғона, Бухоро, Душанбе ва Хўжанд шаҳарларида мунтазам ўтказилаётган “Дўстлик кечалари”, қўшма илмий-адабий конференциялар, ижодий учрашув ва мушоиралар эса бу ҳамкорликнинг намунасидир. Ўзбекистон ва Тожикистон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши ҳам адабий алоқаларнинг институционал асослари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Таниқли ўзбек шоири, адиб ва публицист Шаҳриёр Шавкатнинг таъкидлашича, яқинда Душанбе шаҳридаги “Графика-Принт” нашриётида тожик тилида ўзбек шоирлари шеърларидан иборат “Гулчини шеъри шоирони ўзбек” антологиясининг нашр этилиши ҳам икки қардош халқ ўртасидаги адабий ришталар тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Антологиядан ХХ ва ХХI аср ўзбек шеърияти намуналари тожик тилига таржима қилинган ҳолда ўрин олган. Тўпламда 125 нафар ўзбек шоирининг сара шеърлари жамланган. Улар орасида Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Собир Абдулла, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Зулфия, Ўлмас Жамол, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Матназар Абдулҳаким, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Мирзо Кенжабек, Асқар Маҳкам, Сирожиддин Саййид, Минҳожиддин Мирзо, Салим Ашур, Тошпўлат Ўрхун, Сирожиддин Рауф, Иқбол Мирзо, Ғайрат Мажид, Ботиржон Эргашев, Шоди Отамурод, Фозил Фарҳод, Алишер Боймуродов, Кумуш Абдусаломова, Шаҳриёр, Эркин Ҳожимуҳаммад ва бошқа кўплаб шоирлар бор.
Ушбу тўпламнинг нашр этилиши ўзбек ва тожик ижодкорлари ўртасидаги қапрдошлик, дўстлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини яна бир карра англатади.
Шу муносабат билан 2026 йил 10 сентябрь куни соат 11:00 да Самарқанд вилояти кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Дўстлик мушоираси” номли ижодий учрашув ўтказилади. Унда уюшма бўлимининг Тожик адабиёти шўъбаси вакиллари ҳамда ижодкорлар иштирок этиб, мазкур антологиянинг адабий аҳамияти, икки халқ шеъриятининг муштарак жиҳатлари ва бугунги адабий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашади.
Н.Усмонова,
ЎзА